Бош вазир матбуот соҳасида видеоселектор ўтказди

Жамият

image

Бугун, 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида Вазирлар Маҳкамасида давлат органлари матбуот хизматларини ривожлантириш масалаларига бағишланган селектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Президентнинг 27 июнь куни қабул қилинган матбуот хизматларини ривожлантириш тўғрисидаги қарорининг аҳамияти, айниқса, жаҳонда кечаётган ахборот қарама-қаршилиги шароитида уларнинг биринчи манба сифатидаги роли, давлат ахборот сиёсатини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш муҳим экани таъкидланган. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар бермоқда.

"Президентнинг ушбу қарори давлат органлари томонидан қай даражада ижро этилаётгани, очиқлик ва ОАВ билан мулоқот қилишнинг зарурлиги жойларда нақадар чуқур англанаётганига алоҳида эътибор қаратдик.

Йиғилишда давлат органларининг ахборот фаолиятидаги камчиликлари кўрсатиб ўтилди, матбуот хизматларининг ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги иштироки сустлиги қайд этилди. Натижада давлат органлари катта ишларни амалга ошираётганига қарамай, олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ҳамда Президент ва ҳукумат қабул қилаётган қарорлар аҳамияти тўғрисидаги ахборотни, улар бераётган баёнотларнинг асосий мазмуни ички ва хорижий аудиторияга тўлиқ етказилиши таъминланмаяпти", деб ёзади Мирзиёева.

Йиғилиш якунида Ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсати концепциясини тез фурсатда қабул қилиш, матбуот хизматларининг медиа маконидаги иштирокини кенгайтириш, улар ҳузурида экспертлар ва журналистлар гуруҳларини ташкил этиш, резонансли воқеалар рўй берганда давлат органлари раҳбарларининг тезкор чиқишларини уюштириш, шунингдек, аҳолини қисқа фурсатларда хабардор қилиш масаласига эътиборсиз бўлаётган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш механизмини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг