Диққат зилзила! 1966 йил фожиаси такрорланадими?
Интервью
−
23 Март 2023
2468521 ва 23 март кунлари Афғонистон ва Тожикистонда содир бўлган зилзила Ўзбекистонда ҳам яхшигина сезилди. Туркиядаги вайронкор зилзилага гувоҳ бўлган одамлар бу ҳолатдан саросимага тушиб қолди. Икки кун кетма-кет содир бўлган зилзила ортидан турли саволлар пайдо бўла бошлади. QALAMPIR.UZ зилзила билан боғлиқ кўплаб саволларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаевдан жавоб олди.
Зилзила қандай содир бўлади?
Зилзиланинг асосий сабаблари ернинг тош қотган литосфера қобиғининг тагида хамирсимон ер мантияси бор. Айнан шу массада кечган физик ва кимёвий жараёнлар натижасида зилзилалар содир бўлади.
Афғонистон ҳудудида ҳафтасига икки ёки уч бор турли баллда зилзила содир бўлади. Афғонистон юқорида айтилган плитанинг тўқнашган нуқтасида жойлашган.
Зилзилаларни олдиндан билиш мумкинми?
Зилзилаларни олдиндан билиш мумкин. Ҳеч қайси зилзила кутилмаганда, тўсатдан содир бўлмайди. Зилзиланинг ўзига яраша даракчилари бор. Булар – ер ости сатҳининг кескин кўтарилиши, ер ости суви таркибида радон гази миқдори ошиши каби. Яна бир белгиси ер ёриқлари. Ер ёриқларида энергиялар тўпланади. Бу энергияни мосламалар аниқлай олади ва ернинг зилзилага тайёргарлик кўраётганини прогноз қилиш мумкин.
Бир йилда қанча зилзила содир бўлади?
Бир йилда 1 баллдан 4 баллгача миллионлаб зилзилалар қайд этилади. Туркияда бўлганидек вайрон этувчи зилзилалар 100 дан ортиқ, яксон этувчи, жуда кучли зилзилалар эса ер шарида бармоқ билан санарли. Зилзилалар аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудга тўғри келсагина хабардор бўламиз. Масалан океанда содир бўладиганидан хабаримиз ҳам бўлмайди. Аҳоли Туркияда содир бўлган вайронкор зилзиладан саросимага тушиб қолди ва энди яхшироқ эътибор берадиган бўлди. Шу сабабли ҳам зилзилалар кўпайгандек туюляпти. Зилзилалар тезлигини оширгани ёки секинлашгани йўқ, табиат ҳодисаси билан боғлиқ ҳеч қандай аномал ўзгаришлар содир бўлмади. Зилзила доимий тезликда давом этмоқда.
Ўзбекистонда зилзила бўлиши кутиляптими?
Яқин кунларда Ўзбекистонда кучли зилзила келтириб чиқариши мумкин бўлган аномал ўзгаришлар кузатилмаяпти. Бир нарсани аниқ айтиш керак, барча зилзилалар прогноз қилинади. Ҳаммаси ҳам эълон қилинмайди. Биз зилзилани мукаммал ўрганганмиз. Бир фактор борки, зилзиланинг аниқ вақтини ҳеч ким прогноз қилолмайди.
Ўзбекистоннинг қайси ҳудуди сейсмик фаол ҳисобланади?
Ҳудудимиз сейсмик фаол ҳудуд. Айниқса, тоғли ҳудудлар жуда фаол. Умуман олганда ер шарида зилзила содир бўлмайдиган ҳудуднинг ўзи йўқ. Инсониятнинг энг ожиз нуқтаси – бу зилзиланинг аниқ вақти ва жойини аниқлай олмаслигида.
Республика харитасида ҳам Қорақалпоғистон ҳудудидан шарқий ҳудудларга қараб борилганда 5 баллдан 9 баллгача зилзила бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Тоғли ҳудудларда кучлироқ, текисликларда кучсизроқ зилзила кузатилиши мумкин. Зилзиланинг аччиқ оқибатларни халқимиз бир неча бор бошдан ўтказган.
Зилзила қайтадими?
Умуман олганда зилзилани қайтади, дейиш хато. Зилзила деганда айрим терминлар бор. Биринчиси – форшок, асосий зилзила ва афтершок. Булар зилзиланинг тўлқинлари. Тўлқинлар бир-бирига яқин бўлади. Ҳудуд эпимарказга қанчалик яқин бўлса шунчалик силкинишлар сезилади ва келаётган иккинчи тўлқин узоқроқ вақтда келади. Бу зилзиланинг қайтиши эмас, зилзила тўлқини.
Афғонистон ва Тожикистондаги зилзила Ўзбекистонда яхшигина сезилганининг ҳам асосий сабаби ҳам эпимарказнинг Ўзбекистон ҳудудига яқинлиги. Шунингдек, зилзилани мавсум билан боғлаш ҳам нотўғри. Зилзилани қайсидир ойда кўп, қайсиларида кам, дейиш хато бўлади.
Ерни сунъий йўл билан силкитиш мумкинми?
Инсоният кучли зилзилаларни сунъий равишда содир эта олмайди. Кучсиз тебранишларни турли қуроллар ёрдамида ҳосил қилиш мумкиндир, балки. Менда бу ҳолда маълумот мавжуд эмас. Аммо куни кеча содир бўлган зилзилани сунъий йўл билан амалга ошириш мумкин эмас.
1966 йилдаги зилзила такрорланадими?
Тошкент шаҳри ва бошқалар тоғ олди ҳудуд ҳисобланади. Зилзила табиат ҳодисаси. Нафақат 1966 йил, балки ундан аввал ҳам кучли зилзилалар содир бўлган. Ундан сўнг 1966 йилги ва бошқалар. Албатта, бундан кейин ҳам зилзила содир бўлиш эҳтимоли бор. Зилзиладан қўрқмаслик, аксинча, унга тайёр бўлишимиз керак.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь