156 йиллик тарих: светофор рангларининг футболга таъсири
Таҳлил
−
05 Август
8520Ҳар йили 5 август куни дунёда светофорлар куни нишонланади. Айнан шу кунда АҚШнинг Кливленд шаҳрида ҳозирги светофорларга ўхшаш мослама ўрнатилган. Кўплаб давлатларда шу сана муносабати билан турли таълим муассасаларида йўл-ҳаракати қоидалари бўйича тадбирлар ўтказилади. Одамларга қоидалар ёзилган брошюралар тарқатилади. Кундалик ҳаётда ҳар куни светофорларга дуч келиб, аммо унинг нега айнан учта ранг – қизил, сариқ ва яшил эканлиги, бу рангларнинг танланишига нима сабаб бўлгани ҳақида кўпчилик турлича фикрларни илгари суради. Бугунги кунда йўллар, кўчалар ва чорраҳаларни светофорсиз тасаввур қилиш жуда қийин. Катта шаҳарларда исталган чорраҳада светофор бир муддат ишламай қолса, йўллардаги тирбандлик яна кучаяди. Ихтиро қилинганида дастлаб пиёдалар оқимини назорат қилган ушбу техника воситалари кейинчалик автомобиллар ҳаракатини тартибга солган. Хўш, учта чироқни бир жойга жамлаган ушбу “йўл назоратчиси” ҳақида аслида қандай ҳақиқатлар мавжуд?
Светофорлар тарихи: ихтиро, такомиллашиш.
Светофор сўзи русча “свет” – ёруғлик ва юнонча “форос” – элтувчи сўзларидан олинган бўлиб, ёруғлик сигнали берадиган электр қурилма маъносини билдиради. Семафор тарзида светофор биринчи марта 1868 йилнинг 10 декабрда Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида мамлакат парламенти – Вестминистер биноси ёнидаги чорраҳа атрофига ўрнатилган. Британиялик темирйўл муҳандиси Жон Пик Найт яратган илк светофор иккита – яшил ва қизил рангли кўрсаткичдан иборат бўлиб, у қўлда бошқарилган. Газ фонарлари семафор қуроллари ёрдамида полициячи томонидан қўлда бошқарилган. Кўрсаткичлар кўтарилиб-туширилиб, от аравалар ҳамда пиёдалар ҳаракатини назорат қилган. Кечаси газ билан ёритилган қизил ва яшил чироқлардан фойдаланилган, аммо барибир улар полиция ходими томонидан ўзгартириб турилган. Чироқлар баъзан портлаши ва полициячиларни яралаши сабабли хавф анча ортган. Оддийгина мисол, 1869 йилда Лондонда ўрнатилган светофорлардан бирида газ фонарь портлаб, ёниб кетади ва уни назорат қилаётган полициячини жиддий жароҳатлайди. Айнан шу воқеадан сўнг Европада светофорни газ фонарь билан жиҳозлаш эмас, балки уларнинг ўзини ўрнатиш тақиқланади ҳамда йиллар давомида кўчаларга светофор ўрнатиш тўхтаб қолади.
Эрнст Сирин исмли америкалик муҳандис ташаббуси билан 1910 йилда автомат тарзда ишлайдиган светофор ихтиро қилинади. Илк светофорларга ўхшаб кўрсаткичли бўлган янги авлод светофорларига икки хил - Stop (Тўхтанг) ва Proceed (Давом этинг) ёзувлари туширилган эди. Аммо у ҳам қўлда бошқарилган. 1920 йилда Детройт полициячиси Уильям Поттс биринчи тўрт томонлама ва уч рангли светофорни ихтиро қилди. У ёруғликнинг тезда ўзгаришини кўрсатиш учун сариқ чироқларни киритди. Шу тариқа, Детройт тўрт томонлама ва уч рангли светофорларни жорий қилган биринчи шаҳар бўлди. Электрон светофор учун патентни 1923 йилда 40 минг доллар эвазига америкалик Гарретт Морган олган. У автомобиль ва от қўшилган араванинг тўқнашувига гувоҳ бўлгач Поттс ва Ҳарриснинг ихтиросидан бехабар ҳолда уч хил рангда ёнадиган светофор тайёрлайди. Шу тариқа Гаррет Морган светофор учун патент олган биринчи ихтирочи сифатида тарихда қолади.
АҚШда электр энергияси билан ишлайдиган светофорлар оммалашгач, Европада ҳам унга қўйилган тақиқ ва чекловлар олиб ташланди. Уч хил рангда ишлайдиган светофорлар Европада илк бор 1922 йилда Парижда ва Германиянинг Гамбург шаҳрида ўрнатилади. Англияликлар биринчи бор ўзлари кашф этган светофорнинг мукаммал версиясини анча кеч, 1927 йилда Вулверҳэмптон шаҳрида ўрнатади.
Пиёдалар учун светофорлар
Пиёдалар учун яратилган илк светофор 1952 йил 5 февраль куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўрнатилади. Пиёдалар учун яратилган светофорлар бир хил рангда бўлиб, унда илк светофорларда бўлганидек Stop (Тўхтанг) ва Proceed (Юринг) ёзувлари навбати билан ёнар эди.1970 йилларда ёзувлар ўрнига тўхтаб турган ёки ҳаракатланаётган одам шакли қўшилади. Бироз ўтиб одам шакли қизил ва яшил рангда ёнадиган қилиб ишланди. XIX асрнинг 70 йиллари охирида Европа ва АҚШда пиёдалар учун ўрнатилган светофорларни қўлда бошқариладиган қилиб, унга тугма ўрнатила бошланади. Бундай кўринишдаги вариантларда пиёда келиб тугмани босмагунича яшил чироқ ёниб тураверади. Тугма босилганидан кейин қизил чироқ ёнади ва ҳайдовчилар пиёдаларга йўл бериш учун тўхтайди.
