Ўзбекистон биринчи хоними Туркияга борди
Жамият
−
15 Ноябрь 2023
25809Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси – биринчи хоним Зироат Мирзиёева Туркия Республикаси биринчи хоними Эмина Эрдўғаннинг таклифига биноан кеча, 14 ноябрь куни Истанбул шаҳрига етиб борди. Меҳмонни аэропортда Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ясин Экрем Серим кутиб олган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Зироат Мирзиёева бугун, 15 ноябрь куни Туркия Республикаси Президентининг рафиқаси Эмина Эрдўған томонидан дунё биринчи хонимлари учун ташкил этилаётган "Фаластин учун ягона юрак" саммитида иштирок этади.
Ташрифда Зироат Мирзиёевага кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳамроҳлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этган Ражаб Тойиб Эрдўған 15 ноябрь куни рафиқаси дунё биринчи хонимлари иштирокида Фаластин учун йиғин қилаётганини айтиб, иштирокчи давлатлар раҳбарларидан ушбу тадбирни қўллаб-қувватлашни сўраган эди.
ИҲТ саммити баҳонасида турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қилиб, Тошкентга келган Эмина Эрдўған Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева васийлигидаги “Zamin” фонди томонидан ташкил этилган "Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши" халқаро форумида нутқ сўзлаб, Фаластиндаги болалар ва аёллар дардини очиқ айтди.
Биринчи хоним Эрдўған қон тўкилишини тўхтатишнинг ягона йўли масалага диний ва тарихий ришталардан, сиёсий ва тижорат алоқаларидан холи равишда виждон ва раҳм-шафқат назари билан қараш эканини айтди.
У Мьянма, Сомали, Украина ва Сурияда бўлгани каби Фаластинга нисбатан ҳам дунёдан худди шундай муносабатни кутаётганини билдирди. Дунёда ҳеч бир шафқатсизликни жим кузата олмайдиган Туркия, аввал ўт очишни тўхтатиш, кейин эса доимий тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қатъият билан давом эттиришини айтди.
“Чунки биз болалар ўсиб-улғайиб, ер юзини қонлари билан эмас, табассумлари билан бўяшлари мумкин бўлган дунёни хоҳлаймиз. Уларнинг номларини шаҳидлар рўйхатида эмас, балки медаллар, инсоният манфаати учун яратилган ихтиролар, китоблар, санъат асарларида кўришни истаймиз. Освенцимда (Освенцимдаги концлагер, Польша – таҳр.) оиласидан айрилган виждонли яҳудийлар Фаластиндаги қон тўкилишини тўхтатиш учун курашар экан, қирғиннинг геноцидга айланаётганини кузатиб турмаган жамиятларнинг фарёди осмонга кўтарилгани сари инсониятдан умидларимиз ортиб бормоқда”, деган Эмина Эрдўған.
LiveБарчаси