Қозоғистонда Хитойга қарши норозилик – Weekend
Таҳлил
−
16 Ноябрь 8344 7 дақиқа
Жорий ҳафта охиригача дунёда содир бўлган воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг.
Асаднинг пинжида бўлган “Моссад” зобити
Башар Асаддан қолган муаммолар ва унинг қийноқлар машинасига хизмат қилган шахслар билан боғлиқ масалалар ҳали Сурия билан жуда узоқ яшайдиганга ўхшайди. Жумладан, Сурия ҳарбий разведкасида энг юқори лавозимлардан бирини эгаллаган собиқ генерал Холид ал-Ҳалабий Австрияда ҳибсга олиниб, ҳарбий жиноятларда айблангани ҳақида хабарлар тарқалди. Генерал ҳозирда Австрияда Башар Асад даврида содир этилган жиноятлар учун судланмоқда. Ўн йилдан ортиқ вақт давомида у уруш жиноятлари бўйича терговчилардан қочиб, Париж ва Венада яшаган. Австрия прокурорларига кўра, уни камида иккита Ғарб разведка агентлиги ҳимоя қилган.
Ал-Ҳалабий ўтган йилнинг декабрь ойидан бери ҳибсда экани маълум бўлди. Мустақил терговчиларга уни топишга ёрдам берган маълумотлардан бири унинг Будапештдаги кўприкда тушган ва ижтимоий тармоқларга жойлаган фотосурати бўлган. Австрия терговчиларининг иддао қилишича, Асад хавфсизлик хизматининг собиқ зобити 2013 йилда Суриядан қочиб кетгунга қадар Исроил разведкаси “Моссад”да қўшалоқ агент бўлиб ишлаган. У Парижга борган, бироқ 2015 йилда сирли тарзда ғойиб бўлган. Австрия прокурорига кўра, “Моссад” ва бир гуруҳ австриялик разведка ходимлари ёрдами билан Ал-Ҳалабий автомобилда Европа бўйлаб Австрия чегарасига етказилган. Австрия разведкачилари мустақил ҳаракат қилиб, уни Венага кузатиб қўйган. Яъни, уни қочириб юбориш ҳаракатларида Австрия махсус хизматларининг ҳам қўли бўлган. Кейинчалик эса кўриб турибмизки, Австриянинг ўзи Ҳалабийни маҳкамага тортмоқда.
Маълумот учун, Суриядаги эски режим қурбонлари ушбу генерални 2011-2013 йилларда Асадга мухолиф бўлганларни қийноқларида қатнашган шафқатсиз садист деб билади. Ҳозир 62 ёшда бўлган Ҳалабий Сурия Бош разведка бошқармасининг Раққадаги 335-бўлимини бошқарган ва шаҳар қулаганидан кейин Туркия ва Иордания орқали Европага қочиб кетган. Унга Европа Иттифоқининг бир қанча давлатларида хавфсизлик хизматлари қизиқиш билдирган. У Европада фош этилган қийноқларда гумон қилинаётган Сурия ҳукуматининг энг юқори мартабали амалдори ҳисобланади.
Зеленскийнинг курсиси қимирламоқда
Украина чиркин Совет тузумидан қолган кир мерослар, жумладан, коррупция балосидан ҳали-ҳануз қутулгани йўқ. Мансаб суиистеъмоли расмий Киевни бугун ҳам қийнаб келмоқда. “Энергоатом” можароси Украина учун навбатдаги бош оғриғига айланди. Миллий антикоррупция бюроси ва Ихтисослашган антикоррупция прокуратураси ортда қолган ҳафтада давлат компанияси бўлган “Энергоатом”да йирик коррупцион схемасини фош қилди. Миллий антикоррупция бюроси маълумотларига кўра, жиноий ташкилотнинг асосий фаолияти контрагентлардан шартномалар қийматининг 10–15 фоизи миқдорида доимий равишда ноқонуний даромад олишдан иборат бўлган. Хусусан, “Энергоатом” контрагентларига кўрсатилган хизматлар ва етказиб берилган маҳсулот учун тўловларни блокировка қилишдан қутулиш ёки етказиб берувчи мақомидан маҳрум этмаслик эвазига откат тўлаш шарти мажбурий тарзда қўйилган.
Терговчилар “Энергоатом”даги йирик коррупция схемасини ташкил қилганлар сифатида молиячи Александр Сукерман ва бизнесмен Тимур Миндични келтирган. Бу ишнинг олий ҳокимиятга зарар берадиган жиҳати шундаки, Миндич – Зеленскийнинг кўп йиллик яқин ҳамкори ва “Квартал 95” студиясининг ҳаммуассиси ҳисобланади. Шундай бўлишига қарамай, мазкур воқеадан кейин 13 ноябрь куни Владимир Зеленский ўзининг кўп йиллик ҳамкори Миндич ва у билан бирга Сукерманга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Унга кўра, Миндич ва Сукерман давлат мукофотларидан маҳрум этилди, уларнинг Украинадаги активлари уч йилга блокланган, савдо операцияларини амалга ошириш имконияти тўхтатилди ва уларга Украинада ер участкалари сотиб олиш тақиқланди.
10 ноябрь куни ҳуқуқ-тартибот органлари Тимур Миндичнинг уйида, “Энергоатом”да ва Украина адлия вазири Герман Галушенконикида тинтув ўтказди. Аммо Миндич бундан сал олдин Украинадан чиқиб кетган эди. 12 ноябрь куни катта жамоатчилик муҳокамалари фонида Украина Давлат чегара хизмати Тимур Миндичнинг чегарадан ўтиши ҳолатларини аниқлаш мақсадида “ички хизмат текшируви” ўтказилганини ва унинг мамлакатдан чиқиб кетиши қонунга мувофиқ бўлганини маълум қилди.
