Афғонистон ва Покистон катта уруш остонасидами?

Таҳлил

image

Бугун Афғонистон ва Покистон мавзуси ҳатто сиёсат билан умуман қизиқмайдиганларнинг ҳам тилидан тушмаяпти. Чегарадаги воқеалар якуний босқичга – “очиқ уруш” форматига ўтди. 26 февраль куни Кобул кенг кўламли қуруқликдаги ҳужумни бошлаганидан сўнг, Исломобод зудлик билан жавоб қайтарди: 27 февралга ўтар кечаси Покистон авиацияси зарбалари остида Афғонистоннинг стратегик марказлари қолди. Қандаҳор ва Пактия вилоятлари ҳужумга учради, мамлакатнинг қоқ маркази – Қобулда янграган портлашлар эса амалда икки давлат ўртасида тўлақонли уруш бошланганини қайд этди.

Айни дамдаги эскалация ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ – қўшнилар ўртасидаги кескинлик йиллар давомида кучайиб бораётган эди.

2023 йилда Покистон жангарилар фаоллигини бостириш мақсадида Афғонистон ҳудудига нуқтали авиазарбалар берганди.

Бутун 2024 йил чегараолди ҳудудлардаги қуролли тўқнашувлар соясида ўтди, мунтазам отишмалар ва артиллерия дуэллари кундалик воқеликка айланди.

2025 йил октябрига келиб вазият энг юқори нуқтасига етди – тўқнашувлар тезлашди, дипломатик риторика эса ҳаддан ташқари кескин тус олди.

Бироқ илгари булар шунчаки маҳаллий низолар эди. Mинтақа ҳали бугунгидек кенг кўламли ҳарбий кампанияларни кўрмаган.

Вазиятнинг парадоксал томони шундаки, Покистон ўз вақтида “Толибон” режими билан жуда яқин алоқада бўлган ва кўп жиҳатдан унинг ҳокимиятга келишига ёрдам берган. Хўш, нима хато кетди? Нима учун кечаги иттифоқчилар бугун бир-бирига оғир қуроллардан ўқ узмоқда? Ва ҳақиқатан ҳам катта уруш энди муқаррарми? Ушбу мураккаб жараёнларни тушуниш учун Афғонистон-Покистон муносабатларининг тарихий тажрибасига назар ташлаш лозим.

Кечаги шериклар қандай қилиб душманга айланди?

Тарихда давлатлар рақибни заифлаштириш ёки “буфер зона” яратиш мақсадида қўшни мамлакатлардаги исёнчи ҳаракатларни қўллаб-қувватлашига оид мисоллар талайгина. Покистон ўн йиллар давомида айнан шу мантиққа амал қилиб, “Толибон”ни ўзининг асосий стратегик активи деб билган. Исломобод Қобулдаги содиқ режим шимолий чегараларда тинчликни таъминлайди ва ташқи таъсирларга қарши тўсиқ бўлади, деб ҳисобларди.

Бироқ бундай иттифоқлар камдан-кам ҳолларда барқарор бўлади. Сиёсатшуносликда бу “ҳомий қопқони” деб аталади.

Назорат иллюзияси: Кечаги исёнчилар ҳокимият тепасига келиши билан, собиқ кураторларининг буйруқларини бажаришни тўхтатадилар.

Манфаатлар тўқнашуви: оёққа турган Қобулнинг янги маъмурияти ўз сиёсатини бошлади ва бу сиёсат Покистон миллий хавфсизлигига тўғридан тўғри зид келиб қолди.

Дастлаб “хавфсизлик” мақсадида режалаштирилган лойиҳа хавф манбаига айланди. Манфаатлар тўқнашгач, йиллар давомида тўпланиб қолган эски кескинлик юзага чиқди. Натижада ўн йиллар давомида қурилган шериклик атиги бир неча кун ичида барбод бўлиб, кенг кўламли урушнинг очиқ фронтига айланди.

Икки давлат, битта халқ

Покистон Ислом Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси Жанубий ва Марказий Осиёда ёнма-ён жойлашган. Икки қўшнидан йирикроқ ва аҳолиси зичроғи бўлган Покистон – 230 миллионга яқин аҳолига эга ядровий давлат бўлиб, фуқаролар сони бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллайди. Ундан шимоли-ғарбда эса Афғонистон жойлашган. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган бу тоғли мамлакатда тахминан 40 миллион киши истиқомат қилади. Ҳар икки давлат аҳолиси асосан мусулмон-суннийлардан иборат бўлса-да, улар этник жиҳатдан хилма-хилдир.

