Занжирланган олимлар, дафн қилинган коала... Дунё бўйлаб иқлим ўзгаришига қарши намойишлар ўтказилди
Олам
−
07 Ноябрь 2021
6291Дунёнинг турли давлатларида ўн минглаб одамлар кеча, 6 ноябрь куни Иқлимга нисбатан адолатли муносабатда бўлиш халқаро куни муносабати билан (Global Day for Climate Justice) акция ва намойишлар уюштирди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чораларини кўришни талаб қилувчи акциялар Филиппин, Жанубий Корея, Индонезия, Нидерландия, Франция ва Бельгияда бўлиб ўтди, деб ёзмоқда “The Guardian”.
6 ноябрь, Шотландия. Немис рассоми Арнд Дроссель Германиядан Шотландияга, Глазгодаги намойишга, металл шар ичида келди.
Энг муҳим норозилик намойиши Шотландиянинг Глазго шаҳрида ўтказилди. Бу ерда 31 октябрдан 12 ноябргача асосий иқлим саммити – БМТнинг иқлим бўйича 26-бутунжаҳон конференцияси (COP26) ўтказилмоқда. Глазгодаги намойиш ташкилотчилари бу намойиш 100 минг кишини жамлашига умид қилган. Маршга Шотландия ва Буюк Британиянинг бошқа шаҳарларидан ҳам одамлар келишган. Масалан, 18 ёшли Алекс Сидни углерод чиқиндиларисиз саёҳат қилиш мумкинлигини исботлаш учун Манчестердан Глазгога келиш учун 214 километр масофани велосипедда босиб ўтган.
6 ноябрь, Шотландия. Глазгодаги марш иштирокчилари
Глазгога юришдан олдин Scientist Rebellion (“Олимлар қўзғолони”) ҳаракатининг 20 га яқин вакили лаборатория халатида ўзларини занжир билан боғлаб, қирол Жорж V кўпригини тўсиб қўган ва одамларни “ҳаммани ўлдирадиган тизимга қарши бош кўтаришга” чақирди.
6 ноябрь, Шотландия. Scientist Rebellion ҳаракати иштирокчилари Глазгода
BBC News’нинг ёзишича, Шотландия полицияси кўприкда намойишчиларга қаршилик кўрсатган. Марш давомида байроқлар кўтарган одамлар кўчалар бўйлаб юришган. Баъзилар қўлларида “Мен оқ айиқни кўрмадим, лекин кўришни хоҳлардим” ва “Ҳар бир фалокатли фильм олимни менсимасликдан бошланади” каби плакатларни ушлаб туришган.
6 ноябрь, Швейцария. Цюрихдаги иқлим бўйича иш ташлаш иштирокчилари
Маълумот учун, Бутунжаҳон иқлим конференциясида дунё раҳбарлари ўрмонларни кесишни чеклаш, кўмир истеъмолини босқичма-босқич қисқартириш, қазиб олинадиган ёқилғиларни молиялаштиришни тугатиш ва метан чиқиндиларини 30 фоизга камайтиришга ваъда беришди.
6 ноябрь, Австралия. Экологик муаммоларга қарши курашувчи Extinction Rebellion ҳаракати иштирокчилари Мельбурнда коалалар дафн маросимини саҳналаштирди
Бу чора-тадбирлар мамлакатлар глобал ҳаво ҳароратининг ўртача 1,5 даражадан пастроқ кўтарилишини чеклаш учун қилишлари керак бўлган ишлардан йироқ. Аммо 2015 йилда қабул қилинган Иқлим бўйича Париж келишуви иштирокчилари олдида ҳаво ҳароратининг ўртача ўсишини 1,5 даражадан паст ушлаб туриш мақсад қилинган. Бу келишувга 196 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам қўшилган.
6 ноябрь, Жанубий Корея. Сеулдаги митинг
6 ноябрь, Нидерландия. Амстердамдаги иқлим бўйича марш иштирокчилари
6 ноябрь, Бельгия. Иқлим ўзгаришига қарши Extinction Rebellion ҳаракати аъзолари Брюсселдаги Rue de la Loi кўчасида
6 ноябрь, Буюк Британия. Лондонда намойишчилар Трафальгар майдонига тўпланган
LiveБарчаси