Шунингдек, маълум қилинишича, Украина Давлат чегара хизмати ҳеч бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдан ушбу фуқаро давлат чегарасида аниқланган тақдирда чегара инспекторлари амал қилиши лозим бўлган бирор-бир кўрсатма олмаган. Хусусан, унга чиқишни тақиқлаш, қидирув ёки давлат чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабардор қилиш тўғрисида бирор топшириқ берилмаган.
Айтиш ўринлики, ушбу воқеа атрофидаги можаро ва тозалаш ишлари бу билан тугамади. Зеленский “Энергоатом” компаниясидаги коррупция иши ортидан Адлия вазири Герман Галушенко ва Энергетика вазири Светлана Гринчукни лавозимидан озод этишни сўради. Президент буни “ишонч масаласи” деб атаб, Бош вазир Юлия Свириденкога уларнинг истеъфоси ҳақидаги ҳужжатларни тайёрлашни топшириб, Олий Рада депутатларидан бу қарорни қўллаб-қувватлашни сўради. Шундан сўнг, Светлана Гринчук ўзининг истеъфо аризасини Facebook саҳифасида эълон қилиб: “Менинг фаолиятим давомида ҳеч қандай қонун бузилиши бўлмаган”, дея изоҳ қолдирди. Бош вазир Герман Галушенко ҳам истеъфо аризасини ёзганини тасдиқлади. Қизиғи шундаки, ушбу иккала вазир ҳам лавозимга 2025 йилнинг июль ойида тайинланган эди. Шу тариқа улар 4 ойгина бу мансабда фаолият юритди.
Албатта, бутун дунёдан, айниқса, Европадаги ҳамкорларидан ёрдам олаётган пайтда, Украинадаги бундай катта коррупция можароси Киевни ёрдам занжиридан маълум даражада маҳрум қилиш хавфи мавжуд эди. Лекин бу жараён босқин остидаги ва бир вақтда бутун Европани ҳам ҳимоя қилаётган Украинанинг ёрдам таъминотига зарар етказмайдиганга ўхшамоқда. Чунки 13 ноябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашиб, уни коррупцияга қарши курашни, айниқса, ҳуқуқ устуворлиги соҳасидаги ислоҳотларни жадал давом эттиришга чақирган Германия канцлери Фридрих Мерцнинг ўзи Киевга яна 150 миллион евро ажратишда асосий роль ўйнади. Германия Украина учун АҚШ қуролларини харид қилишни назарда тутувчи лойиҳа доирасида яна 150 миллион евро ажратди.
Қозоғистонда Хитойга қарши норозилик
Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Уйғур туманида 30 га яқин киши Хитой байроғи ва Хитой етакчиси Си Цзиньпин портретини ёқиб юборган ҳолда норозилик намойиши ўтказди. “Orda.kz”нинг хабар беришича, намойишчилар Қозоғистон фуқароси Алимнур Турғанбойнинг Хитойда ҳибсга олинишига қарши чиққан. Нашр билан суҳбатлашганларнинг бири Алимнур Хитойда тўрт ойдан бери ҳибсда сақланаётгани, ўшандан бери Хитой бу борада ҳеч қандай аниқ жавоб қайтармаганини айтган. Улар Алимнур Қозоғистон фуқароси экани ва Хитой уни қўйиб юбормагунча қаршиликни давом эттиришларини билдирган.
“У ҳеч қандай сабабсиз ҳибсга олинган. Хитойликлар биродарларимизни лагерда ушлаб турибди”, деган яна бир киши.
Намойиш чоғида одамлар қозоқ ва хитой тилларида аҳолига мурожаат қилган, шундан сўнг улар Хитой байроғи ва Хитой раҳбари портретини ёқиб юборган. Воқеа жойига полиция етиб борган ва намойишчиларни ҳибсга олган. Кейинроқ Олмаота вилояти полиция департаменти матбуот хизмати рухсат этилмаган намойишнинг 12 иштирокчиси 15 кунгача ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 434-моддаси (майда безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Яна олти нафари тахминан 150 доллар миқдорида жаримага тортилган. Нафрат қўзғаш ҳаракатлари учун эса алоҳида жиноят иши очилган. Полиция давлат рамзларига низо қўзғатувчи ҳужумлар қўпол қонун бузилиши эканини эслатиб, аҳолини бундай ҳаракатлардан тийилишга чақирган.
Маълумот учун, Алимнур Турғанбой асли Шинжондаги Или қозоқ мухтор префектурасидан. Бу Хитой шимоли-ғарбида жойлашган ҳудуд. У 2017 йилда Қозоғистон фуқаролигини олган, ўтган йилнинг ёзида у Хитой чегарачилари томонидан қўлга олинган ва шундан бери қариндошлари билан алоқада бўлмаган. Август ойида Турғанбойнинг рафиқаси ва қизи Олмаота шаҳар маъмурияти биноси олдида Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга видеомурожаат йўллаганди. Улар Турғанбойни Қозоғистонга қайтаришда ёрдам сўраган.
Республика расмийларига кўра, эркакнинг ҳибсга олиниши унинг икки фуқаролиги билан боғлиқ бўлиши мумкин, бироқ Турғанбойнинг оиласи у Хитой фуқаролигидан расман воз кечганини даъво қилмоқда. Унинг қариндошлари Хитой консуллиги ва Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида бир неча бор норозилик намойишлари ўтказган, улар бу учун ҳибсга олинган ва жаримага тортилган.
Live
Барчаси