Бироқ уларни ҳам бирлаштирадиган, ҳам ажратиб турадиган асосий куч – пуштунлардир. Улар умумий чегара бўйлаб жойлашган бўлиб, Афғонистон аҳолисининг қарийб ярмини, Покистон аҳолисининг эса 15 фоизини ташкил қилади. Пуштунлар чегаранинг ҳар икки томонида мустаҳкам қабилавий, маданий ва оилавий ришталарни сақлаб келишмоқда. Улар учун давлат чегараси шунчаки қоғозда чизилган расмиятчилик, холос – уларнинг онгида бундай тўсиқ мавжуд эмас.

Айнан пуштунлар ҳар икки давлат сиёсати ва миллий ўзлигида марказий ўрин тутади. Энг муҳими, улар бир асрдан кўпроқ вақт давомида икки давлат муносабатларини шакллантириб келаётган ва бугунги воқеаларнинг асоси бўлган узоқ йиллик чегара низосининг марказида турибди. Бугунги Қобул ва Пактияга берилган зарбаларга сабаб бўлган қарама-қаршилик илдизлари узоқ ўтмишга – XIX асрга, машъум “Дюранд чизиғи” пайдо бўлган даврга бориб тақалади.

Дюранд чизиғи: Британия қолдирган муаммо

Бугунги низонинг шиддатини тушуниш учун 1893 йилга қайтиш керак. Айнан ўша пайтда Британия дипломати сэр Мортимер Дюранд харитада Британия Ҳиндистони ва Афғонистоннинг таъсир доираларини ажратиб туриши керак бўлган 2640 километрлик чизиқни чизган эди.

“Дюранд чизиғи” сифатида машҳур бўлган бу чегара этник ва маданий воқеликларни ҳисобга олмасдан ўтказилган. Қаламнинг бир ҳаракати билан ягона пуштун халқи икки давлат ўртасида бўлиниб қолди.

Кобул позицияси: монархлардан тортиб бугунги толибларгача бўлган ҳеч бир Афғонистон ҳукумати “Дюранд чизиғи”ни расмий чегара сифатида тан олмаган. Афғонистон учун бу шунчаки мустамлакачилар томонидан мажбуран ўрнатилган вақтинчалик “демаркация чизиғи” холос. Кобул ҳозиргача замонавий Покистоннинг катта ҳудудларини ўз тарихий ерлари деб билади.

Исломобод позицияси: 1947 йилда ташкил топган Покистон учун бу чегара муқаддас ва дахлсиздир. Уни шубҳа остига қўйишга бўлган ҳар қандай уриниш мамлакат ҳудудий яхлитлигига тўғридан тўғри таҳдид деб қабул қилинади.

Нима учун бу айнан ҳозир портлади?

Ўн йиллар давомида чегара шаффоф бўлиб келган, бироқ “Толибон” бўлинган пуштун миллати ҳақида очиқ баёнотлар бера бошлагач, Покистон чегара бўйлаб кенг кўламли тўсиқлар қуриш ва тиканли симлар ўрнатишни бошлади. Бу эса Қобулнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Тўсиқнинг ҳар икки томонидаги пуштунлар учун бу миллий фожиага айланди: бўлиниб қолган оилалар, вайрон бўлган савдо йўллари ва одатий турмуш тарзининг якуни. 2021 йилда ҳокимиятга келган толиблар нафақат ўз халқининг норозилигини қўллаб-қувватладилар, балки Покистон ўрнатган тўсиқларни фаол равишда буза бошладилар.

Исломобод “контрабанда ва терроризмга қарши кураш” деб атаётган жараённи Қобул “пуштунлар учун қамоқхона” деб таърифламоқда. Айнан мана шу тиканли симлар атрофидаги низолар 2026 йилги авиазарбалар ва Афғонистон армиясининг кенг кўламли ҳужуми учун детонатор вазифасини ўтади.

ТТП лойиҳаси

Бугунги кунда икки давлат муносабатларидаги асосий келишмовчилик – бу “Техрик-и-Толибон Покистон” (ТТП) гуруҳининг фаолиятидир. Улар Афғонистон толиблари билан бир хил мафкурага эга бўлса-да, мақсадлари тубдан фарқ қилади: улар Исломободдаги ҳукуматни ағдариш ва Покистоннинг ўзида шариат қонунларини жорий этишни истайдилар.

2021 йилда толиблар Қобулга зафар билан қайтганида, Покистонда бу воқеа геосиёсий ғалаба сифатида байрам қилинган эди. Исломобод “биродар” “Толибон” ҳаракати Покистон ТТП жангариларини жиловлашга ёрдам беради деб умид қилганди. Аммо реаллик бутунлай тескари бўлиб чиқди.

Афғонистонда толиблар ҳокимиятга келгач, ТТП жангарилари амалда эркин ҳаракатланиш имкониятига эга бўлдилар. Улар Афғонистон ҳудудидан куч тўплаш ва Покистонда террорчилик хуружларини амалга ошириш учун база сифатида фойдаланмоқдалар.

Покистон сўнгги йиллардаги энг даҳшатли ҳужумларни, жумладан, шу йилнинг 6 февраль куни Исломобод масжидидаги портлашни айнан ТТП зиммасига юклайди.

Қобул Покистоннинг азалий ва энг ашаддий рақиби – Ҳиндистон билан фаол ҳамкорликни бошлаганида вазият ҳақиқатан ҳам портлаш даражасига етди.

Исломобод учун толибларнинг Деҳли билан мулоқот ўрнатишга бўлган уринишлари “қизил чизиқ” бўлди. Бу Покистоннинг “стратегик чуқурлик” ҳақидаги умидларини чиппакка чиқарди ва Афғонистон Покистонга қарши кучлар учун плацдармга айланаётгани ҳақидаги гумонларни уйғотди.

Афғон толиблари учун ТТП – бу террорчилар эмас, балки мафкуравий иттифоқчилар ва “Дюранд чизиғи” бўйича баҳсда Исломободга босим ўтказиш воситасидир. Шу сабаб улар ўз “қуролдош биродарларини” Покистонга топширишдан бош тортмоқда.  Қолаверса, ТТПга ҳужум қилишда ўз ҳудудларидан фойдаланишга йўл қўймаслигини расман билдирадилар. 

Урушни тўхтатишнинг иложи борми?

Бугунги эскалация – бу шунчаки чегараолди низоси эмас, балки кўп йиллик геосиёсий стратегиянинг барбод бўлишидир. Афғонистонда ўзига содиқ кучни етиштиришга ўн йиллар давомида уринган Покистон охир-оқибат “ҳомий қопқони”га тушиб қолди. Исломобод итоаткор иттифоқчи ўрнига, мустамлакачилик даври чегараларини тан олмайдиган ва Покистон давлатининг мафкуравий душманларига бошпана берадиган амбицияли қўшнига дуч келди. Айни дамда вазият кенг кўламли минтақавий фалокат ёқасида турибди.

Бир томонда – ҳавода мутлақ устунликка ва ядровий мақомга эга бўлган, ТТП базаларини зудлик билан йўқ қилишни талаб қилаётган Покистон армияси.
Иккинчи томонда – ўн йиллик партизан урушларида тобланган, “Дюранд чизиғи” бўйича ён бериш ёки қуролдошларини топширишни ўз халқи олдида обрўсизланиш ва легитимликни йўқотиш деб биладиган “Толибон”.

27 февраль воқеалари – Покистон ракеталари Қобулгача етиб боргани ва афғон кучлари чегараолди постларини эгаллаб олгани эски ўйин қоидалари энди ишламаслигини кўрсатди. Ўқлар гапирганда, дипломатия сукут сақламоқда.

Афғон-Покистон муносабатлари тарихи кескин ва қонли бурилиш ясади. Кечагина умумий эътиқод ва маданият билан боғланган шериклар бугун бир-бирига танклар нишони орқали қарамоқда. Фронт чизиғи бевосита пуштун оилалари ва қабилалари орқали ўтаётган ушбу урушда ҳеч ким ғолиб бўлмаслиги мумкин. Февралдаги воқеалар узоқ ва толиқтирувчи урушнинг бошланиши бўладими ёки томонлар жар ёқасидан чекиниш учун ўзларида куч топа оладиларми? Бу савол ҳозирча очиқ қолади.

Азизбек Солиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Афғонистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг