Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаевга қамоқхонада қийноқ бўлгани ростми?
Интервью
−
17 Май 2021
30923Маълумки, айни вақтда Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашди Қодиров ва собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев суд томонидан тайинланган жазо муддатларини ўтамоқда. Улар жиноий жавобгарликка тортилиб, жазога ҳукм этилган кундан то бугунгача ижтимоий тармоқларда дастлабки тергов ва жазони ижро этиш муассасасида қийноқлар бўлаётгани ҳақида гап-сўзлар ҳам пайдо бўлди.
Шунингдек, Ихтиёр Абдуллаевнинг отаси ва ўғли видеомурожаат билан чиқиб, собиқ ДХХ раисининг бетоблиги, унга нисбатан қийноқ бўлганини маълум қилди.
Қодиров ва Абдуллаев сақланаётган 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ушбу номдор икки маҳбуснинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли тузилмаларига Рашид Қодировга нисбатан дастлабки терговлар даврида қийноқлар бўлгани ҳақида мурожаатлар бўлган. Мен бу ҳақда унинг ўзидан сўрадим. Ҳақиқатан ҳам шикоят ёзганмисиз, чунки делегация аъзолари биздан ҳам сўраган, деб айтганимда, “йўқ, мен ёзмаганман”, деб жавоб қилди. Бу менга ишонмаганиданми ёки комиссиямизнинг кучи кўп нарсага етмаслигини билганиданми, билмадим...
Ўзининг айтишича, у бир ойдан кейин, яъни 5 июнь куни манзил колонияга чиқарилади. Мен унга ОАВда унинг юраги билан боғлиқ муаммоси борлигини ёзишганини эслатдим ва ҳозирги аҳволи билан қизиқдим. У яна гапни қисқа қилди ва аҳволи яхшилигини айтди. Хайрлашаётиб, “мен яна икки соат давомида шу ерда бўламан, агар журналистларга, жамоатчиликка, керак бўлса, халқаро жамоатчиликка айтишни хоҳлаган гапларингиз бўлса, менга мурожаат қилинг”, дедим ва хурсанд бўлиб хайрлашдик.
Маҳкум сифатида у одамни ҳам тушунаман. Унга нисбатан ҳеч қандай адоватимиз йўқ, у ҳам тезроқ оиласи бағрига қайтсин. У ҳаммага жазо муқаррарлиги ва ҳамма қонун олдида бир эканини кўрди”.
Ташанов сўзида давом этаркан, Ихтиёр Абдуллаевнинг бугунги аҳволи хусусида ҳам маълум берди. У шундай дейди:
“Халқ орасида Ихтиёр Абдуллаев, ҳатто, маиший моддаларда ҳам айбланибди, деган гаплар чиқиб кетганди. Мен бу одамнинг ҳужжатларини кўриб амин бўлдимки, бундай нарса йўқ. У Жиноят кодексининг 242 ва 301-моддалари билан қамалган.
Яхши хабарингиз бор, Ихтиёр Абдуллаевнинг отаси ва ўғли унга нисбатан дастлабки терговлар даврида қийноқлар бўлганини айтиб чиқишган эди. Айниқса, отаси BBC жаҳон хизматига интервью бериб, қийноқлар ва Абдуллаевнинг саломатлиги оғирлиги ҳақида гапирганди.
Ихтиёр Абдуллаев билан учрашишдан аввал мен билан гаплашишда эҳтиёткор бўлишини тахмин қилгандим. Шунинг учун суҳбатдан аввал унинг тиббий маълумотлари ва шикоятларини ўрганиб чиқдим. Ишонтириб айтаманки, бунда ҳеч қандай тўсиқлар бўлмади. Тиббий маълумотларига кўра, Абдуллаев бўйин қисмидаги оғриқлардан шикоят қилар экан ва сурункали хасталиги бор маҳкумлар тоифасига киради. Отаси ва ўғли айтганидек, Ихтиёр Абдуллаевда кўз билан боғлиқ касалликлар ҳам мавжуд. Қамалишидан 4 йил аввал Германияда кўз гавҳари билан боғлиқ жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган экан.
Мен у билан учрашувда саломатлигидан оила аъзолари ва жамоатчилик хавотирда эканини айтдим. Гапларини жамоатчиликка етказишни ваъда қилдим. “Ҳеч қандай шикоятим йўқ”, деб жавоб қилди. Уч-тўрт марта “Бизнинг ишимиз давлатимиз раҳбарининг эътиборига тушса, у киши адолат қиладилар, у адолатли одам”, деб айтди.
Мен журналистлигимга бориб, касбим нуқтайи назаридан ундан қийноқлар хусусида сўрадим. “Бугунгача нима бўлса бўлган, ҳозир қийноқлар йўқ”, деб жавоб берди".
Эслатиб ўтамиз, суд ҳукмига кўра, Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
2019 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.
Суднинг ҳукми билан, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашид Қодиров, шу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, А. Мусашайхов, У. Хуррамов, Ю. Гаипов, А. Мирзаев, М. Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктирган деб топилди.
Улар бир гуруҳ бўлиб пора олиш, пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.
LiveБарчаси