Педофил амалдорлар иши: қизлар ўзи рози бўлганми?
3-саҳифа
−
04 Ноябрь 2023
7952Шу йилнинг апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов томонидан зўрлаб келингани маълум бўлгани ёдингизда бўлса керак. Мазкур масала тармоқларни портлатди. Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлагани эса норозиликларга сабаб бўлди.
Суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг тармоқларда муҳокамалар ортди. Оддий одамларнинг арзимаган айби учун 5 йилдан кўп, амалдорларга педофиллик қилса 3 йил жазоми?”, деб ёзмоқда тармоқ фойдаланувчилари. Айбдорларга кам муддатли жазо берилгани уларнинг орқасида “анча катталар” тургани билан боғланди. Хўш, ҳақиқатан ҳам педофил амалдорларни қўллаётганлар борми? Айнан шу савол билан Олий суд раиси ўринбосари Икромжон Муслимовга юзландик.
“Йўқ, бугунги кунда уларнинг орқасида кимдир турганлиги ҳақидаги иддаолар нотўғри. Суд дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айб доирасида иш қилади. Жиноят судини олий суддан бекор қилиб, янгитдан кўриш юборилганда номусга тегиш аломатлари борми ёки йўқми, дея савол қўйилган. Дастлабки тергов органи "судланувчиларнинг ҳаракатларида номусга тегиш аломатлари йўқ", дегандан кейин суд эълон қилинган айб доирасида иш кўриб, шу бўйича жазо берди", дейди Олий суд раиси ўринбосари.
Суд ҳукмига изоҳ берган Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага кўра, бу вазиятда Жиноят кодексининг 118-моддасида айтилганидек, жабрланувчилар билан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилганлиги ҳолати аниқланмаган. Шу ўринда савол туғилади: агар амалдорларнинг хатти-ҳаракатида номусга тегиш аломатлари бўлмаса, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг ўзи амалдорларга розилик билдирганми?
“Мен айтмоқчиман, жиноят ишини ман ўзим ҳали ўргандим. Мен бугун Тошкент шаҳар суди қабул қилган ҳолат бўйича фактни эълон қилиш учун келдим. Қизларнинг ўзлари рози бўлганми деган саволга улар кассация шикояти ёзган тақдирда, иш олий судда кассация инстанциясида 3 та судья томонидан кўрилганидан сўнг айтишим мумкин", дейди Муслимов.
Олий суд томонидан берилган маълумотларига қарасак, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязовларга тайинланган жазода мансаб ваколатидан фойдаланганлик учун ҳеч қандай жазо берилмаган. Мазкур масалага изоҳ берган Икромжон Муслимов:
“Судлар эълон қилган айб бўйича иш кўради. Бизга битта одамни айблаб бердими, биз шуни айби борми ёки йўқми, шу бўйича иш кўрамиз. Суд терговида ҳам айбдор деб берилган шахснинг айби бор-йўқлигига баҳо берилади. Судлар жиноий таъқиб билан шуғулланмайди. Суд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора эмас, мустақил ҳокимият”, дейди Муслимов.
Олий суд раиси ўринбосарининг қўшимча қилишича, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини амалдорлар қўлига топширган Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Юлдуз Худойбергановага тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган. У ёки унинг ҳимоячиси томонидан суд ҳукмига нисбатан, шикоят ёки протест келтирилмаган.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, 2022 йилнинг сентябрь ойида биринчи инстанция Худойбергановага нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (18 ёшга тўлмаган айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси), 167-моддаси 2-қисми “г” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Мансаб сохтакорлиги) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли, деб топилган ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси