18 минг одамга XII асрда қурилган 70 кишилик хароба масжид: динга эътибор шуми?
Таҳлил
−
22 Июнь 2019
10921Кўплаб мурожаатлар ва муаммоларни ўрганиш мақсадида QALAMPIR.UZ таҳририяти Самарқанд вилояти Нуробод туманида жойлашган Тим қишлоғи ва унга ёндош қишлоқларга ташриф буюрди.
Тим қишлоғи вилоят маркази Самарқанд шаҳридан 130 км, туман маркази Нуробод шаҳридан 60 км узоқликда жойлашган.
Ҳудудда 3 та маҳалла (“Нурафшон”, “Аработа”, “Бунёдкор” маҳаллалари) ва унда жами 18 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлишига қарамасдан, улар учун бор-йўғи 70 киши бир пайтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин бўлган масжид хизмат кўрсатмоқда. Энг ачинарлиси, бу масжид XII асрда қурилган бўлиб, ҳозирда ички ва ташқи томондан жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган.
Масжид имоми Нурилла Маҳмудов таъкидлаганидек, бу масжид нафақат шу қишлоқдаги, балки Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий, муқаддас қадамжолардан бири ҳисобланади. Лекин, масжиднинг ҳозирги ҳолати уни кўрган ҳар қандай инсоннинг дилини хира қилиши табиий. Хўш, бу тарихий масжиднинг ҳолати, ёки умуман мавжудлиги ҳақида қишлоқ аҳлидан бошқа бирорта мутасаддиларнинг хабари борми?
Мутасаддилардан чиқмаган ташаббус қишлоқ аҳлидан чиқиб 2009 йилда Республика тарихий ёдгорликларни сақлаш ва таъмирлаш бошқармасига мурожаат этилган, аммо орадан 10 йил ўтибди ҳамки, бирор бир мутасадди Тим қишлоғига келиб, амалий ёрдам кўрсатмаган.
Ушбу масжидда шу пайтга қадар ҳатто таҳоратхона ҳам мавжуд бўлмаган. Жорий йил муқаддас Рамазон ҳайити арафасида қишлоқ аҳли ташаббуси билан бор-йўғи икки киши бир пайтда фойдаланиши мумкин бўлган таҳоратхона қурилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги 3 йилда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг асосий қисмини мусулмон давлатларидан келувчи фуқаролар ташкил этади. Улар бу юртга ташрифи давомида Оқ масжид каби тарихий қадамжоларни зиёрат қиладилар.
Кўплаб хорижий мамлакатлар бу каби тарихий обидаларни асраб-авайлаб, бутун дунёдан келувчи сайёҳлар учун туристик марказга айлантирадилар. Биз эса қачонгача бу каби муқаддас қадамжоларимизни таъмирлаб, уни бошқаларга кўз-кўз қилиш ўрнига вақт ўтган сари вайронага айланиб боришини томошабин бўлиб, жимгина кузатиб тураверамиз.
Муаммо фақат Оқ масжиднинг таъмирталаб эканлигида эмас. Лавҳа аввалида айтганимиздек, Тим қишлоғида салкам 18 минг аҳоли яшайди. Ўртача ҳисобда уларнинг 50 %ини эркаклар ташкил этганида ҳам, 9 минг мусулмон учун 70 кишилик масжиднинг хизмат кўрсатиши кулгили ҳолат эмасми? Хўш, қачон бу ҳудудда аҳоли учун барча шарт-шароитлари мавжуд бўлган масжид қуриб берилади?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь