Сергелидан нечта ўлик чиқди? Фожианинг иккинчи кунидан репортаж
Жамият
−
29 Сентябрь 2023
30778Хабарингиз бор, кеча, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида жойлашган “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхона портлаши оқибатида ҳудудда ёнғин чиқди. Омборга яқин бўлган кўп қаватли уйларга зарар етиши оқибатида хонадонларнинг ойнаси синиб, таъмирлашга муҳтож ҳолга келиб қолган. Воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида яшайдиганлар тонгни эшик, ромсиз оттирди. Улар ҳозиргача бўлган воқеани кўзида ёш билан эсламоқда.
“Ром бўлмагани учун бироз совуқ бўлди, набира, келинларни онасиникига жўнатиб юбордик. Хотиржам ухладик, қўрқув бироз йўқолди. Лекин бироз гумбурлаш бўлганида яна бошландими деб қўрқдим. Атрофдаги одамларни кўриб хотиржам бўлдим. Ҳаммага яна бир бор раҳмат айтаман. Биз 8-қаватда яшаймиз. Овқатларимизни ҳам олиб чиқиб беришяпти”, дейди аҳоли вакилларидан бири.
Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов бориб, ҳолатни ўрганди ва аҳоли билан суҳбатлашди. Унга ўринбосари Очилбой Раматов ва пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳамроҳлик қилганини кўриш мумкин.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов QALAMPIR.UZ журналистининг саволларига жавоб берар экан портлаш вақтида жароҳатланиб вафот этган 17 ёшли Аброрхўжа Аббосхўжаевнинг оила аъзолари билан суҳбатлашгани ва унинг оиласига ёрдам берилишини айтди.
“Марҳумнинг ота-онаси билан гаплашдим. Улар жудаям тушкун ҳолатда. Фарзанд доғини душманингизга ҳам раво кўрмайсиз. Ҳамма ёрдамни қиляпмиз, лекин, ўзларига ҳам айтдикки, бироз ҳолатлари яхшилангач, яна кўришиб, суҳбатлашамиз. Хотиржам бўлгач, нима ёрдам кераклигини айтишса, албатта ёрдам берилади”, дейди Умурзоқов.
У сўзида давом этаркан, атрофидаги саховатпеша дўстлари ҳам жим қараб турмагани, кимга қандай ёрдам керак бўлса, кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
“Қанча ўртоқ ва танишларим қўнғироқ қилиб, кимга нима ёрдам берайлик, деб сўрашмоқда. Бундай одамлар йўқ эмас. Вилоят ҳокимлари қўнғироқ қилишяпти, нима ёрдам берайлик [деб сўрашяпти]. Раҳмат, Ҳукуматимиз томонидан ҳамма шароит қилиб берилди”, дейди Умурзоқов.
Ижтимоий тармоқларда Сергелида содир бўлган фожиавий портлашда нафақат бир ўсмир, балки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ходимлари ҳам вафот этган, деган хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов мазкур масалага тўхталар экан шундай деди:
“Бу даражада етказилган зарарга оператив чоралар кўриш мақсадида Президентимизнинг топшириғига асосан Ҳукумат раҳбари Абдулла Нигматович билан соат 03:00 да етиб келганмиз. Ҳукумат раиси келганларида ўчириш ҳақида гапирмадилар, ҳудуддаги халқнинг ҳаёти нима бўлишини ўйладилар. Давлат идоралари, 12 та туман ҳокими ва унинг сектор раҳбарлари, барча коммунал хизматлар елкама-елка туриб, оператив шаклда ҳамма масалаларни ечгани учун “дўстларимиз”, албатта бундай гапларни чиқаради”, дейди Шавкат Умурзоқов.
Ҳоким туни билан хизмат қилган ва эшик, ромларни вақтида етказиб берган барча тадбиркорларга раҳмат айтаркан, улар томонидан олиб келинаётган ҳар бир маҳсулот пули келишилган нархда сотиб олиниши ва бу вазиятда тадбиркорнинг бўйнига ҳеч қандай қўшимча мажбуриятлар юкланмаслигини айтди.
“592 та хонадон таъмирланаётган бўлса, ромларнинг умумий миқдори 3,5 кв.м ни ташкил қиляпти. Тадбиркорларга раҳмат айтаман. Қурилиш моллари, эшик ва ромларни етказиб бераётган ҳар бир тадбиркорлар нархини 30 фоиз арзон қилиб беришмоқда. Бундан ташқари уй ва хона эшиклари ҳам олиб келинмоқда. Шуни алоҳида айтиш керакки, ҳар бир тадбиркорнинг пули берилади ва уларнинг бўйнига ҳеч нарса қўйилмайди”, дейди Умурзоқов.
Унинг қўшимча қилишича, ҳудуддаги битта болалар боғчаси ва мактаб ҳам капитал таъмирдан чиқарилади. Қолаверса, аҳоли яшайдиган ҳудудда болалар майдончаси, автотураргоҳ ва қарияларнинг дам олиши учун боғ ҳам ташкил қилинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь