Алишер Усмонов Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади
Жамият
−
08 Май 2020
52662Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Сирдарёда юз берган фавқулодда ҳодиса сабаб ўз ҳамдардлик мактубини йўллади.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Болалигим ва ёшлик йилларим ўтган она юртимдаги ака-укаларим ва опа-сингилларим билан ҳозирги эпидемиологик қийинчиликларга шерик бўлар эканман, Сардоба сув омборида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарни, шунингдек, уни одамларимиз муносиб ва мардона қабул қилганлигини қалбимда оғриқ билан ҳис қилдим.
Муқаддас Рамазон ойида Оллоҳнинг ўзи мени Ватанимга чорлади, зеро бу кунларда биз ёрдамга муҳтож одамларга алоҳида ғамхўрлик қилишимиз ва кўмак беришимиз керак. Биз қувончли дамларда ҳам, бошга ғам-ташвиш тушганда ҳам, бир-бирмизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаймиз. Мен халқимизнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман ва шу сабабли сув тошқинидан жабрланганлар турмушини тиклаш ва яхшилаш, талафот оқибатларини тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам кўрсатиш учун 10 миллион доллар бераяпман.
Мен халқимизнинг дуоларига қўшилиб, уларнинг бошига тушган кутилмаган синовлардан тезроқ халос қилишини Аллоҳдан сўраб қоламан”, дейилади хатда.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Усмонов “Сардоба” сув омбори тўғони ёрилиши натижасида юз берган сув тошқини натижасида жабр кўрган оилаларга ёрдам бўлиши учун 15 млн доллар хайрия қилди. Пулларнинг 10 млн доллари ўзбекистонликларга, 5 млн доллари тошқиндан зарар кўрган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал тумани аҳолисига ажратилди.