Светофор ранглари
Қизил ранг қуёш порлаб турганда, ёмғир ва қор ёғаётганда ёки туман тушганда, яъни ҳар қандай об-ҳаво шароитида жуда аниқ кўринади. Бутун дунёда қизил рангнинг маъноси бир хил – ТЎХТА маъносидаги хавфни билдирувчи рангдир.
Сариқ – диққат қилинг! Светофорнинг сариқ ранги оралиқдир. У огоҳлантириш вазифасини бажаради ва йўлдан фойдаланувчиларни эътибор беришга ундайди. Сариқ рангни ақл, сезги ва зийракликнинг рамзий маъноси дейишади. Одатда қизил рангдан кейин ёнади ва ҳайдовчиларни ҳаракатга тайёрланишга чорлайди.
Амалиётдан билинадики, кўплаб ҳайдовчилар сариқ светофорни рухсат берувчи сигнал сифатида қабул қилади ва ҳайдашни бошлайди. Бу нотўғри! Сариқ чироқ ёниб туриши ҳар қандай ҳаракатни тақиқлайди ва ҳайдовчилар учун “тайёр бўлинг, лекин ҳаракатни бошлаш учун яшил чироқни кутинг” деган маънони билдиради.
Светофорнинг яна бир сигнали яшил рангда. Бу хотиржамлик, тинчлантириш рангидир. Яшил ранг ҳаракатга рухсат беради. Ҳар қандай ҳайдовчи бу рангни светофордан ўтишдан анча аввал узоқдан пайқайди ва тинчгина, тормозни босмасдан чорраҳадан хавфсиз ўтади. Светофор тескари тартибда (яшил, сариқ, қизил) ишламайди. Замонавий қурилмаларда яшил рангдан кейин қизил дарҳол ёнади, сўнгги дақиқаларда эса яшил чироқ ёниб-ўчиб туради.
Светофорлардаги қизил ва сариқ ранглар кейинчалик футбол ўйинлари вақтида шу икки рангдаги карточкалар қўллана бошланишига сабаб бўлган. Яъни 1960 йиллар охирида ҳам футбол ўйинлари пайтида ҳакамлар огоҳлантиришларни фақат дафтарчага қайд этган. 1966 йилда Англияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Аргентина ва Англия ўзаро баҳс олиб боради. Ўйин давомида ҳакам аргентиналик футболчини майдондан четлатади. Бироқ футболчи германиялик ҳакамнинг гапини тушунмайди ва тортишув келиб чиқади. Ўйиндан сўнг англиялик ҳакам ўйин пайтида футболчиларга бериладиган огоҳлантиришларни, светофорда бўлгани каби сариқ ва қизил карточкалар кўрсатишни таклиф қилади. Таклиф қабул қилинади ва шундан сўнг огоҳлантириш олган футболчиларга сариқ ва қизил ранглардаги карточкалар кўрсатила бошланиши амалга киради.
Светофор борасида қизиқарли фактлар
Светофорнинг илк ватани Лондон шаҳрида 1998 йили франциялик ҳайкалтарош Пьер Виван томонидан ишлаб чиқилган ажойиб кўринишдаги “Светофор дарахт” тартибни сақлаш билан бирга ҳавони ҳам тозалайди.
Прага шаҳридаги нафақат Чехиянинг, балки Европанинг энг тор йўлкасида жойлашган светофор киши эътиборини ўзига тортиши табиий. Чунки йўлкадан бир вақтнинг ўзида фақат 1 та одамгина ўта олади.
Яна бир ўзига хос светофорни Данияда кўриш мумкин. Пиёдалар учун ўрнатилган светофорга туширилган жангчи тасвири нафақат 1849 йилдаги Федерация жангини эслатади, балки ҳаракатни ҳам тартибга солади.
Нью-Йоркдаги ноодатий светофорда пиёдалар учун ранглар ўрнини сўзлар эгаллаган. Масалан, светофорда ёзилган “walk” яъни “юр” ёки “don’t walk” яъни “тўхта” дегани. Светофорда қизил ва оқ ранглар ишлатилган.
Американинг Нью-Йорк штатидаги Сиракьюс шаҳрида келиб чиқиши ирландиялик бўлган муҳожирлар яшайди. Худди шу ерда светофорнинг яшил чироғи юқорида, қизил чироғи пастда жойлашган. Бунинг жиддий сабаби бор, албатта. Айтишларича, илк бор шу ерга 1925 йили светофор ўрнатилган. Унда яшил чироқ одатдагидек пастда, қизил чироқ юқорида бўлган. Болалар светофор чироқларини уриб синдира бошлаган. Чунки яшил чироқ Ирландия рамзи ҳисобланган. Шунинг учун уни пастга ўрнатишгани ирландияликларга алам қилган. Сўнгра шаҳар раҳбарлари улар талаб қилганидек, яшил чироқни юқорига чиқарган. Лекин орадан маълум вақт ўтгач, барибир яна яшил чироқ пастга туширилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь