Ўзбекконцертдан театрларгача. 3 йилда маданият соҳасининг 78 нафар ходимига жиноий иш қўзғатилган
Жамият
−
01 Декабрь 2021
5358Бош прокуратура томонидан 2019, 2020 ва 2021 йилларда Маданият вазирлиги тизимида ўтказилган текширувларда 78 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда кеча, 30 ноябрь куни Маданият вазирлиги Юридик бошқармаси бошлиғи Улуғбек Бурҳонов “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Таъкидланишича, Маданият вазирлиги тизимида 2019-2020, шунингдек, жорий йилнинг биринчи яримда ўтказилган текширув натижасида жиноий жавобгарликка тортилган 78 нафар ходимнинг 76 нафари, яъни 97 фоизи коррупция жиноятларини содир қилганликда айбланган.
“Жавобгарликка тортилган ходимларнинг 27 нафари ҳисобчи, 18 нафари туман, шаҳар маданият бўлими мудирлари, 13 нафари таълим муассасаси раҳбарлари, 8 нафари мутахассис, 5 нафари таълим муассасаси ўқитувчилари, 1 нафардан театр раҳбари, театр режиссёри, рассоми, музей қўриқхона директори, давлат музейи директори ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳудудий бўлинмасида меҳнат қилган ходимлар”, дейди Маданият вазирлиги юридик бошқармаси бошлиғи.
Улуғбек Бурҳонов ҳудудларда кадрлар билан ишлаш борасидаги фаолият бир хилда аниқ ва манзилли ташкил этилмагани сабабли айнан коррупциявий қилмишлари учун жавобгарликка тортилганлар кўплигини айтиб ўтди.
Коррупция учун жазоланган ходимлар ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланган:
• Сирдарё вилоятида 14 нафар;
• Самарқанд вилоятида 12 нафар;
• Жиззахда 10 нафар;
• Фарғона вилояти, Тошкент шаҳрида 7 нафардан;
• Андижон, Қашқадарё вилоятларида 6 нафардан;
• Бухоро, Сурхондарё, Навоий ва Наманганда 3 нафардан;
• Тошкент вилоятида 2 нафар;
• Хоразм ва Қорақалпоғистонда 1 нафардан.
Соҳадаги коррупциявий омилларни бартараф этиш, тизимида шаффофлик, адолат, хизмат сифатини ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш нуқтаи назаридан бир қатор ишлар амалга оширилганига қарамай, жиноятчилик ҳолати вазирлик тизимида ҳамон юқорилигича қолаётгани айтилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Маданият вазирлиги тизимида 4 млрдга яқин камомад аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси