15 ё 25?! Бош прокурор Қибрай ҳокими ўринбосари ер сотаётганда қўлга тушганини айтди

Жамият 14659
image

Қибрай тумани ҳокими – инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Ж.Машрапов 15 минг доллар пора олаётганда қўлга тушган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 14-алпи мажлисида Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маълум қилган. 

“Қибрай тумани ҳокимининг ўринбосари Машрапов “Flower city” жамияти раҳбари Аҳмедовга қарийб 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 15 минг доллар пора олган. Бундан ташқари, Машрапов ўзи ташкил қилган “Salom Mega Stroy” жамиятига туманнинг турли ҳудудларидан жами 10 гектар ерни гўё иссиқхона ажратиш ва сабзавотчиликни йўлга қўйиш мақсадида ажратилишига эришиб, кейинчалик ушбу ер майдонларини 60 минг долларга сотиб юборган”, дейди Бош прокурор. 

QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, ушбу воқеа 2020 йилнинг июнь ойида содир бўлган эди. Ўшанда Машрапов Бош прокурор айтганидек, 15 минг доллар эмас, балки 25 минг доллар билан қўлга тушган. Ушбу ҳолат “Ўзбекистон 24” телеканали орқали эфирга узатилган лавҳада ёритилган.  

Ниғматилла Йўлдошевга кўра, Зангиота туманида Семурғ фермер хўжалиги бошқарувчиси Тохиров фуқаро Петриковга 70 сотих суғориладиган ерни 380 минг долларга сотишга келишиб, 50 минг долларини олганида жиноят устида ушланган. 

Маълумот ўрнида, ўтказилган хатловларда 120 минг гектар экин майдонлари ноқонуний ажратилгани, 11 минг гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 4 минг гектар ерда бинолар ноқонуний қурилгани аниқланган. Экин майдонларида ноқонуний қурилган 32 мингдан ортиқ объект буздирилган, 10 минг гшектар ер давлат захирасига қайтарилган. Ҳокимларнинг ҳам 106 минг гектар ер майдонини ажратиш тўғрисидаги қонунга зид қарорлари бекор қилинган. Айни пайтда қонунни бузган 5747 нафар мансабдорлар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Ерларни талон-торож қилиш билан боғлиқ 359 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масалалари қатъий ҳал қилинган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 417
Рейтинг: 2.9
t
×