10 мингдан ортиқ обуначига эга блогерлар даромадидан солиқ тўлайди
Жамият
−
12 Май
9697Ўзбекистонда инфлюенсер ва веб-сайт эгалари ўзининг аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайти орқали реклама ёки даромад келтирувчи бошқа фаолиятни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятини олиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Онлайн платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Билдирилишича, ушбу қонун лойиҳаси интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш заруратидан келиб чиқиб, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасида бир қатор тушунчаларга аниқлик киритилди. Хусусан:
- блогер – ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа тусдаги контентни, шу жумладан онлайн-платформа фойдаланувчилари томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс (онлайн-платформа фойдаланувчиси);
- инфлюенсер — онлайн-платформадаги ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда 10 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогер;
- веб-сайт эгаси — веб-сайтдан фойдаланиш тартибини, шу жумладан ушбу веб-сайтда контент жойлаштириш тартибини мустақил равишда белгилайдиган жисмоний ёки юридик шахс;
- ёлғон ахборот – ҳақиқатга мос келмайдиган, шахслар, ашёлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар ҳақида фактларнинг бузиб кўрсатадиган, нотўғри таассурот уйғотадиган ҳар қандай шаклда қайд этилган маълумот.
Қонун лойиҳасида фойдаланувчилар, блогерлар, инфлюенсерлар ва веб-сайт эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари келтирилган.
Ҳуқуқлари:
- онлайн-платформада аккаунт, оммавий ҳамжамият очиш;
- онлайн-платформадан фойдаланиш қоидалари ва шартлари тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумот олиш;
- Ўзбекистон қонунлари билан тақиқланмаган ҳар қандай усулда контентни тайёрлаш, олиш, тарқатиш;
- Ўзбекистон қонунларига мувофиқ онлайн-платформа ва веб-сайтларда фикрни эркин ифода этиш;
- ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қимматини ваколатли органга мурожаат қилиш ёки суд тартибида ҳимоя қилиш;
- онлайн-платформа мулкдори ёки оммавий ҳамжамият модератори ёхуд веб-сайт эгасига ўзларининг Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига амал қилиниши, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши юзасидан талаб (эътироз) билан мурожаат қилиш;
- ўзининг ижодий, тижорат ва бошқа қонуний фаолиятидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва онлайн-платформадан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ даромад олиш;
- агар ўз қизиқишлари ва қарашларига зид келса, онлайн-платформалар томонидан таклиф этиладиган маҳсулотларни рад этиш;
- онлайн-платформада ўзларини қизиқтирмайдиган контент намойиш этилишини чеклаш;
- ўзининг аккаунтига ёки оммавий ҳамжамиятига ёхуд веб-сайтига кирилишини асоссиз чекланишидан ҳимояланиш, кириш чекланганда унинг сабаблари кўрсатилган ҳолда хабарнома олиш.
Мажбуриятлари:
- Ўзбекистон қонунчилигига амал қилиш;
- шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаън ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш;
- ноқонуний контентни тарқатмаслик;
- ноқонуний контент тарқатилган ҳолларда уни ўчириш;
- онлайн-платформалар ёки веб-сайт орқали ихтиёрий ҳомийлик маблағларини йиғишда
- Ўзбекистон қонунчилиги жумладан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилиш.
Инфлюенсер ва веб-сайт эгаси юқоридаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан бирга қуйидаги қўшимча мажбуриятларга эга:
- тарқатилаётган контентнинг тўғрилигини, унинг жамоатчиликка очиқ бўлишидан олдин текшириш;
- шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёки ташкилотларнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи ёлғон ахборотни ўзининг аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайтида тарқатмаслик, шунингдек, уларнинг тарқатилишига йўл қўймаслик;
- ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган ўз аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайти, шу жумладан фойдаланувчилар томонидан фикр ва изоҳлар қолдириш учун мўлжалланган бўлимларининг ноқонуний контентни аниқлаш мақсадида мониторингини амалга ошириш ва аниқланган тақдирда уни зудлик билан ўчириш чораларини кўриш;
- ўз аккаунтида ва (ёки) оммавий ҳамжамиятида ёки веб-сайтида ноқонуний контентнинг тарқатилишига йўл қўймаслик;
- ёлғон ахборот тарқатилган ҳолларда уни ўчириш ёки фуқаролар, юридик шахслар ва давлат органларининг мурожаатлари асосида ёлғон ахборот мавжуд бўлган дастлаб жойлаштирилган контентга ушбу контент ёлғон эканлигини кўрсатувчи махсус ахборот белгисини қўйиш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ёлғон ахборот тарқатилганлиги тасдиқланган ҳолларда, уларнинг талабига мувофиқ раддия эълон қилиш;
- мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш учун тегишли маълумотларни жамоатчиликка очиқ шаклда жойлаштириш;
- прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилмаслик, суд ҳукми чиқарилмагунча муайян иш натижаларини олдиндан эълон қилмаслик ёки бошқа усуллар орқали судга таъсир ўтказмаслик;
- Инфлюенсер ва веб-сайт эгаси ўзининг аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайти орқали реклама ёки даромад келтирувчи бошқа фаолиятни амалга оширишда Солиқ кодексига мувофиқ солиқларни ўз вақтида тўлаши керак. Мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш учун тегишли маълумотларни жамоатчиликка очиқ шаклда жойлаштирмаган инфлюенсерга реклама бериш тақиқланади.
Шунингдек, қонун лойиҳасида ваколатли орган билан тизимли равишда ҳамкорлик қилмай келаётган онлайн-платформаларга Ўзбекистон ҳудудида кириш тезлигини суд қарори асосида пасайтириш назарда тутилмоқда. Бутунлай блоклаш амалиётидан воз кечилмоқда. Яъни, ноқонуний контентни ўчириш, унинг тарқатилишини тўхтатиш тўғрисидаги кўрсатма талабларини бир календар йил давомида 3 мартадан ортиқ бажармаган блогер/инфлюенсер фаолияти 6 ойгача тўхтатилади.
Жамоатчилик муҳокамаси 27 майга қадар давом этади.
Маълумот учун, 2017/2025 йилларда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 14,7 млн нафардан 32,7 млн нафарга ошган. Энг оммабоп платформалар орасида ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг сони Telegram'да 28 млн, Odnoklassniki'да 19,2 млн, Facebook'да 2,3 млн нафар, VKontakte'да 1,5 млн, LinkedIn'да 850 минг ва Twitter'да 250 минг нафарни ташкил этади.
LiveБарчаси