G7 саммити бошланмоқда. Буюк давлатларни бирлаштирган “Катта еттилик” қандай клуб?
Олам
−
11 Июнь 2021
9194Бугун, 11 июнь куни Англиянинг Корноулл графлигидаги Карбий-Бэй шаҳрида “Катта еттилик” (G7) давлатлари раҳбарларининг саммити бошланади. Бу G7 давлатлари раҳбарларининг пандемия бошлангандан бери илк юзма-юз учрашуви.
Уч кунлик учрашувда давлат раҳбарлари иқтисодиётни тиклаш, геосиёсий муаммолар, савдо ва тараққиёт вазифаларини муҳокама қиладилар. Бундан ташқари, учрашувларнинг аксарияти ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади.
“Еттилик” давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония)дан ташқари саммитда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ҳамда Австралия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Жанубий Африка Республикаси раҳбарлари ва Жаҳон савдо ташкилотининг янги бош директори Нгози Оконжо-Ивеала иштирок этади.
Саммит АҚШ Президенти Жо Байденнинг биринчи хорижий сафарига тўғри келгани ва бу унинг Оқ уй раҳбари сифатидаги биринчи йирик халқаро тадбири экани билан ҳам аҳамиятли. Байден Европага жўнаб кетишидан олдин журналистларга G7 ва НАТО саммитларида иштирок этиши Россия ҳамда Хитойга Ғарбнинг бирлиги ҳақида сигнал беришини таъкидлади.
Саммит давомида муҳокама қилинадиган асосий мавзу 2014 йил март ойида Қримни ўз таркибига қўшиб олгач, “Катта саккизлик” (G 8) таркибидан чиқарилган Россия бўлади. DPA агентлиги Берлиндаги ҳукумат доираларидаги манбаларига асосланиб, G7 саммитида етакчилар Россия ҳукумати томонидан дунё тартиби нормаларининг бузилишини муҳокама қилишини маълум қилди
Байден ўзининг илк хорижий сафаридан нималар кўзлаётгани ҳақида маълумот бериб, Россия ва Хитойга Европа билан муносбатлари жуда яхши эканини кўрсатиш ҳамда ўзаро иттифоқни мустаҳмкалаш ниятидалигини таъкидлади.
“Мақсад [Россия Президенти Владимир] Путин ва Хитойга Европа ҳамда Қўшма Штатлар жуда яқин эканлигини аниқ тушунтиринг ва “Еттилик” гуруҳи ҳаракат қилишдан тўхтамаслигини кўрсатиш”, деган Байден.
Байденнинг Россия етакчиси Владимир Путин (16 июнь) ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған (14 июнь) билан учрашуви АҚШ раҳбарининг Европа бўйлаб турнесининг асосий нуқтаси бўлади.
G7 саммити кун тартибига, шунингдек, Хитой, Эрон муаммолари, иқтисодиётни тиклаш, коронавирус пандемияси ва иқлим ўзгаришига қарши кураш ва мамлакатларга вакциналар етказиб бериш киради. Саммит 13 июнга қадар давом этади.
“Катта еттилик” – G7 қандай тузилма
“Катта еттилик” Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция, Япония ва АҚШни бирлаштирувчи норасмий халқаро клуб.
Ушбу давлатлар раҳбарларининг норасмий форуми ҳам (Европа Комиссияси иштирокида) шу номга эга бўлиб, саммит доирасида долзарб халқаро муаммоларга ёндашувлар келишиб олинади. Ёзилмаган қоида бўйича гуруҳ саммитлари анъанавий тарзда ҳар йили ҳар бир аъзо давлатда навбат билан ўтказилади.
G7 халқаро ташкилот эмас, у халқаро шартномага асосланмаган, унинг низоми ва котибияти йўқ. G7 қарорлари мажбурий эмас. G7 уставига эга бўлмаганлиги сабабли, ушбу муассаса аъзоси мақомини расман қабул қилиш мумкин эмас.
Иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар раҳбарларининг учрашувларини ўтказиш ғояси 1970-йилларнинг бошида пайдо бўлган. Бунга иқтисодий инқироз ҳамда АҚШ, Ғарбий Европа ва Япониянинг иқтисодий ва молиявий масалаларда ўзаро келиша олмай қолгани сабаб бўлган.
Биринчи саммит Франциянинг ўша вақтдаги Президенти Валери Жискар д’Эстен ташаббуси билан 1975 йил 15-17 ноябрь кунлари Рамбуйе саройида ўтказилган. Унда Франция, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия ва Япония давлат раҳбарлари ва бош вазирлари тўпланган.
1976 йилда "олтилик" Канада қўшилгач, "еттилик"ка айланган. 1991 – 2002 йилларда босқичма босқич Россия иштирокида "саккизлик"ка айланган. 2014 йилда эса Россия Украинага тегишли бўлган Қримни ўз таркибига қўшиб олгач, "Катта саккизлик"дан чиқариб юборилди.
LiveБарчаси