145 минг камбағал аҳоли ишга жойлаштирилади

Жамият

image

3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Президент аҳолини иш билан таъминлаш ва моддий ёрдам бериш борасида кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Қайд этилишича, жорий йилда саноат соҳасида 7,5 мингта ҳудудий лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 145 минг нафар камбағал аҳолини ишга жойлаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, қиймати қарийб 11 миллиард доллар бўлган 206 та йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириб, 31 мингдан зиёд юқори даромадли иш ўрни яратиш чоралари белгиланган. Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазирига ушбу лойиҳаларни ўз вақтида бажариш бўйича топшириқлар берилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳам камбағалликни қисқартириш бўйича имкониятлар кўп. Йиғилишда қайд этилганидек, биринчи ярим йилликда 38 минг гектар ерни оборотга киритиш ҳисобига 25 минг нафар, йил якунига қадар яна қўшимча 51 минг гектарни ўзлаштириш эвазига 45 минг одам бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Бу ерларнинг 20 минг гектари кам таъминланган оилаларга берилади.

Худди шунингдек, ғалладан бўшайдиган 120 минг гектар майдонни такрорий экин учун ажратиб, 300 мингга яқин оилага даромад манбайи яратиш белгиланган. Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерларининг 965 миллион долларлик 107 лойиҳасини амалга ошириш натижасида 28 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан кам таъминланган 28 минг хонадонга наслли эчки, 50 мингта оилага парранда, 100 мингтасига наслли қуён тарқатилади.

Қурилиш соҳасидаги имкониятлар кўриб чиқилар экан, Инқирозга қарши курашиши жамғармасидан ажратилган 3,6 триллион сўм ҳисобидан бажариладиган қурилиш-пудрат ишларига 85 минг нафар одамни жалб қилиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Карантиннинг биринчи кунларидан бу борада зарур чоралар кўрилиб, ижтимоий нафақа олувчилар сони 10 фоизга оширилган эди.

Бугунги кунда боқувчисини йўқотган оилалар сони 155 минг, 5 нафардан ортиқ фарзанди бор кам таъминланган оилалар сони 81 минг, ёлғиз яшовчи кексалар 16 минг нафарни ташкил этмоқда. Лекин ажратилаётган ижтимоий ёрдамлар эҳтиёжмандларга тўлиқ етиб бормаётган ҳолатлар ҳам кўп.

Шу боис Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қўшимча ажратилган 992 миллиард сўм маблағни ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармасидаги 70 миллиард сўм қолдиқни муҳтож оилаларга аниқ ва адолатли етказиш бўйича қатъий топшириқ берилди.

Пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида йил якунига қадар қўшимча 235 мингдан зиёд оилага моддий ёрдам ажратилиши қайд этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев моддий ёрдам камбағалликни қисқартириш

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг