Тошкентда ўлим хавфи бор. “СЭС” тошкентликлар қотилига айланмоқчими?
Таҳлил
−
08 Июль 2023
257937 июнь куни QALAMPIR.UZ’да “Тошкентда 100 йиллик вируслар қўзғалиши мумкин” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Шайх Шиблий” маҳалласи фуқаролари таҳририятга мурожаат қилиб, 1918 йилда ўз ишини бошлаган ва юқумли касалликлар учун махсус дорилар, вакциналар ишлаб чиқарган Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ўрнида 14 та 22 қаватли, 6 та 16 қаватли турар жой мажмуаси қурилиши бошлангани, фуқаролар институт ҳудудида ҳайвонлар қабристони ва махсус “беккери” ўралари борлиги учун қурилишдан хавотирда экани айтилган эди.
Суриштирув QALAMPIR.UZ’да эълон қилингандан сўнг, “BIOFARM PLUS” МЧЖ юристи таҳририятга келиб, бир нечта ҳужжатлар тақдим этди. МЧЖ юристига кўра, қурилишга халал берадиган ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас ва фуқаролар айтаётган “беккери” ўраси ва ҳайвонлар қабристони Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудида йўқ.
Дастлаб МЧЖ раҳбари ўринбосари интервью беришини айтган жамият вакили орадан вақт ўтиб, 30 май куни ердан олинган намуна жавоблари чиққанидан кейин интервью бериш тўғри бўлишини айтди.
Жамият юристи my.gov.uz портали орқали Қурилиш вазирлиги Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси Юнусобод қурилиш бўлими томонидан “Объект ихтисосини ўзгартириш ва реконструкция қилиш” ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этди.
Юристнинг берган қўшимча ҳужжатларига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев 2023 йил 26 апрель куни МЧЖга маълумот бериб, Президент администрацияси ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши топшириғига кўра, 2023 йил 13 апрель куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва унинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мутахассислари томонидан жойига чиқиб “BIOFARM PLUS” МЧЖ томонидан қурилиш бошлангани бўйича комплекс ўрганиш олиб борганини маълум қилган.
“Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудидан ўта хавфли юқумли инфекциялар қўзғатувчиларнинг мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар олинган.
Намуналар Санэпидқўмнинг ўта хавфли юқумли касалликлар лабораториясига ҳамда бир вақтнинг ўзида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Санэпидқўмнинг Тошкент шаҳар бошқармаси лабораторияларига юборилган.
Лаборатория таҳлиллари микроскопик, бактериологик ва биологик усулларда олиб борилиб, текширув натижалари бўйича намуналарда “куйдирги” касаллигини қўзғатувчилари аниқланмади”, дейилган қўмита хатида.
Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Малика Қудратхўжаеванинг 2023 йил 18 май куни “BIOFARM PLUS” МЧЖ раҳбари Фарҳод Исоевга йўллаган жавоб хатида фуқароларнинг жамоавий мурожаати ўрганиб чиқилгани айтилган.
Хатда ёзилишича, собиқ Тошкент вакцина ва зардоблар ишлаб чиқиш илмий-тадқиқот институти ҳудудида “беккери ўралари” деб кўрсатилган ер майдонларидан 1-10 метр ва 15-1,20 метр чуқурликда тупроқ намуналари олиниб, бир нечта лабораторияларда текширилган. Таҳлил натижаларига кўра, синамаларидан ўтказилган тупроқ намуналарида “А-22 куйдирги” касаллигини қўзғатувчи микроблар аниқланмагани айтилади.
МЧЖ вакили таҳририятга тақдим этган ҳужжатлардан яна бири – 2023 йил 25 апрель куни “Тупроқ намуналарини текшириш бўйича баённома”.
Унда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ер майдонидан 2023 йил 13 апрель куни намуна олингани ёзилади. Жадвал кўринишидаги ушбу ҳужжатда намуналар қачон, қаердан, қанча чуқурликдан олингани ва намуна грамми ёзилган. Жадвалда эътиборимизни тортган нарса, ундаги “намуна олинган аниқ жой нуқтаси” деб номланган устун бўлди. Намуналар институт ҳудудидаги оддий тупроқдан эмас, балки “беккери ямаси”нинг чап томони, “беккери ямаси” ёни, “беккери ямаси”нинг маълум узоқлигидан олингани ёзилади. Бундан ташқари, “виварий”, яъни ҳайвонлар боқилган жойдан ва ҳайвонлар ташланган “климаторий”лардан ҳам намуна олингани ёзилган. Менимча, бизнинг хаёлимизга келган савол сизда ҳам пайдо бўлди. Институт ҳудудида ҳайвонлар қабристони, “беккери ямаси” йўқлиги айтилаётган, қурилиш тараддуди бошланган бир вақтда СЭС ходимлари қандай қилиб “беккери ямаси”дан намуна олишган? Шунда бу майдонда “беккери ямаси” борми ёки йўқ?
Бундан ташқари, институт берган маълумотларга кўра, лабораторияда 150 дан ортиқ вакцина, зардоб ва бошқа биопрепаратлар ишлаб чиқарилган. Вакциналар ўта хавфли юқумли касалликлар – чинчечак, ўлат, вабо, сибир яраси, геморрагик иситмалар, бруцеллез, қоқшол, қорин тифи, безгак, ботулизм, мохов ва бошқа касалликларни аниқлаш ва тарқалишининг олдини олишда ишлатилган. Демак, ердан олинадиган намуналар юқорида берилган жавобдек фақат куйдирги касаллигини эмас, балки биз санаб ўтган барча касалликлар қўзғатувчиси бор йўқлигини аниқлаши керак.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошлиғи Баҳодир Юсупалиев 2023 йил 11 апрель куни МЧЖга йўллаган хатида 2018 йилда институт ҳудудидан ўта хавфли инфекциялар қўзғатувчиларининг мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текшируви ўтказилганини маълум қилган. Унга кўра, Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан 2018 йил 25 декабрь куни, Ветеринария давлат қўмитаси мутахассислари томонидан 2018 йил 6 декабрь, қайта 2018 йил 25 декабрь кунлари чиқинди ўраларидан тупроқ намуналари олинган. Ўтказилган лаборатория текширувлари натижаларига кўра, манфий хулоса олингани айтилган.
СЭС бошлиғи Юсупалиев 2018 йилда ўтказилган текширув натижалари ҳаммаси жойида эканини айтган. 2019 йилда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудига кирган Шуҳрат кўчаси 31 уйда фаолият олиб борадиган, иш фаолиятини бошлаган ва корхонани қурган вақтида ҳеч қандай муаммога дуч келмаган “Diyor Biznes” МЧЖга қарашли сут цехи (“Молочная кухня”)да санитария назорати текшируви ўтказилди. Текширув натижаларига Ўзбекистон Республикаси Бош давлат врачи муовини Баҳром Ибрагимович Алматов ўз хулосаларини берди.
“Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан 2019 йил 10 апрелда тақдим этилган маълумотга кўра, институт ҳудудида ўлган ҳайвонлар кўмилган 3 та “қабристон” мавжудлиги, “Diyor Biznes” МЧЖ сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси “беккер ўраси” ва “муфель” печларидан тахминан 50 метр масофада жойлашганлиги кўрсатилган.
Амалдаги “Жамоат жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза этишнинг санитарик нормалари ва қоидалари (СанПиН № 0350-17) талаблари бўйича ҳайвон кўмиладиган жойлар, яъни биологик камералардан санитария-ҳимоя минтақасигача бўлган масофа 500 метрни ташкил этиши керак”, дейилади Алматовнинг МЧЖга йўллаган хатида.
Ия, СЭСнинг ўзи бир вақтлар институт ҳудудида ҳайвонлар қабристони бўлганини айтган эканку деяпсизми? Ҳа айтган. Ҳали шошмай туринг, нафақат айтган, балки “Diyor Biznes” МЧЖни судга берган ва ютиб ҳам чиққан.
МЧЖда ўтказилган юқоридаги текширувлардан сўнг, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази МЧЖ фаолиятини “Тақиқлаш, тўхтатиб қўйиш тўғрисида” судга даъво аризасини киритади.
2019 йил 29 август куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида суд мажлиси бўлиб ўтади. Аризачи – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати маркази. Жавобгар – “Diyor Biznes” МЧЖга қарашли сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи.
Ҳал қилув қарорида МЧЖга қарашли сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехида 2019 йилнинг 8-10 апрель кунлари санитария текшируви ўтказилганлиги, текширишда МЧЖнинг ишлаб чиқариш цехида бир қатор жиддий камчиликлар аниқланганлиги, бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2019 йил 10 апрелдаги маълумотига кўра, МЧЖ жойлашган манзилда эпидемиологик вазият ва ўлган ҳайвонлар кўмилган 3 та қабристон, “беккер ўраси” ва “муфель” печлари мавжудлиги, ушбу ҳолатда санитария ҳимоя масофаси бўйича белгиланган талаблар бузилганлигини важ қилиб, МЧЖнинг фаолиятини камчиликларни бартараф этгунга қадар тўхтатиб қўйиш сўралган.
Суд мажлисида МЧЖ вакиллар томонидан корхонада камчиликлар бартараф этилгани қолаверса, МЧЖ 2014 йилда мазкур бино-иншоотни сотиб олган вақтидан шу кунга қадар ҳайвонлар қабристони, “беккер ўраси”, ва “муфель” печлари борлиги ҳақида маълумотга эга бўлмагани ва бу ҳақда ҳеч бир ҳужжатда маълумотлар мавжуд эмаслиги баён қилиниб, даъвони рад этишни сўраганига қарамай, суд аризачининг талабини тўлиқ қаноатлантирган ва цех фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида ҳал қилув қарорини эълон қилган.
Шунча маълумотни кўриб, бир ташкилотдан келган бир нечта ва бир-бирига қарама-қарши бўлган жавоб хатларию, ҳал қилув қарорларини ўқиб, бошимиз ҳам айланиб қолди.
Бу вазиятда ким алдаётгани ёки қайси ҳужжат сохталигини биз билмаймиз. Биз кечани гапи бугунга тўғри келмаётгани учун “BIOFARM PLUS” МЧЖ раҳбарлари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси “катта”ларига ойна тутдик. Олдинда эса 30 май куни ердан олинган намуна натижалари бизни кутмоқда. Қўмита намуна жавобларини очиқлаганидан сўнг бу мавзуга яна қайтамиз.
LiveБарчаси