“Толибон” ҳукумат тузишни кечиктирди. Ҳаракат ичида низо бошландими?
Олам
−
03 Сентябрь 2021
14628Бугун, 3 сентябрь куни “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг янги ҳукумати таркибини эълон қилиши керак эди. Бироқ, ҳаракат ушбу жараён эртага, 4 сентябрь куни амалга оширилишини маълум қилди. Бу ҳақда “The Times of India” “Толибон” матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳидга таяниб ёзмоқда.
Шу билан бирга, нашр, бир қатор манбаларига таяниб янги ҳукуматнинг эҳтимолий раҳбари “Толибон” асосчиларидан бири мулла Абдул Ғани Бародар бўлишини кўрсатган.
Қайд этиш керакки, “TOLOnews” жорий йилнинг 1 сентябрь куни “Толибон” ҳаракати Маданият комиссияси аъзоси Анамулла Саманганийга таяниб, бироз бошқача хабар берган эди. Унда Афғонистондаги янги ҳукуматни ҳаракат раҳбари мулла Ҳайбатулла Охундзода бошқариши мумкинлиги айтилган.
Худди ўша куни “Хама пресс” агентлиги Абдул Ғани Бародар Афғонистон Ташқи ишлар вазири, мулла Ёқуб Мудофаа вазири, Халифа Ҳаққоний (“Толибон” етакчиларидан бири Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўғли) Ички ишлар вазири бўлишини ёзганди.
Шу билан бирга, “Hindustan Times” нашрининг ёзишича, “Толибон”нинг турли бўғинлари раҳбарлари Афғонистоннинг бўлажак ҳукуматига иложи борича кўпроқ таъсир ўтказишга интилиб, ўзаро сиёсий жанг олиб бормоқда.
Қайд этилишича, бу жараённинг асосий иштирокчилари “Толибон” ҳаракатининг энг фаолларидан бири ҳисобланган Ҳаққоний тармоғи раҳбарлари ҳамда ҳаракат асосчиси мулла Умарнинг ўғли мулла Муҳаммад Ёқубдир.
Маълум бўлишича, Мулла Ёқубга содиқ кучлар Афғонистондаги ҳаракатнинг таянчи ҳисобланган Қандаҳорни, Ҳаққоний тармоғи Қобулни назорат остида ушлаб турибди.
LiveБарчаси