Йўл таъмири учун 35 трлн ажратилмаган, ажратилмайдиям-да
Жамият
−
06 Август 2022
14119Июль ойи охирида Олий Мажлис Сенати 2021-2022 йилларда Ўзбекистонда йўл қуриш ва таъмирлашда 45 та ҳолатда 34,5 триллион сўмлик маблағлар ноқонуний сарфлангани ҳақида хабар берган эди. Бу маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг, Сенат сайтида трлн миллирдга ўзгартирилди ва барча оммавий ахборот воситаларидан 3,5 триллион эмас, 34,5 миллиард деб ёритилиши сўралди.
Ўз навбатида Автомобиль йўллари қўмитаси нафақат 34,5 миллиарднинг триллионга айланиб қолгани, балки рақамларнинг келиб чиқишига ҳам раддия берди.
Унда таъкидланишича, 34,5 млрд сўмдан 12,1 млрд сўми, яъни 36 фоизи республика йўл хўжалиги тизимига тааллуқли бўлмаган корхоналар ва объектларга тегишли. Қолган 22,4 млрд маблағнинг 15,8 млрди ёки 71 фоизи ўз тасдиғини топмаган.
“Қолган 6,6 млрд сўм миқдоридаги йўл ишларини бажариш билан боғлиқ аниқланган камчиликлар текширув жараёнида тўлиқ бартараф этилган ҳамда тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилган”, дейилади қўмита муносабатида.
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов Сенатнинг 29-ялпи мажлисида айнан шу масалага тўхталди.
У рақамлар билан боғлиқ статистик маълумотларнинг ташкилотлар бераётган ахборотлардаги ўзаро номутаносиблиги бўйича Бош вазирнинг Молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Қўшқоровга юзланаркан, маълумотларни тақдим этишдан олдин вазирликлар ўзаро келишиб олиши кераклигини таъкидлади.
“Олий Мажлис палаталари қўшма қарорига асосан ўтган ҳафтада Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси фаолиятини 2021 ва 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ҳисоботини эшитдик. Молия вазири ўринбосари Аҳатбек Хайдаров имзоси билан тақдим этилган маълумотлар эълон қилинди. Муҳокама давомида 34,5 млрд пул бир ярим йил ичида ўзлаштирилгани ҳақида маълум қилинди. Йиғилишда ОАВ ходимлари ҳам иштирок этганди ва бу ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар [ОАВда] тўлиқ ёритилди. Мажлиснинг эртаси куни Автомобиль йўллари қўмитаси ва Транспорт вазирлиги юқоридаги суммаларни инкор қилиб, раддия беришди. Устига-устак Прокуратура берган маълумотида Поп туманидаги йўлни таъмирлаш учун 3 млрд сўм ажратилгани ва ундан 2,5 млрди ўзлаштирилгани айтилди”, дейди Бурҳонов.
Сенатор сўзида давом этаркан, Автомобиль йўллари қўмитаси берган раддиядан сўнг рақамларни аниқлаштириш мақсадида Молия вазирлигига мурожаат қилгани, аммо “хўп-хўп”дан нарига ўтилмаётганини айтди.
“Сенатга берилаётган маълумотларни вазирликларда ҳам солиштириб, керакли вазирликлар билан таққослаб, кейин тақдим этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Раддия берилган куннинг ўзида Молия вазирлигига мурожаат қилдик, афсуски, ҳозиргача “хўп-хўп” деган жавобларни оляпмиз. Сиз тўла ваколатли, ҳурматли инсонсиз ва берилаётган маълумотларни назоратга олишингизни сўрардим”, дейди Бурҳонов юксак илтифот билан.
Сенатда Ҳукумат номидан ахборот берган Қўчқоров "туя ҳаммомни орзу қилибди" қабилида гап бошлаб, йўл қурилиши соҳасидагилар 35 трлнни растрата қилолмаслигини, чунки бу соҳага бунча пулнинг ўзи берилмаслигини айтиб ўтди.
“Рақамларда, млрд-трлнда англашилмовчилик бўлди. 35 трлн маблағни ноқонуний ўзлаштириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки 35 трлн сўм маблағ автойўлга берилмайди. Маълумотларни ўзаро келишув нуқтаи назаридан ҳал қилиш ҳақидаги фикрингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Маълумотларни очиқ эълон қилиш орқали бу ишларни ечимини топиш мумкин. Молия вазирлиги бюджет бўйича рақамларни ҳар куни эълон қилиб боради. 6 йил аввал бундай аҳволни кўз олдимизга ҳам келтира олмас эдик. Ҳақиқатан ҳам рақамлар кўп. Бу хатолик маълум бир маънода айрим одамларни қизишишига сабаб бўлгандир. Бу техник хато ва бу учун узр сўраймиз. Рақамлар бўйича ҳамма чораларни кўрамиз”, дейди Қўчқоров.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь