Россиядан нима олиб, нима берамиз ёхуд ҳафтани тебратган воқеалар
Таҳлил
−
29 Январь 2023
19325Жорий ҳафта ёмон ўтди, ёмон воқеалар кўп бўлди. Шунинг учун бу галги ҳафта дайжести кўнглингизни анчагина хира қилиши табиий. Наилож, қозонда борини ичаверамиз. Лекин қора хабарларни бир четга суриб, ҳозирча ҳафтанинг кам сонли яхши хабаридан гапни бошлаб олсак.
Сарсон бўлган ўқувчилар ёхуд III чорак бошланди
Мактаб бошланади-бошланмайди, деб ахийри Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жорий йилнинг 23 январидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги мактабларда III чорак дарсларини амаллаб бошлаб олди. Аммо вазирликнинг фикри яна ўзгариб қолмасмикан, деб ўйга ботганлар ҳам бўлди. Иссиқлик таъминотида муаммоси бўлган мактаблар ҳолат яхшилангунига қадар ўқишни вақтинча масофадан олиб боришига рухсат этилгач, биргина Тошкент шаҳридаги 340 та мактабнинг 57 тасида дарслар онлайн бошланди.
Мактаблар очилишга очилдию бу ёқда кўплаб давлат ташкилотлари ёпилиб кетди. Бу албатта яхши янгилик.
Хўш, сон камайганига яраша сифат энди яхшиланармикан?
25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланиб, вазирлик ва идораларда бюджет ва нобюджет маблағларидан молиялаштириладиган жами 17 447 та бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирликлари қисқартирилиши белгиланган. Шунингдек, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача (-63) ёки 30 фоизга камайтириладиган бўлди.
Ҳужжатга кўра, ҳукуматга бўйсунадиган мустақил вазирлик ва идоралар сони 26 та этиб белгиланди. Улар таркибига кирган барча қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар билан бирга жами 69 та, шу жумладан:
- вазирликлар – 21 та;
- қўмиталар – 12 та, шундан 2 таси мустақил мақомга эга;
- агентликлар – 25 та, шундан 3 таси мустақил мақомга эга;
- инспекциялар – 11 та.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қисқартиришлар ортидан, 703 та автотранспорт воситалари ва 10 та бинолар бўшайди.
— штатлар сонини қисқартириш ҳисобига 1,5 триллион сўм;
— автотранспорт воситалари сонини қисқартириш ҳисобига (шу жумладан, ёқилғи-мойлаш, шиналарни алмаштириш харажатлари) 70 миллиард сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинади.
Неча йилки бюджет тўғрисидаги ҳисоботларда иқтисод қилинаётган пуллар ҳақида эшитамиз. Лекин иқтисод қилинаётган пуллар нимага сарфланаётгани, халққа етиб боряптими, ёки ундан ҳам иқтисод қилиняптими билмаймиз. Шу сабабли бўлса керак, мамлакатимизда камбағаллик билан боғлиқ вазият жиддийлигича қолмоқда.
Ишсизларни ишли қилиш, камбағал аҳоли қатламига шароит яратиш, ҳукуматнинг ислоҳотларидан бири десак янглиш бўлмайди. Лекин Ўзбекистонда муаммога президент эътибор қаратмагунча бошқалар бир жойда депсиниб тургани –турган.
Шу ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Камбағалликни қисқартириш учун 1,5 триллион сўм ажратилади.
Давлат раҳбари топшириғига кўра, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига бюджетдан 1,5 триллион сўм энг оғир маҳаллалардаги камбағалликни қисқартириш учун йўналтирилади.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосарига, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан бирга жалб қилинган 135 миллион долларлик кредит линияси бўйича оғир маҳаллалар кесимида тадбиркорлик лойиҳалари пакетини шакллантириб, ушбу маҳаллаларда камида 50 минг аҳолини банд қилиш вазифаси ҳам қўйилди. Доимгидек йиғилишда ҳокимлар танқид қилинди. 1,5 трлн сўм энг оғир маҳаллалардаги камбағалликни қисқартириш учун йўналтириладию.
“Эскини эплагунча эсинг кетар”
Сурхондарёнинг бир эмас, икки эмас, ана боринг уч эмас, нақ 13 та ҳокими ишдан олиниб ўринларига янгилари келди. Дарҳақиқат, Сурхондарё учун 2023 йилнинг қуёши тамомила бошқа томондан чиқди. Уч йилдан ошиқ вақт давомида Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Тўра Боболов 2022 йил декабрь ойи охирида ишдан олиниб, унинг ўрнига Тошкент шаҳри прокурори Улуғбек Қосимов тайинланган бўлса, унинг ортидан вилоятнинг 13 та ҳокими ҳам бирваракайига лавозимидан озод этилди.
Қадимдан қолган бир мақол бор: “Эскини эплагунча эсинг кетар”. Янгилари нимани ўзгартиради, буни омон бўлсак кўраверамиз.
Ўзбекистонликлар қутилмаётган коррупция!
Амал кимларни ўзгартирмаган дейсиз. Мухими лавозимга ўтираётганлар коррупция деган балонинг тузоғига тушиб қолмаса бўлди.
Масалан, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Қашқадарё вилояти филиалининг собиқ бошлиғи жамғарманинг 1 млрд 800 млн сўм пул маблағларини еб юборгани айтилмоқда.
Қайд этилишича, жамғарманинг собиқ раҳбари ёлғиз бўлмаган. У Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи МЧЖ раҳбари билан тил бириктириб, ушбу жиноятни содир этган. Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Коррупция ҳақидаги хабарларимиз ҳали тугагани йўқ!
2022 йил давомида Соғлиқни сақлаш соҳасида 793 нафар ходим томонидан жами 805 та коррупциявий ҳолатларда жиноятга қўл урилган. Коррупциявий ҳолатларнинг 320 таси ишга қабул қилиш билан боғлиқлиги қайд этилган.
Маълум бўлишича, 2022 йил давомида соҳа ходимлари томонидан содир этилган жиноятларнинг асосий қисми ходимларнинг иш ҳақларини ўзлаштириш, ишга киритиш ёки иш соатини кўпайтириш, давлат харидлари, тиббиёт муассасаларига тегишли мол-мулклар ва бюджет маблағларини ўзлаштириш, тиббий муолажалар учун пора олиш каби ҳолатлар билан боғлиқ бўлган.
Булар орасида, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ҳамда уларга иш ҳақини ҳисоблаш билан боғлиқ коррупцион жиноят содир этган шахслар сони соғлиқни сақлаш тизимдаги жами жиноятга қўл урган шахсларнинг деярли 50 фоизини ташкил этмоқда.
Таҳлиллардан маълум бўлишича, коррупциявий жиноятларга қўл ураётган шахсларнинг аксарияти оддий шифокор ёки бошқа тиббиёт ходимлари эмас, балки яна ўша биз билган раҳбар ва маъмурий бошқарув ходимлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шу ўринда, бу шифокорларни уриш, уларни калтаклаш мумкин дегани эмаслигини эслатмоқчимиз. Нафақат шифокорларни, балки бир шахс бошқа бир шахсни уриши, унга тан жароҳати етказиши мумкин эмас. Бироқ, бировни уриш тугул уриб ўлдириб қўядиганлар ҳам орамизда бор.
Ўзини ёқаётган ўзбек аёллари
Сурхондарё вилоятида Шеробод туманида муқаддам 3 маротаба судланган эркак турмуш ўртоғини уриб ўлдириб қўйди. Хабарларда 51 ёшли эркак шаръий никоҳидаги аёлини рашк ва мастлик сабаб уриб ўлдириб қўйгани айтилади. Ҳолат содир бўлганидан сўнг, эркакнинг ўзи Ички ишлар органларига ҳолат бўйича хабар берган. Маълум бўлишича, аёл эркакнинг учинчи турмуш ўртоғи бўлиб оиланинг 8 ва 11 ёшдаги фарзандлари бўлган. Ҳолат юзасидан Жиноят Кодекснинг 97-моддаси, 1-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилган.
Эр ва хотин ўртасидаги келишмовчиликлар, тортишувлар бўлиб туриши табиий ҳолат. Лекин бу тортишувларнинг жиддийлашиб кетиши катта фалокатларни келтириб чиқариши мумкин. Мана ўша фалокатлардан бири.
Ижтимоий тармоқларда Фарғонада эркак ҳомиладор аёлини машинага солиб ёқиб юборгани ҳақида хабарлар, воқеа акс этган видеолар тарқалди.
Ҳолат бўйича, Бош прокуратуранинг расмий маьлумотига кўра, воқеа жорий йилнинг 24 январь куни соат тахминан 19:00 ларда юз берган. Шифохонадан уйига қайтаётган эр-хотин машинада рашк туфайли уришиб қолган. Улар гаплашиб олиш мақсадида, “Матиз” русумли автомашинасини Фарғона шаҳридаги “Нефтчи” стадиони рўпарасида тўхтатган.
Шу вақтда 1987 йилда туғилган ҳомиладор аёл ўзи билан уйидан олиб чиққан пластмасса идишдаги “бензин” ёқилғисини дастлаб турмуш ўртоғини, кейинчалик эса ўзини ва автомашина салони ичига сепиб, ёқмоқчи бўлган. Аёлнинг бу ҳаракатидан қўрқиб кетган Турмуш ўртоғи автомашинадан тушиб, ташқарига қочган вақтда аёл зажигалка билан ўзини ва автомашинани ёқиб юборган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан чақалоқ шифохонада вафот этган.
Аёлларга бўладиган тазйиқ ва зўравонликка қарши кураш, аёлларга оилада ва жамиятда ўқиши, ишлаши учун имконият яратиш. Аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш айтилаётган бир вақда улар ўзларини ўлдиришлари, ёқиб юборишлари жуда ачинарли. Кимдир аёлни, кимдир эракакни, кимлардир бу ҳолатда жамиятни айблайди. Бир қарашда аёл қорнидаги боласи борлигига қарамасдан ўз жонига қасд қилишига ҳам етарли сабаблар бўлиши керак албатта. Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларга тазйиқ қилганлик учун оғирроқ жазо чораларини кўриш масалалари доим муҳокама қилинади.
24 январь куни ҳам Сенатда нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ), давлат идоралари ва фаоллар иштирокида оиладаги зўравонлик тўғрисидаги қонуннинг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади.
Муҳокама олдидан Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида фикрлари билан бўлишди.
“Оиладаги зўравонлик учун жиноий жазо тайинланмагунича, ушбу жиноятга давлатнинг муносабати Жиноят кодексида аниқ акс этмагунича, бир жойда қотиб тураверамиз. Бусиз бошқа ҳеч нима ёрдам беролмайди – юзаки чоралар ҳам, энг илғор гендер лойиҳалари ҳам, қуруқ гап билан тарбиялашга уринишлар ҳам. Олдин аёллар олдидаги масъулиятни белгилаган ҳолда, уларни ҳимояловчи қонун жорий этилиши зарур. Қолгани кейин бўлади”, дейди Саида Мирзиёева.
Янги Ўзбекистонда сувсиз қолаётган маҳаллалар
Аёлларга нисбатан қилинадиган зўравонлик фақат жисмонан эмас, баъзан ижтимоий томонлама ҳам бўлиши мумкин. Масалан, қишлоқ жойларда, ичимлик суви етиб бормаган қишлоқларда оилани ичимлик суви билан таъминлаш вазифаси айнан аёллар ва болаларнинг зиммасига тушиб қолади. Хўш нечта аёл километр узоқлардан сув ташийди дейсизми?
Буни аниқ билмаймиз. Билганимиз шуки, Ўзбекистондаги 9314 та маҳалладан 1545 тасига ичимлик суви ҳали етиб бормаган. 3944 та маҳалла эса қисман ичимлик суви билан таъминланган. Мана шу маҳаллаларда яшайдиган оилаларни тасаввур қилаверинг.
2023 йилда 1,1 миллион аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланиши режа қилинган. Шунингдек, истеъмолчилар базасида абонентларнинг сони 4,4 миллионтадан 4,6 миллионтага етказиб, 202 минг истеъмолчига оширилади.
Ажабланарлиси, 2022 йилда барча дастурлар доирасида 3,3 триллион сўм бюджет маблағлари ва халқаро молия институтларининг 185,5 миллион доллар маблағлари ўзлаштирилиб, республика аҳолисини сув билан таъминлашга сарфланган.
“Ўзсувтаъминот” АЖ раиси ўринбосари мазкур маблағлар хисобидан республика бўйича жами 7130,1 км ичимлик ва 232,9 оқаова сув тармоқлари тортилган. Қолаверса, 859 та ичимлик ва оқова сув иншоотлари қурилиб, реконструкция қилинганини айтмоқда.
Сув муаммосидан ташқари Ўзбекистоннинг бошқа муаммолари ҳам бор. Электр энергияси
Ўзбекистон “свет”,газ тақчиллигидан қийналаётган бир вақтда “Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Мутаққий Ўзбекистондан шартнома асосида электр энергияси экспорт қилишни сўраб, мурожаат билан чиқди.
Мутаққий бунга Афғонистоннинг Кобул шаҳри ва вилоятларида электр энергияси тақчиллиги давом этаётганини сабаб сифатида кўрсатган. Толибон шартномани эслатишининг маълум сабаблари бор албатта.
Афғонистоннинг 16 вилоятида аномал сувуқ туфайли ҳозиргача 124 нафар киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Норасмий манбаалар эса бу рақамлар аллақачон 150 дан ошганини айтади.
“Совуқдан ҳалок бўлганларнинг аксарияти чўпонлар ёки қишлоқ аҳолиси. Улар тиббий ёрдам олиш имконига эга эмас эдилар. Биз ҳали ҳам тоғли ҳудудларда қолаётганлардан хавотирдамиз. Тоғлардан ўтувчи йўлларнинг аксарияти қор туфайли ёпилган. У ерда машиналар тиқилиб қолади, йўловчилар паст ҳароратда ҳалок бўлишади”, дейди Табиий офатларни бошқариш вазири, мулла Муҳаммад Аббос Охунд. Афғонистонда совуқ туфайли ҳалок бўлганлар сони 124 кишига етди.
Энергетика вазирлиги Толибон ҳаракати келишувларни эслатиши ортидан 25 январдан бошлаб Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш қайта тикланиши режалаштирилаётганини айтди. Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси беришни режалаштирмоқда.
Ёдингизда бўлса, Туркманистон совуқ туфайли юзага келган техник сабабларга кўра, жорий йилнинг 12 январидан Ўзбекистонга газ етказиб беришни тўхтатган эди. Кўп ўтмай, аниқроқ айтганда 21 январдан бошлаб, Туркманистон Ўзбекистонга 4,8 млн куб метр газ етказиб бергани маълум қилинди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 12,6 млн куб метрга етган. Туркманистон Ўзбекистонга газ экспортини тиклади
Тармоқларга қарасангиз ҳамма бу ҳолатларда кимнидир айблайди. Ҳукумат аҳолини газ билан таъминлаш учун бир нечта чораларни кўраётганини айтди. Энергетика вазири видеомурожаат қилиб, вазиятни тушунтирди.
24 январь куни Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг “Газпром” компанияси раҳбари Алексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб “Газпром” матбуот хизмати корпорациянинг расмий веб-сайти орқали хабар берди.
“Томонлар ўзаро муносабатларнинг долзарб ва истиқболли масалаларини кўриб чиқдилар. Учрашувда Алексей Миллер ва Жўрабек Мирзамаҳмудов газ саноатида ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси”ни имзоладилар”, дейилади баёнотда.
“Йўл харитаси” ҳақидаги хабарни ўзбекистонликлар даставвал Энергетика вазирлигидан эмас, балки Россиянинг “Газпром” компаниясидан эшитгани ҳамда асосий маълумотлар ҳали очиқланмагани боис ижтимоий тармоқлар орқали норозилик билдира бошлади.
Бу ҳолатга ўз фикрини билдирганлар орасида Алишер Қодиров ажралиб келгандек туюлди. Чунки, унинг муносабатида келишув тафсилотларининг очиқланмагани бу сир эмас, аксинча бизнес одоби эканини айтиб Газпромнинг ёнини олгандек.
“Энергетика ва Ташқи ишлар вазирлари билан “Газпром” “йўл харитаси” тафсилотларини гаплашдим. Бу инсонлар мураккаб даврда мамлакатимиз манфаатлари учун жиддий ва фойдали ишлар қилишмоқда. Бу иш миллий манфаатларимизга зарар эмас, аксинча яхшигина фойда келтирмоқда. Кўп томонлама бўлган бу келишув тугалланса, батафсил ахборот берилади, бу бизнес одоби, сир эмас!” деган у ўзининг Telegram саҳифасида.
Шунингдек, у мазкур мавзу юзасидан танқидий фикр билдирганларни “Ўзбекистон манфаатига зид йўналишда ишлаш”га йўйган.
“Сўз эркинлиги биринчи навбатда масъулиятдир. “Йўл харитаси” билан “шартнома”ни фарқлай олмайдиганлар халқ манфаати учун курашаётган масъулларни хоинликда айблаши, билиб ёки билмай Ўзбекистон манфаатига зид йўналишда ишлашга ўхшаб қолаяпти”, дея қўшимяа қилган у.
Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилди
Қайд этилишича, Боку вақти билан соат 08:30 да Озарбайжоннинг Эрон Ислом Республикасидаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилган. Босқинчи “Калашников автомати” билан қуролланган бўлган. У қўриқлаш постини бузиб кириб, хавфсизлик хизмати раҳбарини ўлдирган. Ҳужумнинг олдини олиш чоғида элчихонанинг икки қўриқчиси яраланган. Уларнинг аҳволи ҳозирда қониқарли.
“Айни пайтда ушбу ҳужум юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Иш тафсилотлари бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Теҳрон полицияси бригадаси бошлиғи Ҳусайн Раҳимийнинг айтишича, жиноятчи ҳибсга олинган. Дастлабки терговлар ҳужумга шахсий ва оилавий муаммолар сабаб бўлганини кўрсатган.
Озарбайжон қуролли ҳужумдан кейин мамлакат элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқчи эканини айтиб чиқди.
“Озарбайжон мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонаси хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. Элчихона ходимларини Озарбайжонга эвакуация қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда”, дейилган Озарбайжон ТИВ расмий вакили.
Унинг таъкидлашича, Эрон мезбон давлат сифатида элчихона хавфсизлигини таъминлаши керак эди, аммо бу амалга ошмади. Шунинг учун Озарбайжон Эрон томондан тегишли чоралар кўришни талаб қилади.
Озарбайжон мазкур ҳолатга жавобгар шахсларни аниқлаш ва жазолаш учун тегишли халқаро механизмлардан фойдаланишини маълум қилган. Расмий Боку бундай ҳужумга яқинда Эронда ўтказилган Озарбайжонга қарши кампания сабаб бўлган деб ҳисобламоқда.
Шунингдек, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
“Мамлакатнинг Эрондаги дипломатик ваколатхонасига таҳдид қилишга уринишлар аввал ҳам бўлган. Эронга бу каби ҳолатларга қарши чоралар кўриш, дипломатик миссия хавфсизлигини таъминлаш масаласи доимий равишда кўндаланг қўйилади. Афсуски, сўнгги террорчилик ҳужуми бизнинг қатъий мурожаатларимизга Эрон томонидан етарлича эътибор қаратилмаганини кўрсатади”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев элчихонага уюштирилган қуролли ҳужумни қоралаб, уни террорчилик ҳаракати деб баҳолади.
“Бугун Теҳрондаги элчихонамизга қарши содир этилган террористик ҳаракатни қатъиян қоралайман. Биз ушбу ҳаракатни тезкор текширишни ва террорчиларни жазолашни талаб қиламиз. Дипломатик ваколатхоналарга қарши террористик ҳужумга йўл қўйилмайди”, деб ёзган Озарбайжон раҳбари.
Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи
Шу ҳафтанинг 26 январь кунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга отланди.
Давлат ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чеккан.
Давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳужжатлар алмашилди. Жами 25 та ҳужжат имзоланган, шу жумладан:
• Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома;
• Қирғиз Республикасида автомобиль ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур;
• Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга Баённома;
• Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома.
Вазирлик ва идораларлар ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш, инновациялар ва илмий тадқиқотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, шунингдек, Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш режаси имзоланди.
Шунингдек, Жиззах ва Иссиқ-кўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалол-обод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланди.
Энг муҳими Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара делимитацияси бўйича якуний келишувга эришди.
27 январь куни Бишкекдаги “Ала-Арча” қароргоҳида давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президентини расман кутиб олиш маросими бўлиб ўтгач, раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бошланди.
Учрашувда томонлар охирги икки йилда ўзаро муносабатларни мутлақо янги даражага олиб чиқишга эришганини таъкидлади. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилгани эса тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.
“Мен ҳамкасбимга чегара масаласида шахсан ёрдам бергани учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Агар унинг сиёсий иродаси бўлмаганида, бугун биз бундай натижаларга эришмаган бўлардик. Бу ишлар “эртага” ортга деб суриб келинди. Орадан 30 йил ўтди ва биз бу масалаларни ҳал қилганимиз йўқ эдик. Шунинг учун мен сизга яна бир бор раҳмат айтмоқчиман. Музокаралар якунланди, тарихий шартнома тузилди. Бу қардош халқларимиз томонидан катта иштиёқ билан кутиб олинди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Қирғизистон Президенти Матбуот хизмати хабарига кўра, келишувга мувофиқ умумий узунлиги 302,29 километр бўлган чегара чизиғи, жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг 35 та участкаси белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон ўз ҳудудига Андижон (Кампиробод) сув омборининг 4957 гектарини ҳамда тўғонни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектарни олади. Қирғизистон компенсация сифатида 1019 гектар яйловни олади.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар кенгаши депутатлигидан кетди
Қирғизистонда шундай муҳим масалалар ҳал этилаётган бир пайтда, собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳар кенгаши депутатлигидан муддатидан олдин истеъфога чиқди. Тегишли қарор 27 январь куни шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган.
Қонунчиликка кўра, сенатор ва кенгаш депутати ваколат муддати давомида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил январь ойида ЎзЛиДеП партиясидан 48-сайлов округидан Кенгаш депутати, сўнгра беш йиллик муддатга сенатор этиб сайланган эди. Унинг ваколат муддати 2025 йилнинг январигача бўлган.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаган Бахтиёр Раҳмонов лавозимга киришибоқ мажлис ўтказди ва бир ҳафта мобайнида барча туманлардаги маҳаллаларда аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, содир бўлаётган узилишларни қисқа вақт ичида бартараф қилиш чора тадбирлари кўрилишини айтди. У лавозимга тайинланганига 12 кун бўлди. Маҳаллангизаги газ “свет” билан боғлиқ муаммолар бартараф этилдими? Бу ҳақда изоҳларда ёзиб қолдиринг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь