Акулага ем бўлган россиялик, Ўзбекистонда ўлаётган туристлар, айбланаётган Оллоқулов - Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
11 Июнь 2023
19106Ўзбек 50-60 даража иссиқда ҳам 70 даражада қайнаган чой ичади. Қоқ офтобда далада меҳнат қилади. Кун қизиганда ишлари авжига чиқади. Бизнинг иссиғимизга, айниқса, сўнгги йилларда чўллашиш, дарахтсизлашиш, яшиллик устидан бошлаган курашимиз ортидан кучайган иссиғимизга, ўзимиздан бошқачаси чидай олмаяпти. Чидай олмайдиям-да. Мана масалан Бухорода Испания фуқароси тўсатдан ҳушидан кетиб, вафот этди. Узунқулоқ гапларга қараганда, унинг ўлимига иссиқ таъсир қилган. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. Тугаётган ҳафта воқеалари таҳлили билан танишинг.
Хидирназар Оллоқулов ИИБ ходимларига ҳужум қилдими?
Тугаётган ҳафтада Фарғонада “Хақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини тузиш учун имзо тўплаш жараёнида Хидирназар Оллоқулов бир нечта тарафдорлари билан икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказгани айтилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Бугунгача ижтимоий тармоқларда ушбу шахс ҳақида кўплаб баҳсли хабарлар тарқалган. Унинг ўзи халқаро оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсидаўтказаётган йиғилишларида одамлар томонидан босим ва зўравонликка учраганини айтган. Аммо Ички ишлар тизими у билан боғлиқ вазият ҳақида биринчи марта хабар берди.
Айтилишича, 7 июнь куни соат 09:10 да Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳридаги “Ислом Каримов” номидаги санъат саройи ҳудудида Хидирназар Оллоқулов “Хақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” деб номланган партиясини тузиш мақсадида имзо тўплаш ишлари олиб борган. Мазкур жараён вақтида Оллоқулов ва бир нечта фуқаролар (шахси аниқланмоқда) ўртасида низоли ҳолат юзага келган.
Бошқарманинг қайд этишича, мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Хидирназар Оллоқуловнинг Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига қилган мурожаати Ички ишлар ходимлари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган.
Шунингдек, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими биносининг ташқарисида Хидирназар Оллоқулов 1971 йилда туғилган фуқаро билан ўзаро тушунмовчилик оқибатида жанжаллашган.
“Гўёки унинг имзо йиғиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аралашув бўлаётганлигини асоссиз важ қилиб, шаҳар ИИО ФМБ ҳудудига қайтиб кириб, Ички ишлар органлари ходимлари билан жанжал уюштирган. ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасдан, фукаро Хидирназар Оллоқулов ўз тарафдорлари А.Ш. ва Т.Ш. билан фаол қаршилик кўрсатиб, ўз хизмат вазифасини бажараётган икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказган”.
Баёнотда ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган. Бироқ Хидирназар Оллоқулов ва унинг тарафдорлари ИИБ ходимларига айнан қандай тан жароҳати етказгани, суд-тиббий экспертизаси тайинланган ё йўқлиги, ходимларнинг ҳозирги аҳволи ва жароҳатлари ҳақида маълумот берилмаган.
Термиз ва Нью-Йоркни бузилган об-ҳаводан бошқа нима боғлайди?
АҚШ ва Ўзбекистон. Америка элчиси Жонатан Хеникнинг фикрича, икки мамлакат муносабатлари ўтган 30 йиллик дипломатик тарихда ҳеч қачон бугунгидек яхши бўлмаган. Бизнингча, ҳам шундай, муносабатлар шу қадар яхши. Мамлакатларда ўхшашлик жуда кўп, ҳатто, об-ҳавоси билан. Тугаётган ҳафта АҚШнинг туризм пойтахти ва иқтисодий маркази Нью-Йорк ва ўзимизнинг Термизни деярли ажратиб бўлмайдиган бўлиб қолди. Улар худди икки томчи сувдек бир-бирига шу қадар ўхшайди. Гапниям олиб қочасанда, деманг. Исботлаб бераман.
9 июнь куни Термиз шаҳри ва унга яқин бошқа ҳудудларда кучли чанг бўрони кузатилди. Қум бўрони туфайли кундуз куни шаҳарда ҳатто тунги чироқлар ёқилган. Термизда кўриниш масофаси 200 метргача чекланган. Шунингдек, шаҳар аэропорт учиш-қўниш йўлагида кўриниш масофаси 500 метргача чекланган. Шамол 11 м/с тезликда эсган.
Ўзгидромет етакчи мутахассиси, иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳадовнинг айтишича, Термиздаги бу чанг бўрони минтақада қурғоқчилик, чўллашиш жадал тарзда давом этаётганидан яна бир сигнал.
Ана энди навбат Нью-Йоркнинг ўзимизнинг Термизга ўхшашига келди. Бу ҳақфта Канадада давом этган кучли ўрмон ёнғинлари туфайли Нью-Йорк зич тутун билан қопланди.
Нью-Йорк мэри Эрик Адамс аҳолини очиқ ҳавода сайр қилишни чеклашга чақирган. Мактабларнинг очиқ ҳаводаги фаолияти ҳам бекор қилинган. Шунингдек, одамларга ниқобсиз кўчага чиқмаслик тавсия этилмоқда. Шаҳар кўчалари худди ковид пайтидаги ниқобли одамларга тўлган. Сурат ва видеолардан кўриняптики, Нью-Йорк жигарранг тусга кирган.
Маълумки, Нью-Йорк шаҳри дунёда ҳаво сифати энг ёмон шаҳарлар орасида иккинчи ўринда туради. IQAir хизматига кўра, кеча бу кўрсаткич кескин юқорилаган, ҳаттоки бу борада етакчи бўлган Деҳлини ҳам ортда қолдирган. Бир вақтлар бу натижага Тошкент эришган эди.
Нью-Йорк қанчалик ифлосланган шаҳар бўлмасин, у ерда экология, хусусан яшилликка нисбатан эътибор анча юқори. Масалан шаҳарнинг қоқ маркази, бизнес ҳудудида 40 гектарга яқин майдонда ўрмонни эслатувчи марказий боғ жойлашган. Агар бизда шаҳар ўртасида шундай бўш ҳудуд қолиб кетган бўлса борми, ўша ерга ҳам ё ситй қуришади ё энг камида пластик қопламаларга тўлган сохта шаҳарчага айлантирилади ва киши кўзига ўртасига кўл пайдо қилинади.
Ички ишларга соғ кирган эркакнинг ўлиги чиқди
Ўтган ҳафтадаги дастуримизда 21 яшар Ҳафизуллоҳ Турғунбоев Чилонзор тумани Ички ишлар бўлими биносига ўз оёғи билан кириб, у ердан оғир аҳволда чиққани ва шифохонада вафот этгани ҳақида айтган эдик. Ички ишлар вазирлигига ишонилса, Турғунбоев ўзини Ички ишлар бўлими биносининг 4-қаватида жойлашган ҳожатхона деразасидан ташлаган ва бир ҳафта кома ҳолатига ётиб, вафот этган.
Бу ҳафта ҳам яна ички ишлар бўлимига соғ кирган одамнинг у ердан жасади чиқди. Бу сафар у ўзини ҳеч қаердан ташламаган. Аксинча, қийноқлар оқибатида вафот этган.
Вазирлик маълумотига кўра, бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган Юқори Чирчиқ тумани Янги бозор МФЙда яшаган, 1987 йилда туғилган лўли элатига мансуб Усмон Салимбоев Бўка тумани ИИБда сўроқ қилинган.
Аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22:00 ларда гумонланувчи Усмон Салимбоев Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган.
Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра Салимбоевнинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган.
Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Бундан ташқари, мазкур салбий ҳолатга алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.
Шунингдек, Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Ишга алоқадор тезкор ходимлар ўз жиноий қилмишларини рад этган. Шу боис марҳумнинг танасидаги тан жароҳатлари борлигини ҳисобга олиб прокуратура томонидан қўшимча гистологик (ички органлар ва тўқималардаги жароҳат вақти ва даражасини аниқлаш бўйича) экспертиза тайинланган. Мазкур экспертиза маълум муддат талаб қилади ва унинг хулосаси ва тўпланган далиллар бўйича ходимларнинг жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.
Айни вақтда вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Кўпинча бундай воқеалардан четда қоладиган омбудсман бу сафар жим туролмади. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова Бўкадаги қийноқ билан боғлиқ ҳолатни қоралади. Унинг билдиришича, гумонланувчи ёки айбланувчилар суриштирув ва тергов жараёнида калтакланиб, вафот этиши мумкин эмас.
Қийноқ “жамият танасидаги касаллик” ҳисобланади. Шунингдек, омбудсман томонидан бундай касалликни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши кераклиги, у қийноқларнинг барвақт олдини олиш воситаси экани айтилган.
Билдирилишича, қийноққа оид хабарлар Омбудсман назоратига олиниб ўрганилмоқда. Бўкада содир бўлган ҳолат суд-тергов жараёнларида қийноқ деб аталмиш иллатга ҳали-ҳануз йўл қўйилаётганини тасдиқлайди.
Биз шунча пайтдан бери нима деётгандик, Феруза опа? Худди бугунгача бундай гапларни эшитмаган одамдек гапирманг. Ўтган йилнинг октябрь ойларида андижонлик Оятулло Махсумов Навоий шаҳар бешинчи минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясида ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарлар кенг жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Биз бу масалада алоҳида суриштирув ҳам ўтказдик. Ўшанда Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановдан интервью олдик. У Ўзбекистондаги қамоқхоналарда қийноқлар сони сезиларли даражада ошганини айтиб чиқди. Сизлар-чи? Сиз ҳиссиётларга тўла жавоб қайтариб, аксинча, қийноқлар бўйича ҳолатлар тасдиқланмаётгани, қийноқлар бўйича мурожаатлар 5-10 йил илгари содир бўлган ҳолатлар бўйича эканини айтдингиз. Бугун эса бошқача гапиряпсиз. Ўртоқлар, битта гапда туринглар. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ва қамоқхоналарида қийноқ борми ё йўқ?
Испания фуқароси Ўзбекистонда вафот этди
Сўзим аввалида айтганим – биздаги иссиққа бошқа мамлакат фуқаролар бардош бера олмаслиги масаласига мана энди навбат етиб келди.
7 июнь куни Испания фуқароси 1958 йилда туғилган Амез Перез Антонио Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган Ҳақиқат кўчасида буюмлар савдо растаси олдида савдолашиб турган вақтида тўсатдан ҳушидан кетиб, воқеа жойида вафот этди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, тез тиббиё ёрдам мурожаат қилинганда шифокорлар гуруҳи ярим соатда ҳам етиб келмаган. Бош прокуратура воизи Ҳаёт Шамсутдиновнинг билдиришича, тез тиббий ёрдам ходимлари воқеа жойига Амез Перез Антонио тоби қочиб йиқилганидан сўнг 22 дақиқа ўтиб, етиб борган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Орадан бир неча кун ўтса ҳам хорижлик меҳмоннинг вафоти сабаблари очиқлангани йўқ.
Италия фуқаросини Фарғонада машина уриб ўлдирди
Ўзбекистонга саёҳат қилиб жон берган фақат испаниялик Амез Перез Антонио эмас. Фарғона вилоятида велосипед ҳайдаб кетаётган Италия фуқароси ҳам бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди. У Nexia-2 уриб кетиши оқибатида вафот этди. Воқеа 2 июнь куни содир бўлган бўлсада, бунинг иси жорий ҳафтада чиқди.
Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани “Азимобод”маҳалласини кесиб ўтувчи Боғдод-Олтиариқ йўлининг 2-километрида юз берган. 2002 йилда туғилган Nexia-2 ҳайдовчиси велосипедни бошқариб кетаётган 1956 йилда туғилган чет эллик аёлни уриб юборган.
Оқибатда жабрланувчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, вафот этган.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Россиялик сайёҳни акула еб қўйди
Сайёҳларнинг бахтсиз ҳодисаларга учраб, вафот этиши билан боғлиқ ҳолатлар нафақат бизда, балки бошқа мамлакатларда ҳам содир бўлмоқда. Хусусан Мисрдаги воқеа анча даҳшатли. Гап шундаки Мисрнинг Хургада шаҳридаги пляжда россиялик 24 ёшли сайёҳни акула еб қўйди. Воқеа жойидан олинган видеолардан кўриш мумкинки, йигит акуладан қочишга ҳаракат қилганига қарамай, наҳанг уни барибир ўлдирган. Бундан ташқари, яна бир қиз ҳам бу пайтда сувда бўлиб, у қочиб қолишга улгурган.
Маҳаллий аҳоли вакиллари қайиқда йигитни қутқаришга ҳаракат қилган, аммо бу вақтда у аллқачон акуланинг ўлжасига айланиб бўлганди. Йиртқич жонзот воқеадан сўнг ҳудуддаги бошқа пляжларда ҳам кўриниш берган. Хабарларга кўра, ҳодисадан кейин шаҳардаги барча пляжлар ёпилган.
Россиянинг Хургададаги бош консуллиги шаҳардаги мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, сувда ҳушёр бўлишга ва маҳаллий ҳокимиятнинг чўмилиш ва шўнғиш бўйича тақиқларига риоя қилишга чақирган.
Орадан кўп ўтмай акула маҳаллий балиқчилар ва қутқарувчилар томонидан ушланган. Бироқ акуланинг кейинги аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.
Қайд этилишича, акула ҳужумига учраган россиялик Мисрга жорий йилнинг июнь ойи бошида келган. У акула ҳужумига учраганда соҳилдан 35 метр узоқликда бўлган.
Дунёни ларзага келтирган портлаш
Бу ҳафта Херсондаги портлаш билан дунё ларзага келди. Ядровий урушни муҳокама қилаётган омма учун гўё бу бошланишдек. 6 июнь куни Украинанинг Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғони портлатиб юборилди. Киев ва Москва бир-бирини тўғонни портлатганликда ва Украина жанубида кенг кўламли сув тошқинига сабаб бўлганликда айблади.
Украина Қуролли кучларининг жанубий қўмондонлигининг маълум қилишича, Россия кучлари босиб олинган Херсон вилоятида совет давридан қолган Каховка тўғонини портлатиб юборган.
Ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган видеоларда тўғон атрофида кучли портлашлар содир бўлгани ва сув оқиб чиқаётгани акс этган. Баландлиги 30 метр ва узунлиги 3,2 км бўлган тўғон 1956 йилда Днепр дарёсида қурилган. У 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ва Россия назорати остидаги Запорожье атом электр станциясини ҳам сув билан таъминлар эди.
Россия ахборот агентликлари эса тўғон ўққа тутилиши оқибатида вайрон бўлганини хабар қилган. Россия назоратидаги Каховка шаҳри мэри Украинани террорчилик актида айблаган.
Украинанинг “Укргидроэнерго” компанияси Каховка ГЭСи ичкаридан содир бўлган портлаш оқибатида бузилгани, ГЭС бутунлай вайрон бўлгани ва уни тиклашнинг иложи йўқлигини маълум қилди.
Россия Тергов қўмитаси ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми "а”, “c" бандларида назарда тутилган жиноят (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишув асосида содир этилган ва катта миқдордаги мулкий зарар ва бошқа оғир оқибатларга олиб келадиган террорчилик ҳаракати) асосида жиноий иш қўзғатди
БМТ Хавфсизлик кенгаши ГЭСдаги портлаш муносабати билан Украина илтимосига кўра фавқулодда йиғилиш ўтказди. Унда БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс мазкур ҳолат Украинадаги одамларнинг аҳволи янада ёмонлашишини англатишини билдирган. Унинг таъкидлашича, БМТ ҳар қандай вақтда Россия назорати остидаги ҳудудларга конвойлар ва ёрдам ходимларини жойлаштиришга тайёр.
