Ҳавога учган миллионлар. Турк актёрлари Тошкентда жанжал чиқарди

Маданият-санъат 73500

Кеча, 15 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Ипак йўли дурдонаси” XIV халқаро кинофестивали доирасида ташкил этилган турк кино кунларига бағишланган ижодий кечада можаро юз берди. Бу ҳақда воқеага гувоҳ бўлган киношунос, журналист Шохира Ҳамро ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар берди.

Тадбир аввалида тўққиз нафар турк актёрлари саҳнадан жой олишган. Булар: Мустафо Ўғур Яғчиўғли, Пинар Язчиўғли, Нозиф Тунч, Мурод Ойдин, Азра Оқин, Гизем Лидия Денизчи, Сардор Гёкхан, Челал Ал, Туба Унсул.

Шохира Ҳамронинг қайд этишича тадбирдаги тушунмовчиликлар бошловчиларнинг Нургул Яшилчой ва Бурак Ўзчивитни саҳнага таклиф этишидан бошланган.

“Туркиядан ташриф буюрган 9 нафар актёр саҳнага чиқиб, ҳурмат сақлаб томошабин билан юзма-юз бўлишди. Лекин саҳнада бошловчилар икки қайта тантана билан эълон қилишса-да, бу иккиси чиқмади. Ниҳоят Нургул Яшилчой саҳнани бир бурчагидан чиқиб, ўша ерда қотди. Ҳамюрт ҳамкасбларига бир қур назар ташладию, икки қўлини икки чўнтагига солиб, ғоз туриб олди. Узатилган микрофонни ҳам қўлига олишни эп кўрмай, бошловчининг қўлидаги микрофонга эгилиб, “салом, яхшимисизлар”, дедию, бошқа актёрлар ёнига бориб ўтирмасдан, саҳна ортига ўтиб кетди, Яшилчой қайтмади. Бурак-ку умуман кўринмади”, дейди у.

Шундан сўнг, тадбир саҳнадаги тўққиз актёр билан давом этган ва журналист Ойбек Вейсал ўғли тўққиз актёр билан бирма-бир самимий суҳбат қурган. Суҳбат якунида саҳнадагиларни совға-саломлар билан ўринларига кузатиб қўйишганидан сўнг Нургул Яшилчой саҳнага қайтган ва актёрлар ўртасидаги тушуммовчиликлар давом этган.

“Нургул саҳнага чиқиб келди ва унга бошловчи бошидаги тожини кийдириб, шоу энди бошланаётганида 58 йилдан бери кино санъатига ҳалол хизмат қилиб, сочи оқарган, ўзининг таъбирича “подшодан қулгача” барча ролларни ўйнаган Сардор Гёкхан саҳнага отилиб чиқдию, микрофонни олиб “томошамизни бузди деб мендан хафа бўлманглар. Минг афсус, мана бу оёғи ердан узилган икки ҳамкасбимиз саҳнада биз билан бирга ўтиришдан ор қилди, аслида улар бизнинг сафимизда бўлишга нолойиқ. Сиз одамнинг қиёфасига қараб баҳо берманг, унинг кимлигини ҳатти-ҳаракатлари билдириб туради. Биз ортиқ бу иккисининг ахмоқона томошасини кўриб, ҳақоратни жимгина ютиб кета олмаймиз. Биз бу ерни ҳозироқ тарк этамиз”-дедию, тўққиз турк ижодкор зални тарк этди. Уларнинг ортидан элчихона вакиллари ҳам чиқиб кетишди ва шу билан бугунги тадбирнинг файзини ҳам олиб кетишди. Яшилчой ҳам ортиқ залда қола олмади”, дейди Шохира Ҳамро

Вазият таранг бўлса-да тугунни яна бир туркиялик киноюлдуз Бурак Ўзчивит саҳнада кўриниш бериши ечиб юборган. У ҳам саҳнада ёлғиз ўзи бошловчилар билан суҳбат қурган. Аммо хабарда таъкидланишича тадбир сўнгида томошабинлар Бурак Ўзчивитга ёпирилган, аксига олиб бу пайт тансоқчилар ҳам қаергадир йўқолиб қолишган.

“Бурак саҳнага чиққач, элчихонадагилар-у, 9 актёрнинг бўш ўриндиқларига “буракшунослар” ёпирилди. Залдаги хотин халаж саҳнага, Буракка қараб югуриб кела бошлади. Қарасам Бурак оломоннинг орасида қолиб кетган, бирорта қўриқчи кўринмайди. Ўзимдан ҳам Буракка раҳмим келди, бир нима бўлиб қолса, ташкилотчиларнинг боши балога қоладида. “Охрана” деб шу бақираман, ерга кирдими, кўкка учдими, йўқ. Орқага қарасам ўзимизнинг “иболи”,“ҳаёли”,“ийманиб турадиган” ўзбек қиз жувонлар Буракни таламон қилишаяпти. Туркча “аллаҳ сана ярдамчи ўлсин”, дедим-у, зални тарк этдим”, деган у.

Тадбирдан сўнг яна бир қанча журналист ва блогерлар Facebook'даги саҳифалари орқали вазиятга муносабат билдиришган.

Журналист Дилшода Матжонованинг таъкидлашича Бурак Ўзчивит ва Нургул Яшилчой кечки нонуштада ҳам кўриниш бермаган.

“Турк жамоаси вакили саҳнага чиқиб гапиргани ва демостратив тарзда зални тарк этишганидан кейин бечора Нургул қотиб қолди. Шаҳзода Муҳаммедова вазиятни юмшатиш мақсадида: “Биз икки актёрни алоҳида чақирмоқчи эдик, англашилмовчилик юзага келди”, деди. Кечки нонуштада Нургул ҳам, Бурак ҳам кўринмади. Қолганларнинг кайфияти ҳам яхши эди дея олмайман”, дейди у.

Адлия вазири маслахатчиси Шаҳноза Соатованинг фикрига кўра актёрларни жаримага тортиш керак акс ҳолда Тошкент халқаро кинофестивали ўзидан кетган юлдузларнинг муносабатларини ойдинлаштирувчи майдонга айланиб қолади.

“Фалон пул бериб турк актёрларини чақир, улар эса бировнинг шундай байрамини расво қилишсин. Гонорарни жарималари билан қайтаришсин, маънавий зарарлари билан. Шунча томошабин бир тийинми? Шунча пул зарилмиди, фалон иш қилиш керак эди ундан кўра деган саволлар ҳар доим бўлади. Кинофестиваллар нега кераклигини тушунтириш керак, имкон қадар кўпроқ. Бошқа йўли йўқ. Тўй бўлгач, жанжаллари ҳам бўлади баъзан. Ўтган гал “Оскар” топширишда саҳнада бошловчига туширилган шапалоқни эсланг. Шунақа одамлар-да бу актёрлар — ҳиссиётга берилувчан. Лекин бунинг бадали борлигини ҳам уларга қатъият билан кўрсатиш керак (Уилл Смит ҳам узр сўраганди ва “Оскар” тантаналаридан неча йилгадир четлаштирилди). Акс ҳолда Тошкент халқаро кинофестивали ўзидан кетган юлдузларнинг ”муносабатларини ойдинлаштирувчи майдон”га айланиб қолиши мумкин – унга бундай “обрў”ни тиламайман”, деган Соатова.

Маълумот ўрнида, Нургул Яшилчой 1976 йилнинг 26 март куни Афёнқораҳисор шаҳрида туғилган. Дипломатик санъат йўналишида таълим олган Яшилчой 2001 йилда актрисалик фаолиятини бошлаган. У ўзбек томошабинларига “Ишкомли уй” сериалидаги Баҳор, “Келин” сериалидаги Эъзо, “Косем” сериалидаги Косем султон роллари билан яхши таниш.

Бурак Ўзчивит 1984 йилнинг 24 декабрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида туғилган. У тасвирий санъат ва кино йўналишида таълим олган. У 2003 йилдан моделлик, 2006 йилдан актёрлик фаолиятини бошланган. Бурак Ўзчивит ўзбек томошабинларига “Муҳташам юз йил” сериалидаги Балли-бей, “Чолиқуши” сериалидаги Камрон, “Севги Изтироби”даги Камол, “Қурилиш: Усмон” сериалидаги Усмон I роллари билан яхши таниш.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2713
Рейтинг: 3
t
×