Эрдўғаннинг тақдирини ҳал қилувчи сайлов бошланди

Жамият

14 май арафасида бутун дунё Туркиядаги президентлик сайловини муҳокама қилди. Сайловнинг биринчи турида 20 йилдан буён ҳукумат тепасида ўтирган Ражаб Тойиб Эрдўған 50% овоз йиға олмади. Бу эса мухолиф партия вакили унга ҳақиқатдан ҳам муносиб рақиб бўла олганини кўрсатди.

28 май куни Туркияда президентлик сайловининг 2-тури бўлиб ўтади. Шу муносабат билан 20-21 май кунлари Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида муддатидан аввал овоз бериш жараёни бошланди. 

Элчихона берган маълумотларга кўра, 5, 6, 7 май кунлари Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Самарқанддаги консуллик биносида бўлиб ўтган сайлов жараёнида Ўзбекистонда бўлиб турган турк фуқароларининг 50 фоизи иштирок этган. 

Сайлов комиссияси раиси Давлат раҳбари Алиcан Аксойнинг айтишича, фуқаролар сайлов жараёнида мобил қурилмалари билан иштирок этишлари мумкин эмас. Шу сабабли ҳар бир сайловчи комиссия аъзолари олдиларига кираркан паспортлари билан телефонларини бериб, ундан сўнг ўз номзодига овоз бериш имконига эга бўлади.

Жараёнларни кузатар экансиз, фуқаро кимга овоз берганини ошкор қилиш мумкин эмаслиги, сайлов бюллетенларини суратга олиш ман этилгани сабабли, паспорт ва телефонларини сайлов комиссияси аъзоларига топширганига гувоҳ бўласиз.

“Овоз бериш жараёнида телефон билан қатнашиш мумкин эмас. Бу бизнинг принципимизга тўғри келмайди. Овоз бериш жараёнлари яширин ўтказилади. Бу қоидага ҳамма амал қилиши керак”, дейди Сайлов комиссияси раиси Алиcан Аксой. 

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар ҳам оммавий ахборот воситалари қаршисида Туркия Президентини сайлаш учун овоз берди ва сайлов жараёнлари ҳақида гапирар экан 1-тур демократик руҳда ўтганини қўшимча қилди.

“Бугун Туркия Президенти сайловининг 2-тури учун элчихонада сайлов қутилари қайта очилди. Икки ҳафта аввал бўлганидек бугун ҳам ватандошларимизни овоз беришларини кутяпмиз. 

Биринчи турдаги сайлов жараёнида сайловчиларнинг 89 фоизи оммавий иштирок этгани демократиямиз келажагига умид бахш этади. Бу жаҳон миқёсида катта муваффақият. Сайловлар қанчалик демократик ва очиқ ўтганини кўрсатувчи энг муҳим далилдир. Жаҳон ҳамжамияти оммавий иштирокдан мамнун эканликларини билдирмоқда. Биз ҳам 20-21 май кунлари тонги 8:00 дан 22:00 га қадар ватандошларимизни Президент сайловида иштирок этишлари учун элчихонада кутиб қоламиз”, дейди Олган Бекар.

Эслатиб ўтамиз, 14 май куни бўлиб ўтган сайловларда республика президентлигига уч номзоднинг бирортаси ҳам 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаганди. Биринчи турда Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 49,51%, мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли 44,88%, “Аждодлар” сиёсий блоки вакили Синан Оған эса 5,17% овоз олди. АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн қироллиги, Хитой Халқ Республикаси, Эстония, Италия, Япония, Уммон султонлиги, Испания, Сингапур, Ирландия, Исроил, Янги Зеландия, Швеция, Швейсарияда яшаётган туркияликларнинг кўп қисми Қиличдорўғлини қўллаб-қувватлаган бўлса, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжонда Эрдўғаннинг қўли баланд келди. Бироқ умумий ҳисобда ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплолмагач, Туркия Марказий сайлов комиссияси раиси Аҳмад Енер мамлакатда президентлик сайловининг 2-тури 28 май куни ўтказилишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Камол Қиличдорўғли Туркиядаги сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг