Ўзбекистондан Туркияга 100 нафар ФВВ ходими юбориляпти – Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси

Олам

Туркияда айни вақтда оғир вазият. Мамлакатни фавқулодда ҳолат қуршаб олган. Содир бўлган зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар 1,5 минг нафардан ортди. Қарийб 10 минг киши жароҳатланган. Бу рақамлар ҳар соатда ўзгариб бормоқда. Ўзбекистон эса айни вазиятда Туркияга ёрдам қўлини чўзган мамлакатларнинг дастлабки қаторидан ўрин олди. Бу ҳақда Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси вакили – элчи ўринбосари Алижон Аксой бугун фавқулодда ҳолат бўйича ўтказилган матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

“Дўст оғир кунда билинади. Ўзбекистон ҳам буни амалда кўрсатган давлат бўлди. Эрта тонгдан ҳозирга қадар Ўзбекистон расмийларидан келаётган таъзия мактублари бизга тасалли бўлмоқда”, дейди Алижон Аксой.

Унинг қайд этишича, ҳозиргача элчихонага Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва бошқа расмийлар таъзия мактублари етиб келган.  

“Икки давлат раҳбарлари телефон орқали мулоқот қилди. Президент Шавкат Мирзиёев буйруғи билан 100 кишилик қидирув-қутқарув жамоаси ҳарбий самолётда Туркиянинг Адана шаҳрига боради. 

45 дан ошиқ давлатлардан ёрдам таклифлари келди. Уларнинг орасида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини узатди. Бу учун алоҳида миннатдормиз”, дейди Элчихона расмийси. 

Унинг қайд этишича, Туркия пойтахти Анқарадаги Ўзбекистон элчихонасининг сўнгги маълумотларига кўра, шу вақтга қадар содир бўлган зилзилада Ўзбекистон фуқароси вайроналар остида қолмаган ва ҳалок бўлмаган. 

Шунингдек, элчи ўринбосари айни вазиятда қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди. 

“Бу фалокатни бошдан ўтказган ўзбек халқи ёнимизда экани учун миннатдорлик билдирамиз. Турк миллати сабрли ва чидамли ва тез кунларда бу фалокатни енгиб ўтамиз. Ҳаммага раҳмат айтаман”, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида юз берган кучли зилзила оқибатида мамлакатда 1541 нафар, қўшни Сурияда 800 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Жабрланганлар сони минглаб киши. Дастлаб, магнитуда 7,4 деб баҳоланган, кейин Туркия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу кўрсаткичга ойдинлик киритди: у 7,7 ни ташкил қилди. Кейинроқ Туркияда 7,7 магнитудали янги зилзила қайд этилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркиядаги зилзила Алижон Аксой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг