Суриядан қайтаришдан осон бўлмади – Комилов Украинадан эвакуация қилиш операцияси ҳақида

Жамият 5619
image

Муросасиз уруш бўлаётган Украина майдонларидан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш жараёни, Суриядаги ватандошларни қайтаришдан осон кечмади. Бу ҳақда бугун, 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.

“Бугунги кунда тахминан 6 мингга яқин одам эсон-омон қайтиб келди. Бу ерда энг катта қийинчилик бир минтақадан иккинчисига, бир шаҳардан иккинчисига олиб бориш бўлди. Польшанинг Ташқи ишлар вазирлиги ва Украинадаги биродарлар билан келишиб, 6 мингга яқин фуқароларни олиб келдик. Бугунги кунда 300 га яқин фуқароларимиз Украинада қолмоқда. Биз улар билан мулоқотдамиз. Ҳаммаларига ёрдам беряпмиз. Битта мураккаб масала бу – хавфсизлик. Яқин орада уларни қайтаришга ҳаракат қиламиз”, дейди Комилов.

Шунингдек, у сўзи давомида Украинадаги фуқароларни қайтариш 2021 йил “Меҳр” операцияси доирасида Суриядаги ўзбекистонликларни эвакуация қилишдан осон бўлмаганини таъкидлади.

“Хабарингиз бор, ўз пайтида биз Суриядан, Ироқдан ва Афғонистондан бир неча гуруҳларни, адашиб ўша ерга кетиб қолган фуқароларимизни, олиб келган эдик. Очиғи, Украинадан фуқароларни олиб келиш бундан енгил бўлгани йўқ. Нега деганда, Сурияда асосий муаммо бир минтақадан иккинчи минтақага ўтишда бўлди. Ҳар бир минтақада ўзининг зўравонлик қилаётган хўжайинлари бор. Улар билан келишиш жуда қийин бўлди. Лекин, уларни ҳам омон-эсон олиб келдик. Лекин бу гал Украинада одамлар ўляпти, шунча ҳарбий кучлар ишлаяпти. 6 мингта фуқароларимизни олиб келдик”, дейди Ташқи ишлар вазири.

Маълумот учун, 2019-2021 йиллар мобайнида Ўзбекистон ҳукумати томонидан 5 та “Меҳр” инсонпарварлик операцияси ўтказилган. Бунинг натижасида Яқин Шарқдаги уруш майдонларидан 371 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанига қайтарилган. Уларни асосан аёллар ва болалар ташкил қилади.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 84
Рейтинг: 3.1
t
×