18 ёшли қизнинг вафотидан кейин Намангандаги барча аттракционлар кўрикдан ўтказилади

Жамият

image

Аввалроқ, Наманган шаҳридаги истироҳат боғларидан бирида 18 ёшли қиз аттракционни синовдан ўтказиш вақтида темир трубага урилиб, вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

Истироҳат боғдаги мазкур фожиадан сўнг Наманган вилояти ҳокимлиги баёнот берди ва вилоятдаги барча аттракционлар текширувдан ўтказилишини маълум қилди.

"Наманган вилояти ҳокимлиги 2019 йил 30 сентябрь куни Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғида қурилиши тўлиқ битказилмаган “Spin block” аттракционига синовдан ўтказилаётган вақтда рухсатсиз чиқиб олиши натижасида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмган 18 ёшли Э.Х. оиласига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Фожиа қурбони бўлган ёш қиз, боғдаги сув ҳавзаси қутқарувчиси сифатидаги иш жойини ташлаб, синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттракционга техника хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳолда чиқиши ва бу бахтсиз ҳодисага олиб келганлиги, иш жойларида техника хавфсизлигини таъминлаш борасида вилоятда олиб борилаётган ишларни кучайтириш кераклигини кўрсатади", дейилади ҳокимлик баёнотида.

Қайд этилишича, вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда содир бўлган ҳолат юзасидан атрофлича ўрганиш олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, сўнгги пайтларда республиканинг бошқа жойларида ҳам истироҳат боғларида фаолият олиб борилаётган аттракционларда кўнгилсиз ҳолатлар юз бераётганини ҳисобга олган ҳолда, Наманган вилоятида мавжуд барча аттракционларни навбатдан ташқари техник кўрикдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган аттракцион

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг