“Миллий тикланиш”нинг олтин “значоги” халқнинг ҳисобиданми?
Олам
−
14 Сентябрь 2022
7727“Миллий тикланиш” партияси яхши ишлаган депутатларга олтиндан ишланган кўкрак нишони совға қилишни йўлга қўйяпти. Олтин нишоннинг ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Расмда ўртасида Ҳумо қуши тасвирланган доира шаклидаги, чеккасига “Миллий тикланиш” демократик партияси дея ёзилган нишон ва унга доир маълумотлар тасвирланган.
Ҳақиқийлик сертификати
Махсулот номи: “значок”
Олтин: 585 проба
Оғирлиги: 3.92 грамм
Маълумотларга кўра, бу таклиф шаҳар кенгашидан чиққан. Нишон ҳақидаги қўшимча маълумотларни билиш мақсадида QALAMPIR.UZ мухбири “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Отабек Жиянбоев билан суҳбатлашди.
“Бу бизнинг ташаббусимиз. Йил охирида барибир фаол депутатларнинг номинациясини қиламиз. Халққа хизмат қиладиган, ижтимоий тармоқларда, депутатлик сўровларини чиқаришда фаол бўлган депутатларимизнинг рейтингини тузамиз. Асосан туман депутатларига урғу берамиз”, дейди Жиянбоев.
Унинг сўзларига кўра, рағбатлантириш ишлари бундан олдин ҳам бошқа кўринишда амалга ошириб келинган. Лекин айнан нишон масаласи бунча муҳокамага сабаб бўлаётганидан ўзи ҳам ҳайратга тушаётганини яширмай, депутатларни рағбатлантириш олдиндан бўлгани ҳақида фикр билдирди:
“Ўтган йиллари “iWatch” берардик. Партиямизнинг ўзида маблағ бўлмайди. Фақат ҳомийлик асосида бундай ишлар амалга оширилади. Ўзимизнинг шаҳсий маблағлар ҳисобига бир йилда бир марта партия, шаҳар тизимида ишлаётган депутатлар, партиянинг энг фаол ходимларига рағбат сифатида ташаккурнома билан биргаликда кўкрак нишони тақдим қилиниши бўйича ўзимиз низом ишлаб чиқиб, ўзимиз амалга оширяпмиз”.
Мухбиримизнинг бу нишонлар кимнинг маблағлари ҳисобига ясалаётгани ҳақидаги саволига Кенгаш раиси қуйидагича жавоб қайтарди:
“4-5 нафар фаол депутатлар бор. Биринчисига мен ўзим ҳомийлик қилдим. Нархи унақа қиммат ҳам эмас, 2 млн 200 минг сўм туради. Бу кўкрак нишони 60 та депутат ёки бошқа партия ходимлари орасидан энг фаолларига берилади”.
Жиянбоевнинг қўшимча қилишича, ҳозирча кўкрак нишонидан фақат биттагина ясалган. Сертификатда унинг “значок” деб аталиши эса уларга боғлиқ эмас. Буни нишонга сертификат тақдим этган компания ёзган.
“Биз ҳали биттагина нишон ясаттирган эдик. Шунча шов-шув бўлиб кетди. Суратдаги рақамлар эса бу нишонларнинг сони эмас, унинг ID рақами”, дейди Отабек Жиянбоев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сиёсий партияларга Ўзбекистонда қанча маблағ ажратилиши ҳақида мақола эълон қилган эдик.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси