Ўрта Чирчиқда она ўғли вакцинадан ўлганини айтганди. ССВ экспертиза хулосасини эълон қилди

Жамият

image

Аввалроқ Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи аёлнинг мурожаати акс этган видеолавҳа тарқалганди. Унда фуқаро фарзанди С.Қ.нинг тиббий кўрикдан ўтказилмасдан эмлангани ва бунинг оқибатида аҳволи оғирлашиб вафот этгани ҳақида айтган.

Бугун, 8 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги ҳолат бўйича ўтказилган суд-тиббий эспертизасининг якуний хулосасини эълон қилди. Унга кўра, марҳум ҳаётлигида ўткир зотилжам, бош мия ва миячанинг менигоэнцефалити, эпимиокардит касалликлари билан оғриган бўлиб, бу хасталиклар унинг ўлими билан тўғридан-тўғри боғлиқликка эга экани аниқланган. 

Маълум қилинишича, аёлнинг мурожаатидан сўнг, вазирлик дарҳол ушбу вазиятни назоратга олган ҳамда ҳолатни ўрганиш мақсадида тезкор гуруҳ тузиб, Ўрта Чирчиқ туманига юборган.

Тезкор гуруҳ таркибига:

  • Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, вазирлик бош суд-тиббий эксперти, профессор А. Искандаров; 
  • Саниратия-эпидемиология ва жамоат саломатлиги хизмати иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Д. Турсунова; 
  • бош инфекционист Б. Таджиев; 
  • бош токсиколог А. Стопницкий; 
  • бош терапевт У. Камилова;
  • бош аллерголог И.  Разикова каби мутахассислар киритилган эди. 

Қайд этилишича, мазкур ўлим ҳолати юзасидан Нурафшон шаҳар прокуратураси томонидан суд-тиббий экспертиза тайинланган. Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази директори, вазирлик бош суд-тиббий эксперти А. Искандаров қуйидагича хулоса берган:

“1983 йил 18 июнда туғилган марҳум С.Қ. шу йилнинг 10 августида соат 11:00 да “Туябўғиз” оилавий шифокорлик пунктида, оилавий шифокор кўригидан ўтказилиб, эмлашга монелик қилувчи ҳолатлар аниқланмагач, вакцинатор ҳамшира томонидан эмланган. Вакцина олгандан кейин 20 дақиқа давомида оилавий шифокор кузатувида бўлган ва акс таъсирлар кузатилмагач, уйига рухсат берилган”.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, марҳум С.Қ.нинг жорий йил 13 август, яъни у эмланганидан 3 кун ўтиб юз берган ўлими эмлашдан сўнг, унинг соғлиғида содир бўлган ўзгариш ва шифокорлар томонидан тавсия этилган препаратлар билан боғлиқ эмаслиги аниқланган. 

Ваҳоланки, эмлашга энг асосий монъеликлардан бири ҳисобланган анафилактик шок ҳолати ва бошқа салбий таъсирлар вакцина қилингандан кейин 30 дақиқа ичидагина рўй бериши мумкин. Шу билан бирга, кимёвий моддалар билан заҳарланиш клиник белгилари ҳам кузатилмаган.

Суд-тиббий эспертизанинг якуний хулосасига кўра, марҳум ҳаётлигида ўткир зотилжам, бош мия ва миячанинг менигоэнцефалити, эпимиокардит касалликлари билан оғриган бўлиб, бу хасталиклар унинг ўлими билан тўғридан тўғри боғлиқликка эга экани аниқланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1113

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг