29 йиллик сир. Тургут Ўзалнинг қабри нега очилди?
Бу қизиқ
−
17 Апрель 2022
121512Дунёнинг кўплаб мамлакатларида инсон ҳаёти, унинг яшаши муҳим масаладир. Гап Президент ҳақида борса, жиддият янада ортади. Агар унда юрак касалликлари бўлса-чи? Президент ҳаёти доимий хавотир ва назорат остида бўлиши аниқ. Унинг ёнида исталган сонияда ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган малакали шифокорлар гуруҳи, бориши мумкин бўлган жойларида кўчма тиббий муассаса ёки яқин атрофда профессионал клиникалар, зудлик билан етказиш бўйича автомобиль йўли харитаси ёки вертолётлар шай туради. Хорижий сафарларни ташкил этиш протоколида ҳам бир неча ой олдиндан меҳмон давлат раҳбари бориши мумкин бўлган шифохона, ҳатто, унинг палатаси белгилаб қўйилади.
Президентнинг ҳар сонияси назорат остида бўлади. Унинг толиқиб қолиши, узоқ суҳбат қуриши, кўп ва бетартиб оқватланиши мумкин эмас. Қисқаси, Президентлар саломатлиги ва хавфсизлиги, ҳаётий хатарлардан холилиги давлат масаласи даражасида эътиборга олинади.
1993 йилнинг 17 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонга сафаридан кейин Анқарада вафот этган Туркиянинг саккизинчи Президенти Тургут Ўзал ҳам ана шундай эътибор марказида эди. Айниқса, 1988 йил унга уюштирилган суиқасддан кейин Президентнинг ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш биринчи ўриндаги масалага айланганди. Бироқ, биз ўйлаганчалик эмас экан. Агар шундай бўлганда уни шифохонага олиб бориш учун тез ёрдам кутилмаган, уни заҳарлашмаган ва бу тақлид вафот этмаган бўлармиди?!
Президентлик муддатида ўлган иккинчи давлат раҳбари
29 йилдан буён вафоти сирлари кўпчиликни қийнаб келаётган ва Туркия тарихида муҳим аҳамият касб этган Тургут Ўзалнинг ўлими тафсилотларини қуйида бўлишамиз.
Ҳалил Тургут Ўзал 1927 йилнинг 13 октябрь куни Малатяда таваллуд топган. Турк бюрократи, сиёсат ва давлат арбоби, Туркия Республикасининг 8-президенти.
У 1983-1989 йилларда 5 йил-у 10 ой Бош вазир ва “Она Ватан” партияси раҳбари лавозимида фаолият юритган. Тургут Ўзал мамлакат асосчиси Мустафо Камол Отатуркдан кейин ўз вазифасини бажариш чоғида вафот этган иккинчи Президентдир. Отатурк ҳам президентлик даврида оламдан кўз юмган.
Ўзал Туркиянинг 43-Ҳукумати даврида Бош вазирлик маслаҳатчиси ва Давлат режалаштириш ташкилоти маслаҳатчиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. 1980 йил 12 сентябрь куни амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг, Буленд Улусу томонидан тузилган ҳукуматда Бош вазирнинг Иқтисодиётдан масъул ўринбосари лавозимини эгаллади. 1982 йилда бу лавозимидан воз кечиб, 1983 йилда “Она Ватан” партиясига асос солган. Унинг партияси 1983 йилги Туркия умумий сайловларида 45,14% овоз олди ва 45-Туркия ҳукуматини тузиб Бош вазир бўлди. 1985 йилги қурултойда яна “Она Ватан” партияси раиси этиб сайланди. 1987 йил Туркияда ўтказилган умумий сайловларда унинг партияси тўплаган овозлар 8,83 фоизга тушиб, 36,31 фоизни ташкил этган. Шунга қарамай, у Туркиянинг 46-Ҳукуматини тузиб, яна Бош вазир курсисини ўзида сақлаб қолган.
Ўзал 1989 йилги Туркия президентлик сайловларида давлат раҳбари этиб сайланган. Бош вазирликдан кетганига қарамай, у сиёсий воқеалар ривожида ҳал қилувчи роль ўйнашда давом этган.
Ўзалга суиқасд ва афв
1988 йил 18 июнь шанба куни Анқарадаги Отатурк спорт саройида бўлиб ўтган “Она Ватан” партиясининг навбатдаги қурултойи чоғида Картал Демирағ исмли ҳужумчи томонидан Президент Ўзалга суиқасд уюштирилди ва давлат раҳбари жароҳат олганига қарамай, омон қолди. Фотожурналистлар ва телевидение камералари учун тайёрланган жой олдида, Президентдан 12 метр масофадан икки марта ўқ узган Демирағ, Тургут Ўзални ўнг қўлидан яралади. Ҳужум ортидан тасодифий ўт очган қўриқчилар 18 кишини жароҳатлади. Яраланганлар орасида вазир Имрен Айкут ҳам бор эди.
Аввалига ўлим жазосига ҳукм қилинган, кейин эса жазо чораси 20 йил озодликдан маҳрум қилишга ўзгартирилган Картал Демирағни Тургут Ўзал кўп ўтмай афв этди.
Докторларнинг огоҳлантиришларига қулоқ осмади
Тургут Ўзалнинг юрак хасталиги ўлимидан 23 йил аввал, 70-йилларда ўзининг илк белгиларини кўрсата бошлаганди. Орадан 17 йил ўтиб, 1987 йилда хасталик уни Америкадаги Методист шифохонасига етаклайди ва дунёнинг энг машҳур юрак жарроҳи – профессор Майкл Эллис Дебейки уни операция қилган эди.
Шифокор операция муваффақиятли ўтганини айтаркан, у энди ёш йигитлардек чопқиллаб юриши мумкинлигини урғулаганди. Албатта, бунинг талаблари бор эди: соғлом турмуш тарзи, тиббий назорат ва юракни ортиқча толиқтирмаслик. Ўзал эса операциядан кейин ҳаёт тарзини ўзгартирмади, унга яна ярим тунгача давом этган ва кун ёришмасидан бошланган иш куни ҳамроҳлик қилди. Ҳамма ухлаётган вақтлар, соат 2-3 да эртаси кун чиқадиган газеталарни ўқир, шу тариқа бироз мизғиб, қуёшни қаршиларди. Докторларнинг огоҳлантиришларига қулоқ осмай, дам олишга вақт ажратмай, тақиқланган овқатларни истеъмол қилишда давом этган Ўзал, шундоқ ҳам ортиқча вазнини янада ошириб борарди.
Марказий Осиё ва Ўзбекистонга 12 кунлик сафар
У 1993 йилнинг апрель ойи бошида, Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқишидан уч кун аввал шифокорлар гуруҳи раҳбари уни тўлиқ тиббий назоратдан ўтиши кераклиги ҳақида огоҳлантиради. Бироқ, Президент бунга парво қилмайди.
У 12 кун ичида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжонга сафар қилади. Бу сафар давомида эса фақатгина самолётда учиш вақтининг ўзи 22 соатни ташкил этди. Автомобилда юрган йўллари ва тик оёқда ўтказган соатларининг эса ҳисоби йўқ.
Яккама-якка учрашувлар ва делагациялар учрашувлари, матбуот анжуманларида нақ 32 соат нутқ қилган. Бу вақтда эса 5 мамлакат ташрифни энг зўр ташкил этиш бўйича беллашаётгандек эди. Ўзал Қирғизистонда давлат раҳбарларига хос бўлмаган тарзда оддий мактаб очилишига ҳам олиб борилди. Ушбу ташрифлар уни шу қадар чарчатган эдики, сафарда унинг юришга қийналаётгани, ҳатто, қўриқчилар зинадан қўлтиғидан тутиб олиб тушаётгани акс этган суратлар матбуотга сизди.
У Ўзбекистонда, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида намоз ўқиркан, ўтириб-туришга қийналаётганини, қўллари билан ерни тутишга ҳаракат қилаётганини ундан анча узоқда турган журналистлар ҳам пайқаган. Охирги бекатидан битта аввалгиси – Туркманистон сафарида ўзининг толиққанини юзида ва сўзларида ифода этишни бошлаган Ўзал, ташриф кун тартибига ўзгартиришлар киритишга ҳаракат қилади. Аммо Туркманистонда бунинг уддасидан чиқолмайди. Кейинги бекат – Озарбайжон. Туркия раҳбари Озарбайжондаги кун тартибини ҳам ўзгартириб, уни 3 соатга қисқартиришга эришди ва 15 апрель куни Туркияга қайтиб келди.
Президент ҳаётининг сўнгги 24 соатини яшаётганди
1993 йил 16 апрель, соат 10:30. 12 кунлик сафардан қайтган Ўзал дам олмасдан, эртаси куниёқ яна ишга чиқиб, Конституцион судга борди. Сафарга чиқишидан аввал шифокорлар огоҳлантирган тўлиқ тиббий кўрик ҳам ёдидан кўтарилганди. У хаста ва толиққан юраги билан навбатдаги суткани ўтказишда давом этарди. Янада тўғрироқ айтсак, ҳаётининг сўнгги 24 соатини.
Соат 14:00. Президент Тургут Ўзал қароргоҳида Бош вазир Сулаймон Демирелни қабул қилди. Бу 40 йиллик икки дўстнинг сўнгги учрашуви эди.
Соат 15:00 да эса UNESCO Бош директорини қабул қилди.
Узун ва чарчатувчи учрашувлар етмаганидек, соат 18:15 да ҳайкалтарошлардан бирининг кўргазмасига борди. Кўргазма давомида нутқ сўзлади. У жуда толиққан эди ва бу унинг кўзларидан, ҳаракатларидан аён бўлиб турарди. Ушбу кўргазма у қатнашган энг сўнгги тадбир бўлди. Соат 19:30 да Президент яна қароргоҳига қайтди.
Анча толиққанига қарамай, Ўзалнинг эртанги кун тартиби ҳам тўла эди. Улар орасида шифокорлар назоратига вақт ажратилмаганди. Аммо ҳаёт унга умуман бошқа ҳодисаларни тайёрлаб қўйганди.
Президентнинг сўнгги нафаси
17 апрель, шанба. Тургут Ўзал доимгидек қуёшни қаршилай олмади. Ташқаридаги қўриқчиларнинг оёқ товушларидан уйғонган Ўзал, ўзини жуда ҳорғин ҳис қилаётганди. Ётоғидан дарров тура олмади. Соат 10:00 да у бошини ёстиқдан кўтарди. Орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмас, Ўзал душ қабул қилиш учун ҳаммомга кирди. У ердан чиққач эса ҳаётидаги энг таҳликали қарорни қабул қилиб, югуриш йўлагига чиқди ва мосламанинг “START” тугмасини босди. Бу унинг сўнгги қадамлари эканини билганида эди... Соат 10:35, 650 қадам юрганидан кейин, мосламани тўхтатди. У ётоқнинг чеккасига ўтириб, эгилганча пойабзалини ечаркан, рафиқасини чақирди: “Семра, менга кенгроқ кўйлак тайёрла”. Бу унинг сўнгги сўзлари эди.
Бу вақтда Семра хоним нонушта дастурхонида Ўзални кутар, хизматчиларга Президент учун тухум пиширишларини айтган эди. Ўзал келавермагач, Семра хоним ундан хабар олгани ётоқхонага боради. Бу вақтда эса Президент ҳушсиз ётарди.
Ташқарида кутаётган кортеж, ҳайдовчи ва уни суиқасдлардан қўриқлаш бош вазифаси бўлган қўриқчилар ичкаридаги ҳодисалардан, ҳаётий ўқ аллақачон Ўзалнинг кўкрагини тешиб, юрагига бориб ўрнашганидан бехабар эди, сукунат ҳукм сурарди. Энг ёмони, давлат раҳбари ёки унинг оила аъзоларига бирор кор-ҳол бўлса, нима қилиш кераклиги ҳақида режа ҳам, харита ҳам, шифокорлар ҳам йўқ эди.
Президент аллақачон ўлиб бўлганди
Ўзал юрак хуружини бошидан кечирганидан 17 дақиқа ўтса ҳамки, бу орада беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлган ҳеч қандай тўғри қадам ташланмаган эди. Бу пайт қароргоҳда бўлган қўриқчилар, хизматчилар ва гувоҳларга кўра, ўша 17 дақиқанинг ўзида Президентнинг ранги оқариб, оёқ-қўли совий бошлаган ва ҳаётий белгилар йўқолган.
Орадан шунча вақт ўтиб, қароргоҳда телефон борлиги ёдга тушди. Ўша заҳоти Президентнинг шифокорига хабар берилди, тез ёрдам йўлга чиқди. Шифокорнинг уйи Президент резиденциясидан сал пастроқда, 7-10 дақиқалик масофада жойлашган бўлишига қарамай, доктор резиденцияга келиш ўрнига, аксинча, беморни шифохонага олиб боришларини айтади.
Соат 11:00. Резиденциядан йўлга чиққан тез ёрдам машинаси, сиренасини чалганча катта тезликда шифохона томон борарди. Кунлик ҳаётий ташвишлари билан яшашни давом эттираётган анқараликлар йўлда бораётган тез ёрдам автомобилида Президентнинг совуқ жасади кетаётганини билмасди. Бироқ, тез ёрдам автомобилининг ичида на шифокор, на ҳамшира бор эди.
Қайси шифохона? Қаерга олиб бориш керак? Тез ёрдам автомобилида шифокорнинг йўқлиги етмагандек, ҳайдовчи беморни қаерга олиб бориш кераклигини ҳам билмасди. У вақтдан ютиш мақсадида соат 11:10 да йўлини ўзгартирди ва энг яқин шифохона томон йўл олди. 11:15 да шифохонага етиб борилди. Бу вақтда юрак хуружидан 40 дақиқа ўтган эди.
Бемор Ўзалми ёки Президент Ўзал?
Ўзалнинг исталган вақт тоби қочишига нисбатан тадориксизлик ва шифохонага етказилиши билан боғлиқ имиллаш бу билан тугагани йўқ. Аллақачон шифохонага Президент Тургут Ўзал келаётгани ҳақида хабар берилганди. Бироқ, унинг қайси аҳволда келаётганига аниқлик киритилмаганди. Шу боис шифокорлар Ўзалнинг ҳолатидан келиб чиқиб тайёргарлик кўрмаган, аксинча, улар Ўзал шифохона фаолияти билан танишиш учун келяпти деб, кам-кўстни яшириш, йиртиқларга ямоқ ахтариш билан банд эди.
Сониялар ичида Ўзалга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишга киришдилар. Шифокорлар 10 дақиқа ҳаракат қилдилар, ҳаётий белгилар пайдо бўлмагач, уни зудлик билан Юрак ва қон-томир касалликлари бўйича жонлантириш бўлимига олдилар. Бироқ, кеч эди. Ўзал аллақачон боқий дунёга кўчиб бўлганди. Шифокорлар буни билса-да тиббиётнинг ўша даврдаги энг сўнгги қурилмаларини ишга солиб, мўъжиза содир бўлишини кутишаётганди.
3,5 соат давом этган уринишлардан сўнг, шифокорлар гуруҳи Ўзал ҳаётга қайтмайди деган қарорга келдилар. Соат 14:30 да Тургут Ўзалнинг вафоти қайд этилди. Президентнинг жасади шифохона моргидан устига мамлакат байроғи тўшалган тобутда олиб чиқилди. У васиятига кўра, Истанбулга дафн этилди. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.
Қабри очилди, заҳарлангани аниқланди
Тургут Ўзалнинг вафотидан кейин унга суиқасд уюштирилгани, у заҳарлангани ҳақида гап-сўзлар кундан кунга авжига чиқди. Марҳум Президентнинг рафиқаси Семра Ўзал ҳам турмуш ўртоғининг лимонадига маргимуш қўшиб, заҳарлашганини айтиб чиқди. Бунга АҚШда Тургут Ўзалнинг соч намунасини таҳлил қилдирганини далил сифатида келтирди. Тургут Ўзалнинг вафотидан 19 йил ўтиб, 2012 йилнинг 2 октябрь куни унинг қабри отопсия учун очилди. Суд-тиббиёт экспертиза институти томонидан олиб борилган тадқиқот ва хулосалар натижасида заҳар аниқланган бўлса-да, унинг заҳарданми ёки бошқа сабабдан ўлганини аниқлаб бўлмади.
Марҳум Президентнинг беваси Семра Ўзал ҳам мавзу юзасидан баёнот берди: “Ўлим сабаби ҳақидаги даъволардан сўнг қабри яна очилиб, таҳлил қилинди. Афсуски, заҳар топилди, аммо уни қандай ва ким бергани номаълум, шунинг учун бу масала очиқлигича қолди”.
LiveБарчаси