Ғарб ваъдаларига чув тушган Зеленский
Олам
−
25 Февраль 2022
25565Бугун дунё ҳамжамияти нигоҳи Украинага қаралган. Ҳамма якунда нима бўлади деб, кузатмоқда. Қизиғи, Украинага тонналаб қурол юбориб, уни Россия учун душманга айлантирган ривожланган давлатлар ҳам санкция жорий қилиш билан чекланмоқда.
Кеча, 24 февралъ куни Россия Украинага қарши уруш бошлаши ортидан қатор давлатлар ва Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар жорий қилди.
Кремлга қарши биринчилардан бўлиб санкция қўллаган АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путин тажовузкор эканини очиқ айтиб, у собиқ Совет Иттифоқини қайта тиклаш ҳаракатига тушганини урғулади.
Москвага қаттиқ чекловлар жорий қилаётгани ҳақида оғиз кўпиртирган Байден Америка қўшинлари “Украинада жанг қилиш” учун Европага бормаслигини ҳам айтишга тортинмади.
“Ўтган йили биз Украинага 650 миллион доллардан ортиқ мудофаа ёрдами кўрсатганимизга қарамай, яна бир бор такрор айтаман: бизнинг кучларимиз Украинадаги Россия билан можарода иштирок этмайди ва қўшилмайди, бизнинг кучларимиз Европага жанг қилиш учун бормайди. Лекин НАТОдаги иттифоқчиларимизни ҳимоя қилади”, деган АҚШ Президенти.
Унинг таъкидлашича, Владимир Путин Украинага қилинган ҳужум учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади ва у туфайли Россия энг оғир оқибатларга дуч келади.
“Путин тажовузкор. Путин бу урушни танлади. Энди эса унинг оқибатини у ва унинг давлати кўтаради. У Украинага қараганда анча катта амбицияларга эга. У, аслида, собиқ Совет Иттифоқини тиклашни хоҳлайди. Мана, гап нимада ”, деган Байден.
“Олигархлар яширинадиган жой қолмайди”. Британия Россия учун “оғир” санкцияларни эълон қилди
Буюк Британия АҚШдан кам бўлмаган иқтисодий чекловлар эълон қилди. Россиянинг ВТБ Банки, “Аэрофлот” компаниясига қарши санкциялар киритди ва юқори технологияли маҳсулотларни агрессор давлатга экспорт қилишни тақиқлади.
“Сибур” бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари ва Владимир Путиннинг собиқ куёви Кирилл Шамалов, Бирлашган авиасозлик корпорацияси раҳбари Юрий Слюсарь, ВТБ вице-президенти Денис Бортников (ФСБ раҳбарининг ўғли) ва “Промсвязьбанк” бошқарув раиси Пётр Фрадков (собиқ бош вазирнинг ўғли) Британия санкциялари остида қолди.
Британия Бош вазири, шунингдек, юздан ортиқ одам ва компаниянинг активларини музлатиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
“Бу Путиннинг уруш машинасини қўллаб-қувватловчи йирик саноат компанияларини ўз ичига олади”, деган Британия Бош вазири Жонсон.
Россия бойлари урушнинг биринчи кунида $39 млрдга “камбағаллашди”. Уларнинг орасида Усмонов ҳам бор
Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётининг биринчи кунида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов 1,2 млрд доллар йўқотди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Агентликка кўра, энг бой россиялик тадбиркорларнинг бойлиги 39 миллиард долларга камайди.
“Қашшоқлашган” миллиардерлар рўйхатини “ЛУКОИЛ” президенти Вагит Алекперов бошқарган бўлиб, унинг бойлиги бир сутка ичида қарийб 6,2 миллиард долларга камайиб, 13 миллиард долларга тушиб қолди.
Европа Россиянинг нефть саноатига зарба тайёрлади
Европа Иттифоқи Украина ҳудудига бостириб киришига жавобан Россияга қарши янги санкциялар пакетини келишиб олди.
Европа Иттифоқи Россиянинг блокдаги активларини музлатиб қўйишга ва Россия банкларининг Европа молия бозорларига киришини ёпишга келишган.
“Ушбу пакет Россия банк бозорининг 70 фоизига ва асосий давлат компанияларига, шу жумладан мудофаа секторига қаратилган молиявий санкцияларни ўз ичига олади”, деган Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
Бу орада Украина Президенти Владимир Зеленский умумий сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат Украина Президентининг расмий сайтида эълон қилинган.
Сафарбарлик Россиянинг ҳарбий босқини билан изоҳланган. Ҳарбий хизматга мажбурлар, захирадагилар Украина Қуролли Кучлари, Миллий гвардия, Хавфсизлик хизмати, Давлат чегара хизмати ва мамлакатнинг бошқа ҳарбий тузилмаларига чақирилади.
LiveБарчаси