Гаитида кучли зилзила сабаб 300 дан ортиқ одам ўлди. Мамлакатга яна бир офат хавф солмоқда

Олам

image

Кеча, 14 август куни эрталаб Гаитида 7,2 балли зилзила содир бўлди. Табиий офат оқибатида ҳозиргача 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маҳаллий ҳокимият вакилларининг маълум қилишча, 7,2 балли зилзила оқибатида ҳозиргача 304 киши ҳалок бўлган, камида 1700 киши жароҳатланган.

Гаити қутқарув хизмати бошлиғи Жерри Чандлернинг журналистларга айтишича, зилзила минтақасидаги шифохоналар жароҳатланганлар билан тўлиб тошган. CNN телекомпанияси Жереми шаҳридаги Муқаддас Антони шифохонаси маъмурига таяниб хабар беришича, шифокорлар ҳовлига чодир тикишган.

“Ҳозир энг долзарб масала – тиббий ёрдам. Биз зилзиладан зарар кўрган муассасаларга тиббий буюмлар ва ходимларни юборишни бошладик. Махсус шошилинч ёрдамга муҳтож бўлган маълум миқдордаги одамлар эвакуация қилинди, биз бугун ва эртага ҳам эвакуация қиламиз”, деган Гаити Бош вазири Ариэль Анри.

Зилзила ўчоғи Пти-Тру-де-Нипп шаҳридан тахминан 8 км узоқликда бўлган. Силкиниш Гаитининг аҳоли зич жойлашган пойтахт Порт-о-Пренседа ва қўшни давлатларда ҳам сезилган.

Минтақада силкинишлар давом этмоқда. Шанба куни кечқурун нисбатан кучли – 5,8 балли зилзила қайд этилган. Бу силкиниш етказган зарар ҳақида маълумот мавжуд эмас.

Гаити Бош вазири воқеа жойига етиб бориб, бир ой муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Зилзила содир бўлган ҳудудда қутқарув ишларига тез орада яна бир табиий офат халақит бериши мумкин. Метеорологларнинг огоҳлантиришича, Гаити “Грейс” бўронининг траекториясида жойлашган ва душанба ва сешанба кунлари бу ерда тошқин ва кўчкиларга олиб келувчи кучли ёмғир ёғиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

зилзила Гаити

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг