Гулнора Каримова қизи билан учраштирилмаётгани ростми?

Жамият 25150
image

Хабарингиз бор, швейцариялик адвокат Фанни Маргайраз Гулнора Каримова билан охирги марта учрашганида унинг қўлида кўкарган жойларни кўрганини айтганди. Шунингдек, унинг қизи Имон Каримова онаси билан учрашишга бир неча бор уриниб кўргани, лекин унинг олдига киролмаганини айтиб, норозилик билдирганди. 

Бугун, 8 октябрь куни “Ўзбекистонда миллий превентив механизмни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференцияда QALAMPIR.UZ журналисти ушбу хабарларга ойдинлик киритиш учун Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматовага юзланди.

Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ҳозирда суд томонидан ўзига тайинланган жазони ўтаётган Гулнора Каримованинг аҳволи яхши.

“Республика бўйича 200 дан ортиқ муассасалар бор. Биз режа асосида барча муассасалар ва аёллар колониясига ҳам борамиз. Айнан Гулнора Каримова сақланаётган колонияга ҳам бир неча маротаба бориб, мониторинг ўтказдик. Каримованинг қизи Имон Каримова ўша вақтда карантин чекловлари сабабли онаси билан кўриша олмаган бўлиши мумкин. Ҳозир карантин чоралари юмшаган ва учрашувлар амалга ошириляпти. дейди омбудсман.

Феруза Эшматова сўзида давом этаркан, у мониторинглар вақтида Гулнора Каримова билан учрашгани ва унинг ҳолати яхши эканига гувоҳ бўлганини таъкидлади.

Жазони ижро этиш департаменти жазони ижро этиш муассасаларидаги вазиятдан ва маҳкумларнинг муаммоларидан бевосита хабардор идора ҳисобланади. Шу сабабдан QALAMPIR.UZ журналисти айни масала юзасидан ЖИЭД бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилшод Қурбоновга юзланди. Аммо у Каримованинг адвокати ва қизи айтган ҳолатлар бўйича маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

“Бу ҳақда маълумотга эга эмасман. Бизда маҳбусларга нисбатан қийноқ ёки жароҳат етказиш бўйича қонунчиликда жазо белгилаб қўйилган. Агар шу каби ҳолат кузатиладиган бўлса, биринчи ўринда хизмат текшируви ўтказилади ва барчаси тўлиқ ўрганилади. Агар бу вазиятда ростан ҳам ходимнинг айби бўлса ва ҳолат интизомий жавобгарлик доирасида ҳал қилинадиган бўлса жазога тортилади. Жиноий жавобгарлик доирасида кўриб чиқиладиган бўлса, тўпланган материаллар, албатта, прокуратурага тақдим этилади. Улар ходимни тегишли тартибда жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилишади”, дейди Қурбонов.

ЖИЭД масъули QALAMPIR.UZ журналистининг Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бир неча маротаба онаси билан учрашиши учун имкон берилмаётганини айтганига қарамай, департамент бунга муносабат билдирмагани ҳақидаги саволига жавобан у бу борада маълумотга эга эмаслигини айтиб қутулди.

Қурбонов шунингдек, Каримованинг бугунги аҳволи ҳақида ҳам ҳеч нарса билмаслигини, унинг вазифаси қоидалар, нормативлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга тадбиқ қилишдан иборат эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Фонд Форум васийлик кенгаши раиси, профессор ва маишатсевар Гулнора Каримованинг “салтанат”и 2013 йилга келиб қулади. 2005 йилдан бошлаб ўзини маданият ва санъат, спорт, илм-фан, ахборот технологиялари ва ёшлар ғоялари раҳнамоси сифатида кўрсатишни бошлаган Googoosha 2013 йилгача мамлакатда мислсиз қудрат соҳиби бўлгани ҳеч кимга сир эмас. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 671
Рейтинг: 3
t
×