150 га яқин яманлик ўз хоҳишига қарши Украина фронтида бўлиши мумкин
Олам
−
08 Октябрь
5062Россия томонидан ёлланган 150 нафарга яқин яманлик Украина фронтида жанг қилаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Қайд этилишича, камбағал мамлакат аҳолисини Россияга юқори даромад ва фуқаролик ваъдалари жалб қилган. У ерда улар Мудофаа вазирлиги билан ўзлари тушунмайдиган рус тилидаги шартнома имзолашга мажбур бўлган.
“Кремль Ямандаги ҳусийларга қурол етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бораётган бир пайтда, урушдан вайрон бўлган бу мамлакат аҳолиси ҳеч бўлмаганда яшаш учун қандайдир воситаларни топишга ҳаракат қилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, 30 миллион аҳолининг 83 фоиздан ортиғи қашшоқликда яшайди ва 250 мингга яқини можароларда ҳалок бўлган. Кўпчилик тирикчилик учун бирор нарса топиш учун қўшни Уммонга кўчиб ўтган. У ерда уларни Россия томонидан ёлланган рекрутерлар топишган”, дейилади хабарда.
Украина фронтида Россия учун қанча яманлик курашишга мажбур бўлгани номаълум, бироқ Халқаро уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси (OCCRP) мухбири WhatsApp’даги "Россияда қолиб кетганлар" гуруҳига қўшилишга муваффақ бўлган. Гуруҳда 150 киши бор. Улардан 74 нафари Яманнинг Москвадаги элчисига мактуб йўллаб, уларни фронтдан олиб чиқишни сўраган.
Яманлик Ҳамза OCCRP билан суҳбатда, у Уммонда энг кам иш ҳақига ишлаб юрганида ишга ёллаш агентлиги унга Россияга боришни таклиф қилганини айтган. У ойига 3000 доллар эвазига ҳарбийлар билан шартнома тузилгани, аммо шартлар жанговар топшириқларни бажариш билан боғлиқ эмас эканини айтган. Ҳамза қўриқчи ёки қурилиш ишчиси бўлишини кутган эди, лекин охири фронтда қолди.
“Бизнинг аскарлар бўлишимиз аниқ эмас эди”, дейди у.
Яна бир яманлик фахрий OCCRP’га Уммоннинг Al Jabri General Trading & Investment компанияси билан тузилган шартнома нусхасини тақдим этган. У “малака, тажриба ва имкониятларга қараб ҳарбий, хавфсизлик ёки фуқаролик соҳаларида” ишлашни назарда тутади.
Бироқ, компания эгаси Абдул Вали Абдо Ҳассан Ал Жабри OCCRP’га янги чақирилганлар ҳарбий хизмат ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлганини ва бунга рози бўлганини айтди:
“Бу одамлар армияга қўшилиш учун келишган ва бизнинг вазифамиз уларни Россияга етказиш эди”, дейди у.
Яна бир яманлик Хичамнинг сўзларига кўра, у ҳам жангга юборилишини кутмаган (унинг жанговар тажрибаси йўқ), Россияда унга Мудофаа вазирлиги билан ўзи билмаган рус тилида шартнома имзолашга рухсат берилган ва ҳужжатни суратга олиш тақиқланган.
Нашрнинг ёзишича, худди шундай йўл билан Россия Непал, Ҳиндистон ва Шри-Ланка аҳолисини Украина фронтига тортган. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди июль ойида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда ватандошларини озод қилиш масаласини муҳокама қилган. Сентябрь ойида Ҳиндистоннинг NDTV телеканали 45 ҳиндистонлик Россия армияси сафидан бўшатилгани, яна 50 нафарини бўшатишга уринишлар давом этаётгани ҳақида хабар берган эди. Баҳорда Ҳиндистон ҳукумати бир неча кишини одам савдоси ва маҳаллий аҳолини Россия армиясига ёллашда гумон қилиб ҳибсга олди.
Яманнинг Россиядаги ҳарбий атташеси, бригада генерали Фуад ал-Муҳтадий OCCRP’га "шартнома имзолангандан сўнг, кўнгилли ҳарбий қонунларга бўйсуниши”ни айтди.
“Бизнинг маълумотларга кўра, имзоланган шартномалар кўнгиллиларга тегишли бўлган барча шартлар ва ҳуқуқларни тўлиқ ўз ичига олади”, дейди у.
Элчи Аҳмад Салим ал-Ваҳиши эса Россия Ташқи ишлар вазирлигида Россия армиясидаги яманликлар масаласини кўтарганини билдирган, аммо натижалар ҳақида гапирмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада 70 дан ортиқ ҳиндистонлик Россия томонида жанг қилиш учун алданиб қолгани, улардан камида саккиз нафари ҳалок бўлгани ва жасадлари ҳали ҳам ортга қайтарилмагани хабар қилинган эди.