Адлия вазирлиги: “Янги қонун лойиҳаси бошқа миллатларнинг ҳуқуқини поймол қилишга қаратилмаган”
Жамият
−
27 Апрель 2020
5381Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга доир қонунчилик талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйгани ҳақида хабар берган эдик.
Қонун лойиҳаси мазмунига оид асоссиз маълумотлар тарқатиш, айрим ижтимоий тармоқлар ва янгиликлар сайтларида унинг меъёрларини нотўғри талқин қилишга бўлган уринишларни ҳисобга олган ҳолда вазирлик мазкур лойиҳага доир холис ва асосли маълумотларга жамоатчилик диққатини қаратишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаб, изоҳ берди.
Биринчидан, амалдаги “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади.
Лойиҳада қандайдир талаблар кенгайтирилиб, тилдан фойдаланишда янги чекловлар киритилмаяпти, фақатгина амалдаги қонуннинг қоида ва талаблари ҳисобга олинган.
Иккинчидан, қонун лойиҳаси давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини қамраб олиб, қонун қабул қилинган тақдирда тегишли равишда маъмурий жавобгарлик фақатгина мазкур давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши мумкин.
Қонун лойиҳаси мансабдор шахсларнинг қонун талабларига риоя этиши бўйича масъулиятини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари ишида давлат тилидан тўлақонли фойдаланилишини таъминлашга қаратилган.
Учинчидан, қонун лойиҳаси ҳеч қандай йўл билан республика ҳудудида истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг она тилидан фойдаланиш, миллатлараро мулоқот ва таълим олиш тилини ўз хоҳишига қараб танлаш, ўз тилида давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилишга доир конституциявий ҳуқуқларини поймол қилмайди.
Тўртинчидан, мазкур қонун лойиҳаси regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ҳар бир фуқаро ўз фикр ва таклифларини махсус платформада баён этиши мумкин.
Вазирлик шуларни эътиборга олиб, ОАВ, блогерлар, шунингдек, бошқа манфаатдор шахсларни лойиҳани ўзларича талқин қилиб, жамоатчилик фикрини нотўғри ўзанга буришга ҳаракат қилмасликка, Ўзбекистон жамоатчилиги олдидаги жавобгарликни унутмасликка даъват этган.
LiveБарчаси