100 дан ортиқ ўсмирларни тўплаган 19 ёшли блогер ИИБга олиб кетилди (видео)
Жамият
−
25 Февраль 2023
35395Ижтимоий тармоқларда бир неча вояга етмаганлар Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги кўчалардан бирида “Аслам сила”, деб бақириб кетаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кеча, 24 февраль куни тахминан соат 15:30 ларда ижтимоий тармоқларда ўзининг блогини юритувчи 2004 йилда туғилган жиззахлик Асламбек Баҳромов Чилонзор туманидаги кўнгилочар масканлардан бири яқинидаги фан-клуб аъзоларини чақириб, улар билан учрашув ўтказмоқчи бўлган.
Шунингдек, болаларга совғалар тарқатишини ҳам айтган. Учрашувга тахминан 130-140 нафарга яқин вояга етмаган бола йиғилган ва жамоат тартибини бузиб шовқин-сурон кўтарган. Шу ҳудудда хизмат олиб борувчи Миллий гвардия ва Ички ишлар органлари ходимлари тартибсизликни олдини олиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида Асламбек Баҳромовни Ички ишлар бўлимига олиб кетган. ИИО ходимлари Асламбек Баҳромовни олиб кетаётган вақтда бир неча вояга етмаганлар унинг кетидан автомашинагача кузатиб борган. Сўнг учрашувга йиғилганларнинг барчаси тарқалган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани Ички ишлар органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан Асламбек Баҳромовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун туман судига тақдим этилган.
LiveБарчаси