Диққат! Тошкентда нафас олсанг ўласан
Жамият
−
18 Октябрь 2022
13256Ҳаво сифати индекси (AQI) рейтингига кўра, 17 октябрь соат 16:48 ҳолатига Тошкент ҳавосининг ифлослиги бўйича Деҳлини ҳам ортда қолдириб, дунёда 1-ўринни эгаллади. Ушбу рейтингда 2-ўринини Италиянинг Милан шаҳри, 3-ўринни Покистоннинг Лахор шаҳри, 4- ўринни Ҳиндистоннинг Деҳли, 5-, 8-, 10-ўринларни Хитойнинг Чунцин, Ухань, Ченду шаҳарлари эгаллаган. Шунингдек, рўйхатнинг 6-ўринидан Канаданинг Ванкувер, 7-поғонасидан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри, 9-ўриндан Бангладеш пойтахти Дакка ўрин олган.
Ҳаво сифатининг зарарлилик даражаси унинг ўсиш бирлигига қараб белгиланади ва рангларга бўлинади. Масалан:
- Ҳаво сифати 0-50 бирликгача “яшил” даража билан яхши;
- 51-100 бирликгача “сариқ” даража билан ўртача хавфли;
- 101-150 бирлик ҳолатида “оловранг” даража била заиф гуруҳлар учун зарарли;
- 151-200 бирликда “қизил” даража билан зарарли;
- 201-300 бирликда “бинафшаранг” даража билан жуда зарарли;
- 301+ бирликда эса “бордо” ранги билан хавфли деб баҳоланади.
Соат 16:48 да 164 бирликда “қизил” даража билан зарарли деб қайд этилган Тошкент ҳавосининг ифлослиги ўзгаришсиз қолгани йўқ.
Шаҳар ҳавоси таркибида PM-2.5 майда дисперс заррача кўрсаткичлардан 1,5 баробар ортгани оқибатида, соат 17:57 да ҳаво ифлослиги даражаси 166 бирлик “қизил” хавфга” ўзгарди.
Ҳаво таркибидаги PM-2,5 майда дисперс заррача жаҳон стандартлари бўйича рухсат этилган меъёрдан 3,5 баробарга ортиши оқибатида, соат 19:00 да ҳавонинг сифат даражаси 166 бирликдан 222 бирликка кўтарилиб, жуда зарарли ҳисобланган “бинафшаранг” хавфга ўзгарган.
Соат 20:00 да ҳавода горизонтал кўриниш масофаси чанг ҳисобига, 3 км гача чекланиб, Тошкент шаҳри ҳавосида майда дисперс заррачалар ҳисобига ифлосланиш 262 бирлик ''бинафшаранг'' хавфда қайд этилган.
Соат 22:00 да бу кўрсатгич 288 бирлик билан жуда зарарли бўлган ''бинафшаранг'' даражага етган. 23:30 пойтахтдаги ифлосланиш даражаси ''қизил'' хавфга ўзгарган.
Шамол эсиб, ёмғир ёғиши оқибатида ҳаво ифлос ва чанг заррачалардан тозаланиб, 00:00 ҳолатига ҳавонинг ифлосланиш даражаси 89 бирликка ўзгариб, “сариқ” хавф даражасига тушган.
Тошкентда ҳаво ифлослиги юқорилиги сабабли Ўзгидромет пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига имкони борича, уйдан чиқмаслик, кўчада бўлганда, албатта тиббий ниқобдан фойдаланиш ва уни ҳар бир соатда алмаштириш, нафас қайтиши, бурун битиши, аксириш, тумов, кўзлар қизариши, томоқда қаттиқ қичишиш, йўтал пайдо бўлганда зудлик билан аллерголог шифокорга мурожаат қилиш, шунингдек, тузли эритмада бурун ва томоқни чайиш, ойналарни ёпиқ ҳолатда сақлаш, ойналарнинг олдида ҳўл сочиқларни ёйиб қўйишни тавсия қилди.
Ёдингизда бўлса, 13 октябрь куни Гидрометеорология хизмати маркази мутахассиси Эркин Абдулаҳатов Ўзбекистон пойтахти дунё ҳавоси энг носоғлом шаҳарлар рейтингида 8-ўринда турганини маълум қилганди. Тошкент шаҳри ҳаво ифлослиги бўйича 5 кунда бир нечта шаҳарларни орта қолдириб халқаро рейтингда биринчи ўринга кўтарилиши жамоатчилик вакиллари ўртасида катта муҳокамага сабаб бўлди.
“Тошкент ҳавосининг ифлослиги бўйича дунёда 1-ўринга чиқди. Бу – сон-саноқсиз дарахткесарликлар, пала-партиш қурилишлар ва сифатли жамоат транспорти йўқлиги сабаб шаҳарда автомобиллар кўпайиб бораётгани фонида юз бермоқда.
Ортиқхўжаевга самимий табрикларим. Унинг Дубайга етиш орзуси ортиғи билан амалга ошмоқда”, деб ёзади журналист Илёс Сафаров.
“Ezgulik” жамияти раиси, инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов эса Тошкент бу рейтингда ҳали узоқ қолишини ёзган:
“Энди қалайсизлар, ғаламислар? Доим ҳаётга қора кўзойнакдан боқасизлар. Бирор соҳада илғор эмасмиз, деб нолийсизлар. Бунақа эмас-да, бас қилинг энди. Мана биринчи ўриндамиз. Худо хоҳласа, бу ўрин биз билан мангу қолажак!”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
“Тошкент энг ифлос ҳаво номинациясида ниҳоят яна биринчи ўринга чиқиб олибди. Ҳукуматимизга ва ҳокимиятга шарафлар!”, дейди Иқтисодчи блогер Отабек Бакиро.
Самарқандлик депутат Шоҳруҳбек Алибеков ўзининг Twitter’даги саҳифасида
"Тошкентда қурилишга мороторий эълон қилиш керак!" деб ёзган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлослиги бу даражага келишига дарахтлар кесилиши, қурилишларнинг кўплигини сабаб қилиб кўрсатган.
Тармоқ фойдаланувчиларидан бири “Ишлаб чиқариш бўйича лидер Хитойни ниҳояти ортда қолдирдик” деб ёзса, бошқа бир фойдаланувчи “Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллабди. Деҳлини ҳам ортда қолдирдик. Аммо дарахтларни кесиб, уй қуриб, соққа қилаётганларга бунинг умуман фарқи йўқ!” деб ёзган.
Ҳаво сифати индекси рейтингига кўра, бугун, 18 октябрь соат 12:00 ҳолатига кўра Покистон ҳавосининг ифлослиги бўйича дунё рейтингида 1-ўринга кўтарилди. 2- ўринни Ҳиндистон 3-ўринни Пойтахт Тошкент эгаллаб турганди.
Шамол эсиб, ёмғир йўғиши оқибатида соат 14:15 ҳолатига пойтахт ҳавосининг ифлосланиши 80 бирликка тушиб “сариқ” хавф даражасига ўзгарган. Бунинг оқибатида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри рейтингнинг 28 ўринга тушди.
Соат 16:00 да пойтахт ҳавосининг ифлосланиши 87 бирликка кўтарилиб, рейтингнинг 22 ўринга чиқди.
19:00 да эса Тошкент ҳавосининг ифлосланиш даражаси 72 бирликка ўзгариб, рейтингнинг 35 ўринга пасайди.
LiveБарчаси