Комиловнинг ўғли тарих устидан сарой қуряпти
Таҳлил
−
06 Июль 2023
36515Президент маслаҳатчисининг ўғли Тошкентда “Кремль”монанд меҳмонхона қуради. Ҳа, тўғри эшитдингиз – Тошкентда яна бир ҳайбатли меҳмонхона қад ростлайди. Меҳмонхона локацияси собиқ Давлат хавфсизлиги хизмати биноси.
Орангизда “ия, ДХХнинг собиқ биноси Маданий мерос объектлари рўйхатида эди, қандай қилиб меҳмонхона қурилади?” дейдиганлар ҳам топилади. Қурилади. Қандай қилиб, ким томонидан эканини QALAMPIR.UZ суриштирувини кўриб билиб оласиз.
Иншоот маданий мерос объектлари рўйхатида бўлганми?
ДХХнинг собиқ [“Марказий бино”] биноси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябридаги 846-сонли қарорига кўра, архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган, ҳамда ушбу қарорда мазкур бино бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли унга гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмаслиги қайд этилган. Шунингдек, ҳужжатда Ўзбекистоннинг барча вилоят ва туманларидаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатини ҳам кўриш мумкин.
Маданий мерос объектлари рўйхатида бўлган бинони хусусийлаштириш мумкинми?
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.
Бино нима учун сотувга қўйилди?
Давлат активларини бошқариш агентлиги 2021 йилнинг 10 апрель куни Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган “Марказий бино”сининг биноси учун оммавий савдолар жараёнлари бошланганини эълон қилади.
Моддий маданий мерос объектлари рўйхатида бўлган ва аслида сотиш мумкин бўлмаган бинонинг нима учун сотувга чиқарилганига қуйидаги ҳужжатни асос қилиш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати келтирилган. Бу рўйхатдан Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасидаги Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биноси борлигини ҳам кўриш мумкин. Демак, бу маданий мерос объекти ўз-ўзидан эмас. Шахсан Президент имзолаган фармон билан сотувга чиқарилган.
Маданий мерос агентлиги катталари нима дейди?
Шу билан бино хусусийлаштирилишига оид турли гап-сўзлар тингани йўқ. 2021 йилда хусусийлаштирилиши аниқ бўлган собиқ ДХХ биноси нима учун сотувга қўйилгани жорий йилнинг 9 март куни АОКАда Маданий мерос агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
“Собиқ ДХХ биноси маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилишига инвестициялар дастурига тушган объект ҳисобланиши сабаб бўлган. Бино давлат муҳофазасида турган объект, лекин давлат мулки эмас. Бино хусусийлаштирилди”, дейди Маданий меросни асрашга доир ишларни лицензиялаш, рухсатнома бериш, илмий-техник назорат қилиш бошқарма бошлиғи Баҳодир Ҳаққулов.
Ҳаққуловга кўра, бино маданий мерос рўйхатидан чиқарилди дегани буткул ўчирилди дегани эмас, аксинча иншоотни сақлаб қолиш бўйича назорат олиб борилади.
Бино маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилгани, давлат балансидан нима учун хусусий секторга ўтказилганини тушундик. Аммо Маданий мерос агентлиги ходимлари бино тўлиқ бузилиб, ўрнида ҳайбатли меҳмонхона қуриш режа қилингани ва лойиҳа аллақачон тасдиқланганидан хабари йўқ, чоғи. Хабари бўлганда бинони сақлаб қолиш бўйича назорат олиб борилади, дейишмасди ҳар ҳолда.
ДХХ биносини ким сотиб олди?
Юқорида айтганимиздек, ДХХнинг собиқ биноси аукционда 210 миллиард сўмга “Мetropol Group” компаниясига сотилган. Ер участкасининг умумий майдони 2,2 гектарни, бино ва иншоотлар майдони ҳудуди эса 40 243 квадрат метрни ташкил қилади. Мазкур ҳудудда инжинерлик алоқа тармоқлари (сув, газ, электр, иссиқлик таъминоти) мавжуд.
Аукционда ғолиб бўлган компания кимга тегишли?
ДХХ биносига эгалик қилган “Мetropol Group” компаниясининг 100 фоиз улушга эга таъсисчиси Дониёр Абдулазизович Комилов. Шарифи сизга таниш туйилган шахс 2012 йилдан 2022 йилнинг апрель ойига қадар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, 2022 йилнинг апрелидан бошлаб Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, 2022 йилнинг июнидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили лавозимини эгаллаган Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади.
Ёзувчи Сафар Бекжон ДХХ собиқ биноси остида крематорийлар борлигини айтмоқда
Ёзувчи Сафар Бекжон 2021 йилда "Америка овози"га берган интервьюсида ДХХ собиқ биносига кириш ва архив ҳужжатларини кўришга уринганини айтади. Унинг таъкидлашича, бу бинода ўша вақтда фойдаланилган крематорийлар бўлган ва шу сабабли ҳам бу иншоот бегона қўлга топширилмаган.
“Бинода дастлаб, ВЧК, НКВД, КГБ ташкилотлари ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин хавфсизлик хизмати, кейинчалик Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари фаолият олиб борди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ёзувчилар, тарихчилар бир нечта жамоат фаоллари билан бирга 1937 йил НКВД вақтидаги ҳужжатларни ўрганиш учун Олий совет депутатлари орқали бино остида жойлашган архивга киришга рухсат сўрадик. Афсуски, шу вақтгача КГБ билан ҳамкорлик қилиб келганларгина ичкарига кира олди. Суриштирув шу билан тугамади. Кейинчалик 1996 йилга келганда аниқ ўргандик. Бинонинг остида 3 қават архив учун ажратилган. Бу архив эса Россия архиви дейилар экан. Россия Федерациясининг мулки сифатида айнан шу қаватларга ҳеч ким туша олмас экан. Бинонинг бошқа бир қисми эса КГБ қамоқхонаси дейилар эди.
Бу бинони олган одам Дилшод Комилов Россия фуқароси ҳисобланади. Унинг тадбиркорлик фаолияти Россияда. У даромад солиғини Россия бюджетига беради. Дилшод Комилов келиб, айнан шу бинога эга чиқиши иншоот остида юқорида айтилган ер остидаги уч қаватида архив сақланганлиги, бинонинг ўша қисмида одамларни куйдириб, кулини чиқарадиган крематорийлар борлигини исботлайди. Иншоот оддий одамга сотилганда у ерда КГБ томонидан крематорийдан фойдаланилгани ўртага чиқиб қолар эди”, дейди ёзувчи Сафар Бекжон.
ДХХ биноси ўрнида қад ростлайдиган меҳмонхона қандай кўринишда бўлади.
Бузилиши аллақачон бошланган бино ўрнида яхлит архитектуравий услубга эга 4 та бинодан иборат меҳмонхона қурилади. Асосий ва энг баланд бино 22 қават бўлиб, унда 27 минг кв м майдонга эга “Radisson Sollection Hotel” жойлашиши кутилмоқда. Лойиҳага кўра, меҳмонхонадаги хоналар сони эса 164 тани ташкил қилади. Мажмуа ҳудуди жамоат жойи, савдо зоналари, кинотеатр, офислар ва кўп қаватли ерости автотураргоҳни ўз ичига олади.
Янги меҳмонхонани қуриш давлат рўйхатидан ўтганига икки йил бўлган “Metropol Group” МЧЖ томонидан амалга оширилади. Orginfo портали маълумотларига кўра, “Metropol Group” 2021 йил 23 февралда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. МЧЖнинг асосий фаолият тури бизнес ва бошқарув консалтинги бўлиб, 100% улушга эга таъсисчи – Дониёр Абдулазизович Комилов ҳисобланади.
Тарихий бинонинг бузилишига мутахассислар нима дейди?
Урбанист (шаҳарсоз-архитектор) Искандар Солиевнинг сўзларига кўра, бир вақтнинг ўзида ташқи томондан 3 хил кўринишдаги ва бир неча давр 30-, 50-ва 70-йиллардаги модерн ҳамда постконструктивизм услубидаги архитектурани ўзида жамлаган бинони бузиб ташлаш пойтахт қиёфасига сезиларли таъсир кўрсатади.
“Албатта бизнинг юртда тарихий биноларга эътибор берилмайди, буни тушуниш керак, хафа бўлишга ҳам арзимайди. Тошкентнинг тарихини ер юзидан секин-аста йўқотиб ташлаяпмиз.
Шу ўринда менда бир қизиқ савол пайдо бўлмоқда: Атрофга умуман тушмайдиган Москва Спасская минорасини эслатувчи бу “доминанта” қанчалик тўғри архитектура? Майли қурилиш тугади дейлик, бу бинони тепа қаватлари ойналари ёпилиб ташланадими? Чунки ҳатто Туркистон саройи ёнида архитектурадан завқланиб суратга олиб турсангиз, ёнингизга миллий гвардия ходимлари келиб, расмга олиш тақиқланишини ва Оқсарой биноси борлигини эслатади. Меҳмонхонанинг рўпарасида Оқсарой биноси жойлашган, демак, баланд қилиб қурмасдан ўша эски архитектурани сақлаган ҳолда реновация қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, дея бу ҳолатга муносабат билдирган Искандар Солиев.
Яна бир шаҳаҳсоз-архитектор Отабек Умаровнинг сўзларига кўра, қурилиши керак бўлган ҳар қандай бино мавжуд ва яроқли бўлган бино ўрнига эмас, бўш жойга қурилса, тўғри бўлади.
Бир неча мутахассис билан суҳбатда бўлганимизда бу бинонинг маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилиши ва тарихий бинонинг бузилиши катта хато бўлганини айтди.
Қайси давлатга саёҳатга борманг ўз тарихи, ва биноларини борича сақлаганига гувоҳ бўласиз, айниқса, бино маданий мерос объектлари рўйхатига кирган бўлса. Афсуски, Ўзбекистонда на рўйхатга қараляпти, на иншоотнинг тарихий эканлигига. Топган қаричимиздан уйлар қуриш, шаҳарни қўғирчоқ шаҳарга айлантириш билан шуғулланяпмиз. “Мумкин эмас” деб ёзилган жойларини эса ўзимизга тўғрилаб олишга ҳам устамиз.
Афсуски, масъуллар саволга тутилгани, бино рўйхатдан чиқарилиши мумкин эмаслиги айтилгани билан Маданий ва сиёсий мерос бузилиши аллақачон бошлаб юборилди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси
26 Ноябрь