Токио-2020: ярим тонналик рекорд, тарихдаги энг ёш чемпион ва Олимпиада сенсациялари
Спорт
−
09 Август 2021
10449Жорий йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтган XXXII Олимпия ўйинлари бир қатор қизиқарли натижалар ва ҳолатлар билан ёдда қолди.
Олимпиада тарихдаги энг ёш чемпион!
Халқаро Олимпия қўмитаси томошабинлар қизиқишини ошириш мақсадида бир нечта спорт турларини, жумладан скейтбордни ҳам Олимпиада дастурига киритди.
Натижада, бутун дунё Олимпия ўйинлари тарихидаги энг ёш чемпионни кўриш бахтига муяссар бўлди. Япониялик Момижи Нишия 13 ёшида тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Бундан ташқари Олимпиада тарихидаги энг ёш спортчи стол тенниси билан шуғулланувчи суриялик 12 ёшли Ҳанд Заза баҳсларда иштирок этди, бироқ илк учрашувдаёқ мағлубиятга учради.
Бир дастурда иккита чемпион!
Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта енгил атлетиканинг баландликка сакраш йўналишида олтин медаль икки спортчи — италиялик Жанмарко Тамбери ва қатарлик Мутаз Эсса Баршимга топширилди. Спортчилар бир хил натижани кўрсатдилар — 2,37 метр. Ҳатто уринишлар сони ҳам тенг эди.
Ҳакамлар чемпионни аниқлаш учун икки спортчи ўртасида баҳс ўтказишни ўйлаётган бир пайтда, Баршим иккита олтин олиш имконияти ҳақида сўради. Якунда ташкилотчилар худди шундай қилишди. Бундан кўпроқ италиялик спортчи хурсанд бўлди. Чунки, Тамбери уринишни бажараётган вақтда оёғидан жароҳат олган эди.
Ямайканинг гегемонлигига чек қўйилди
Италиялик Ламонт Марcел Якобс Олимпия ўйинларининг спринт пойгаларида янги чемпион сифатида қайд этилди. У 100 метрга югуришда 9,80 сония натижа кўрсатди ва олтин медални қўлга киритди. Ушбу масофада сўнгги учта Олимпия ўйинларида ямайкалик Усейн Болт ғолиб бўлган эди. Бундан ташқари, италияликлар 400 метр масофага эстафета баҳсларида ғалаба қозониб, ямайкалик атлетларнинг гегемонлигига чек қўйишди. Бу мусобақанинг ҳақиқий сенсациясига айланди.
Рақибларни сувдан маҳрум қилган марафончи
Марафон баҳсларида франциялик Мухрад Амдуний бошқа спортчилар сув ичмаслиги учун идишларни ағдариб кетди. Бироқ бу иш унга фойда бермади. Якунда кениялик Элиуд Кипчоге олтин медални қўлга киритди. Амдунининг ўзи 17-бўлиб маррага етиб келди.
Олимпиада тарихидаги рекорд иштирок
52 ёшли Нино Салуквадзе милтиқдан отиш бўйича Токио Олимпиадасида иштирок этиб, ўзига хос рекорд ўрнатди. Грузин спортчиси кетма-кет тўққизинчи марта Олимпия ўйинларда иштирок этди. У 1988 йилги Сеул Олимпиадасидан буён бирорта мусобақани ўтказиб юбормаган. Иштирокини якунлагач, фаолиятини тугатишини эълон қилди. Замонавий юкламалар билан карьерани давом эттириш жуда қийин ва нишонни ҳам мўлжалга олиш қийинлашиб боради.
Унинг рекордини назарий жиҳатдан 46 ёшли ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина янгилаши мумкин эди, у Токиода саккизинчи бор Олимпиада баҳсларида иштирок этди, бироқ у ҳам фаолиятини тугатишини аллақачон эълон қилиб бўлди.
Медаль қўлга киритган мамлакатлар сони бўйича рекорд
Токио Олимпиадасида медаллар жамғариш бўйича янги рекорд ўрнатилди. 32-марта ташкил этилган мусобақада медаль қўлга киритган олимпия делегациялари сони 93 тага етди.
Аввалги рекорд Пекин Олимпиадасида қайд этилган эди. Ўшанда 87 мамлакат вакиллари медалга эга бўлганди. Шунингдек, Бермуда ороллари, Филиппин ва Қатар давлатлари илк бор Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди
Медаллар жамғаришда АҚШга етадигани йўқ!
АҚШ жамоаси мусобақаларнинг охирги кунида олтин медаллар сони бўйичаХитойни ортда қолдирди ва Токио Олимпиадасининг медаллар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. АҚШ спортчилари 39 та олтин, 41 та кумуш ва 33 та бронза (жами 113 та) медалини қўлга киритган бўлса, Хитой атлетлари 38 та олтин, 32 та кумуш ва 18 та бронза (жами 88 та) медали билан иккинчи поғонадан жой олди.
Америкаликлар кетма-кет учинчи марта ёзги Олимпия ўйинларида биринчиликни қўлдан бой бермаяпти. Фақатгина 2008 йилда Пекиндаги Олимпиада якунига кўра мезбонлардан ортда қолган эдилар.
Симона Байлз умидларни пучга чиқарди
Америкалик гимнастикачи Симона Байлз дунёдаги энг нуфузли аёл спортчилардан бири бўлиб, унинг натижалари ҳайратланарли кўриниш олган. Жаҳон чемпионатида 19 та, Олимпия ўйинларида эса 4 та олтин медални қўлга киритган. Токиода эса Байлз бешта олтин медални қўлга киритиш учун имкониятга эга эди, лекин у мусобақа давомида ўзидан кутилган натижани кўрсата олмади.
Руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммолар сабабли 24 ёшли спортчи машқларда хатоларга йўл қўйди. Финал беллашувларида Байлз биринчи машғулотдан сўнг, ўзига нисбатан бўлаётган босимлар туфайли мусобақада иштирок этишдан бош тортди ва якунда кумуш ва бронза медаль билан чекланди.
Бадиий гимнастикада Лина Ашрам инқилоби
Токио Олимпиадасининг энг катта сенсацияси бадиий гимнастика баҳсларида содир бўлди. Гап шундаки, индивидуал кўпкураш бўйича ғолибликни россиялик спортчилар қўлга кирита олмади. Исроил вакиласи 20 ёшли Лина Ашрам Россия гимнастикачиларининг 20 йиллик рекордига барҳам бериб, олтин медалга эга чиқди.
Шахсий мусобақаларда асосий фаворит сифатида опа-сингил Дина ва Арина Аверина кўрилаётган эди. Шу тариқа, 1996 йилги Олимпия ўйинларидан буён илк марта бадиий гимнастика бўйича яккалик баҳсларида россиялик бўлмаган спортчи ғалаба қозонди.
Ярим тонналик Жаҳон рекорди
Грузиялик оғир атлетикачи Лаша Талахадзе мусобақадан аввал рақибларидан бир “бош баланд” эканлиги маълум эди. Бироқ барча унинг қанча оғирликни кўтара олишини муҳокама қилди. Кутилганидек, Талахадзе ўзи ўрнатган 3 та Жаҳон рекордини янгилади.
Даст кўтаришда 223 кг, силтаб кўтаришда 265 кг оғирликдаги тошни ўзига бўйсундириб, умумий ҳисобда 488 кг натижа билан Жаҳон рекордини ўрнатди. Талахадзе нафақат +109 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди, балки ярим тонналик довонга яқинлашди.
28 ёшли спортчи 5 марта Европа, 4 марта Жаҳон ва 2 марта Олимпиада чемпионлигини қўлга киритган.
XXXII ёзги Олимпия ўйинлари гарчи пандемия шароитида ўтган ва Токионинг ўзида бир неча марта норозилик намойишлари ўтказилган бўлса-да, ташкилотчилар мусобақани чкунлай олишди. Бунинг натижасида бир нечта Жаҳон ва Олимпия рекордлари шунингдек, сенсацион натижалар қайд этилди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 23 июлидан 8 августга қадар бўлиб ўтган Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 3 та олтин ва 2 та бронза медаль қўлга киритди. Ушбу натижа эвазига делегация вакиллари олтин медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида 32, МДҲ мамлакатлари орасида 2 ҳамда туркий давлатлар (ҳатто Туркияни ҳам ортда қолдириб) ва Марказий Осиё мамлакатлари ичида 1-ўринни эгаллади.
LiveБарчаси