Венесуэла Президентининг оиласи ҳам Россиянинг “Спутник V” вакцинасига ишонч билдирди

Олам 2053
image

Венесуэла Президенти Николас Мадуронинг ўғли ва опаси Россиянинг коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинаси синовида кўнгиллилар қаторида иштирок этади. Бу ҳақда Президентнинг ўзи маълум қилди.

Давлат раҳбарининг ўғли Николас Мадуро Герра ва опаси, шифокор-анестезиолог Мария Тереза Мадуро вакцина синовларининг учинчи босқичида кўнгиллилар сифатида иштирок этишга қарор қилишган.

"Учинчи босқичда ўғлим ва опам иштирок этишади. Ўйлашимча, бу жуда яхши. Ўзим эса, оммавий эмлашни бошлаганимиздан сўнг, биринчи бўлиб эмланаман", деган Мадуро. 

Президентнинг айтишича, мамлакатда дастлаб тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ва қариялар эмланади. 

Маълумот учун, Россиянинг янги коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинасининг илк партияси ўтган ҳафта Венесуэлага етказиб берилганди

Коронавирус пандемияси бошлангандан буён Венесуэлада 70 мингдан ортиқ касаллик юқтириш ҳолати кузатилган. 

Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони эса 35 миллиондан ошган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3
t
×