Растаможка арзон бўляпти. Кимга аза, кимга маза
Жамият
−
12 Ноябрь 2022
60523Автомобилга пул тўлаб, уйингизга олиб келишни йиллаб кутганмисиз? демак сиз, 1992 йилдан буён фаолият олиб борадиган, манаман деган танқидлар, таъна тошларига чидаган UZAUTO MOTORS мижозисиз. Ҳар икки куннинг бирида монополлиги, нархи ошиб, сифати ошмаслиги айтилиб, танқид қилинадиган бу корхона қарийб 30 йилдан буён тинмай ишлаяпти. Компания сайтида айтилишича бугунгача UZAUTO MOTORS томонидан “Chevrolet” бренди остида – Spark, Nexia, Cobalt, Lacetti (Gentra), Damas, Labo, Malibu, Tracker, Equinox, Trailblazer, Traverse ва Tahoe каби автомобиль моделлари харидорларга етказиб берилмоқда. Эътибор беринг фақатгина етказиб берилмоқда.
UZAUTO MOTORS сотадиган автомобилларнинг кўпи бошқа давлатлардан импорт орқали келади. Берилган имтиёзлар ортидан эса компания анча бойийди. Халқ эса истайдими йўқми, бирга ўн қўйилган нархда автомобильларни сотиб олади.
Ижтимоий тармоқларда UZAUTO MOTORS’нинг монополлиги, оддий халқ учун растаможка нархи баландлиги муҳокама бўлиши ортидан растаможка нархларида пасайиш бўлди.
2022 йил 21 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш”га доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига кўра божхона божи ёки автомобиль двигателининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар учун божхона тўловлари 2023 йил 1 январандан арзонлайдиган бўлди.
Қарорга кўра, автомобилсозлик саноатида рақобат шароитларини яратиш ва қулай инвестиция муҳитини шакллантириш йўналишида кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимча киритилган.
Ишлаб чиқарилганига 1 йил тўлмаган автомобиллар импорти.
Энди Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтишда ишлаб чиқарилган санаси бир йилдан ошмайдиган, двигатель цилиндрининг сиғими 1000 см³ метрдан 3000 см³ метргача бўлган енгил турдаги автотранспорт воситалари учун тўлов, ўртача икки баробарга, божхона божи тўловлари эса 30 фоиздан 15 фоизга арзонлади.
Двигетель сиғми 3000 см³ дан ортиқ бўлган Chevrolet Tahoe, Mercedes-Benz, Toyota Land Cruiser, Porsche, Lamborghini каби автомобиллар ишлаб чиқарилганига бир йил тўлмаган ҳолда божхона расмийлаштирувидан ўтса 30 фоиз эмас 15 фоиз бож тўланади. Двигитель сиғимининг ҳар бир куб см учун эса 1,5 доллар тўлайсиз.
Ишлаб чиқарилганига 1 йилдан 3 йилгача бўлган автомобиллар импорти.
Сиз ёқтирган двигетель сиғми 3000 см³ дан ортиқ бўлган иномаркалар ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошиб уч йилга етмаган бўлса, автотранспорт воситаларининг божхона тўлови 30 фоиз, двигетель сиғми учун тўлов эса 3 долларлигича қолади.
1000 см³ дан 3000 см³ гача бўлган, ишлаб чиқарилган санаси 1 йилдан 3 йилгача бўлган автомобиллар импорти учун аввалгидек 30 фоизли божхона божи ва двигателининг ҳар бир куб см учун белгиланган миқдордаги тўловлар ўзгаришсиз қолади.
Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган автомобиллар импорти.
Агар, сиз танлаган автомобиль ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп бўлган бўлса, афсуски у автомобилни Ўзбекистон божхонасидан олиб ўтиш чўнтагингизга тўғри келмаслиги мумкин.
Двигетель ҳажми 1000 см³ дан 3000 см³ гача ёки ундан ортиқ бўлса, ишлаб чиқарилганига уч йилдан кўп бўлган автомобилларни эски нархда яъни 40 фоиз божхона божи ва двигателининг ҳар куб см 3,0 доллар тўлаб расмийлаштириш мумкин.
Эски қарордаги двигетель ҳажми учун ёки божхона тўловлари фоизи камайгани чет элдан олиб кириладиган автомобиль нархининг ошиб кетамаслигига сабаб бўлади. Аммо, бу қулайлик фақатгина янги, яъни ишлаб чиқарилган санасидан Ўзбекистон божхона чегарасидан ўтгунга қадар, 1 ёшга тўлмаган автотранспорт воситаларигагина тааллуқли бўлади.
Аксинча, ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошиб, уч йилга етмаган, ёки 3 йилдан эски автомобиллар бўлса, эски ҳаммом эски тоз, автомобильни ўзгаришсиз нархда Ўзбекистон божхонасидан олиб ўтишингиз мумкин.
Автомобиль ишқибозлари божхона тўловлари пасайишини эшитибоқ машина танлашни бошлаган бўлишса ҳеч гап эмас.
Масалан сиз, 2022 йилнинг 6-ойида ишлаб чиқарилиб ёшга тўлмаган, 2400 см³ двигателли Chevrolet Captiva автомобилини сотиб олдингиз, уни шу йилнинг яъни 2022 йилнинг декабрь ойидан Ўзбекистон божхонасидан расмийлаштирсангиз автомобиль тан нархига 15 фоиз божхона божи, двигателининг ҳар бир куб см учун 1,25 доллар ва ҚҚС ҳисоблайсиз.
Шу автомобилини 2023 йилнинг 1 ёки 2 ойларида божхона расмийлаштирувидан ўтказсангиз, автомобиль тан нархи, 15 фоиз божхона божи, двигателининг ҳар бир куб см учун 1 доллар ва ҚҚС ҳисобланади.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, божхона божлари қиммат бўлишига қарамай 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон хорижий давлатлардан қиймати 564,1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 22 447 та енгил автомобиль импорт қилган.
Хуллас растаможка ҳақида ҳозирча шулар. Нима бўлса ҳам ишлаб чиқарилиб Ўзбекистон божхонасида расмийлаштирилгунга қадар бир ёшга тўлиб қолмайдиган автомобил ҳаракатини қилаверинг. Танлаган машинангиз ишлаб чиқарилганига бир йил-у бир ой бўлган бўлса ҳам арзонлашган божхона божидан умид қилмаганингиз маъқул.
LiveБарчаси