Россия ва Украинанинг БМТдаги доимий вакиллари эса бир-бирини Каховка тўғонини бузишда айблаган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолат Россиянинг Украинага бостириб киришининг яна бир ҳалокатли оқибати эканини айтган.
Бироқ, Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ йиғилишидан ҳам, унда айтилган гаплардан ҳам қониқмади. У БМТ ва Қизил Хочнинг Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолатга муносабатидан жуда ҳафсаласи пир бўлганини ва ҳайратда эканини айтди.
Зеленский энг йирик халқаро ташкилотлар ёрдам сўровига жавоб бермаганини ва бу аслида “дипломатик тилда” рад этиш эканини билдирган.
“Бугун мен халқаро ташкилотларга миннатдорлик билдира олмайман. Мен ҳозиргина Ички ишлар вазири билан гаплашдим. Ундан халқаро ташкилотлардан ёрдам борми, деб сўраганимда, у на БМТ, на Қизил Хоч вакиллари жавоб бермаганини айтди. Биз жавоб олмадик. Мен шокдаман”, деган 7 июнь куни Украина Президенти.
Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолат учун жавобгарлар ҳақида гапирар экан, Зеленский мазкур ҳалокат фақат Россия ва ҳозир ушбу минтақани назорат қилаётган одамлар туфайли содир бўлганини билдирган.
8 июнь куни Зеленский Херсон вилоятига бориб, Каховка ГЭСи тўғони портлаши оқибатларини бартараф этиш бўйича мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказди. У шифохоналарга жойлаштирилган одамлар билан мулоқот қилган.
Бу орада кечагини яна беш йиллик муддат учун президентликка қасам ичган Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған Путин ва Зеленскийга қўнғироқ қилиб, кўнгил сўраган киши бўлди. У ГЭСдаги портлашни текшириш учун халқаро комиссия тузишни таклиф қилди. Унинг айтишича, россиялик ва украиналик экспертлар, БМТ ва халқаро ҳамжамият, жумладан Туркия иштирокида комиссия тузилиши мумкин.
Зеленский билан суҳбатда эса Туркия раҳбари уруш давом этар экан, инсоний йўқотишларнинг олдини олишнинг иложи йўқлигини, шунинг учун музокараларни қайта бошлаш ғояси биринчи ўринда туриши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у Туркия адолатли тинчлик ўрнатиш учун қатъий саъй-ҳаракатларни давом эттиришини билдирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси матбуот котиби Шабиа Мантунинг билдиришича, Каховка ГЭСи тўғонининг вайрон бўлиши оқибатида юзага келган сув тошқинидан жабрланганлар сони 40 минг кишига етиши мумкин.
Қирғизистонда тўнтариш қилмоқчи бўлганлар ушланди
Жорий ҳафтада бошида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари “эҳтимолий давлат тўнтариши иштирокчилари”ни оммавий ҳибсга олди. Маълум қилинишича, бир гуруҳ шахслар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга тайёрланаётган бўлган.
Олинган маълумотлар ва тўпланган аудио ва видео материаллар асосида жиноят иши қўзғатилиб, унинг доирасида суд томонидан санкция берилган комплекс махсус тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Давлат тўнтариши ташкилотчиси фуқаролик фаоли, “Элдик Кенеш” сиёсий партияси раиси Роза Нурматова экани айтилмоқда.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг аниқлик киритишича, уюшган гуруҳга жамиятнинг турли соҳалари ва республика ҳудудларидан 100 дан ортиқ киши жалб қилинган, улар ўртасида аниқ вазифалар белгилаб берилган роллар аниқ тақсимланган.
“Яқин келажакда ташкилий масалаларни молиялаштириш ва асосий мансабдор шахсларга маош тўлаш учун хорижий манбалардан маблағ олиниши кутилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Фитначилар жамиятда ҳар қандай воқеа юзасидан норозилик пайдо бўлгандан сўнг дарҳол ўзларининг жиноий режаларини амалга оширишнинг фаол босқичини бошлашни ният қилганлар”, дейилади давлат қўмитаси хабарида.
Гуруҳнинг 30 дан ортиқ аъзоси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига олиб кетилган.
Нурматованинг асосий шериклари айбига иқрор бўлган. Уларнинг жиноий ниятларини тасдиқловчи ашёвий далиллар олиб қўйилган. Барча қўлга олинганлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Бишкекнинг Первомай туман суди қўлга олинганларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танлади.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси сўровига биноан “Элдик Кенеш” партияси раиси Роза Нурматова ва “Чек Ара” (Чегара) жамоат бирлашмаси аъзоси Гулжигит Исоқов 21 июнгача Миллий хавфсизлик тергов изоляторида сақланади.
Ўзбекистонлик пивога бўкиб ўлди
Россиянинг Москва вилоятида Ўзбекистон фуқароси пиво тайёрланадиган идишга тушиб кетиб, вафот этди.
Маълумотларга кўра, фожиа шу йилнинг 3 июнь куни соат 14:00 лар атрофида содир бўлган. Хусусий пиво заводи эгаси ўзбекистонлик 47 ёшли Улуғбек исмли эркакдан ҳудудни ободонлаштиришни сўраган. Шундан сўнг завод эгаси хонадан чиқиб кетган ва қайтиб келганида дастлаб ҳеч нимани сезмаган.
Кейинчалик уни йўқлигини пайқаган ва улкан пиво қопқоғини очишганда эркакнинг жасади топилган.
Кейинчалик шифокорлар томонидан аниқланишича, эркак карбонат ангидриддан заҳарланган.
Пиво корхонасидан берилган маълумотларга кўра, ишчи бошлиқ йўқлигидан фойдаланиб, пиво ичишга уринган. Аммо карбонат ангидридни ютиб, идишга тушиб кетган.
Сувга чўккан 5 яшар бола 5 кунда базўр топилди
Тошкент вилояти Тошкент туманининг “Учсада” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Захариқ” каналида 5 яшар бола чўкиб кетди.
Воқеа жорий йилнинг 3 июнь куни юз берган. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари боланинг жасадини топиш учун Республика Сув хўжалиги вазиридан “Захариқ” канали сувини бир кун муддатга тўлиқ тўхтатиб туришга рухсат сўраган. Орадан бир неча кун ўтса ҳам канал сувини тўхтатиб туриш бўйича сўровга жавоб берилмаган.
Кейинроқ боланинг ота-онаси Республика Сув хўжалиги вазиридан “Захариқ” канали сувини бир кун муддатга тўлиқ тўхтатиб туришга рухсат сўраган. Такрор-такрор қилинган мурожаатлардан сўнг вазирлик канал суви оқимини нисбатан пасайтириб туришга рухсат берган.
Боланинг жасади у чўкканидан 5 кун ўтиб, 8 июнь куни соат тахминан 02:00 ларда яшаш уйидан 500 метр узоқда топилган. Бола канал қирғоғидаги дарахтга қисилиб қолган бўлган.
Путин МДҲдагиларга ғарб санкцияларидан қочиш йўлини ўргатди
Жорий ҳафтада Сочида Евроосиё Конгресси, Евроосиё Ҳукуматлараро Кенгаши, МДҲ давлатлари Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлислари, III Евроосиё Конгресси ҳамда “Евросиё – бизнинг уйимиз” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томонидан Бош вазир Абдулла Арипов қатнашди.
9 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин меҳмон ҳукумат раҳбарлари билан учрашди ва уларга ажойиб таклиф билдирди. Яъни, жаноб Путиннинг фикрича, “ЕОИИда ишлаб чиқарилган” ёки “МДҲда ишлаб чиқарилган” умумий савдо белгиси остида қўшма корхоналар ташкил этиш керак.
“Саноат кооперациясидаги фаолликни янада ошириш, жумладан, “ЕОИИда ишлаб чиқарилган” умумий савдо белгиси остида қўшма корхоналар ташкил этиш зарур. Агар у "МДҲда ишлаб чиқарилган" умумий бренди остида бўлса ҳам, ҳеч ким қарши эмас. Бу муҳим эмас – асосийси, барча мамлакатларимизда самарали ҳамкорлик ривожланмоқда. Бундай бренд ёки брендлар барча мамлакатларимиздаги истеъмолчилар орасида таниқли ва машҳур бўлиб қолиши муҳим”, деган Владимир Путин.
Хўш, бу Путинга нима беради, бу таклифдан нима наф, дерсиз. Маълумки, Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан Россияга қўйилган санкциялар нафақат ушбу мамлакатнинг ўзига, балки унинг қўшнилари ва доимий ҳамкорларига ҳам аллақачон таъсир қилишни бошлаган. Кўплар бизнеслар икки ўт орасида қолмоқда. Агар корхоналар давлат тасарруфида бўлса уларга янада қийин. Санкциялар давлат даражасидаги доғ бўлади. МДҲда ёки ЕОИИда ишлаб чиқарилган ёрлиғи санкцияларни айланиб ўтишда яна бир муҳим омил. Жаноб Путин айнан шу орқали Россияга айнан қайси давлат маҳсулот етказиб бераётганини ғарбликлар билолмай ҳалак бўлади, деб ўйлаяпти чоғи. Яна ким ким билади, дейсиз.
Шунингдек, Россия раҳбари Бош вазирларга электрон давлат хизматлари ва электрон ҳукумат тизимларини бирлаштирувчи ягона рақамли экотизимни шакллантириш бўйича ишлаш кераклиги ҳақида ирод қилган. У давлатлар ижро ҳокимияти ва марказий банклари орқали фаолиятни фаоллаштириш кераклигини ҳам айтган.
Меҳмонхонадан йигит ва қизнинг ўлиги чиқди
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида икки нафар фуқаро ўлик ҳолда топилди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 8 июнь куни Чирчиқ шахридаги меҳмонхонага жойлашган 2000 йилда туғилган эркак ва 2002 йилда туғилган қиз вафот этган.
Марҳумларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Ҳолат бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкентда эркак ўзини 4-қаватдан ташлаб ўлдирди
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида эркак 4-қаватдаги ижара уйидан ўзини ташлаб, вафот этди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 4 июнь куни Олмазор тумани Қорақамиш даҳасида юз берган. 1985 йилда туғилган фуқаро 4-қаватдаги яшаш уйидан соат тахминан 00:30 ларда ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилган. У Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўлик холатда олиб келинган.
Унинг ўлими бош кўкрак ёпиқ тумтоқ жароҳатлари, чап чакка пешона суяги катта бўлакчали синиши, чап томондан қовурғалар ёпиқ синиши, танасида кўплаб шилинмалари сабабли юз бергани аниқланган.
Терговга қадар текширув давомида у юқорида кўрсатиб ўтилган манзилда оиласи билан ижарада яшагани, рўйхатдан ўтмасдан буюртма асосида пластик ромлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келгани, қарзлари кўпайиб кетгани сабабли тушкунликда юргани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан марҳумнинг ўз жонига қасд қилиш сабабларини аниқлашга қаратилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётган бўлиб, ўлими сабабини аниқлаш юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган.
Келинни ким ўлдирди?
Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 27 ёшли келиннинг жасади топилди. Туманнинг “Бешқўтан” маҳалласида яшаган 1996 йилда туғилган аёл 2 июнь куни соат 1:30 ларда яшаш уйи молхонасидаги ёғочга арқон ип билан ўзини осиб ўлдирган. Аёл билан бирга яшаган эрининг қариндошлари у руҳиятида ўзгариш бўлгани сабабли жонига қасд қилганини айтган бўлса, унинг яқинлари эса аёл эри томонидан ўлдирилган, деган гумонга бормоқда.
Марҳуманинг жасадини кўрган гувоҳнинг айтишича, аёлнинг танасида кўплаб тан жароҳатлари бўлган.
Туман прокуратураси ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилган. Марҳуманинг ўлими юзасидан суд тибиий экпертизаси тайинланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь