“Daryo” электрон нашри давлат тасарруфига ўтди
Жамият
−
23 Апрель 2021
7926Ўзбекистондаги энг йирик хусусий нашрлардан бири Daryo.uz давлат тасарруфига ўтди. Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестери маълумотлари шундан дарак бермоқда.
Очиқ маълумотларга кўра, Daryo.uz сайти муассиси бўлган “Simple Networking Solutions” МЧЖнинг 100 фоиз улуши “Ўзбектелеком” АЖга ўтган.
Қайд этиш керакки, бунгача МЧЖнинг фақат 50 фоиз улуши “Ўзбектелеком”га тегишли эди. Қолган 50 фоиз улуш Файзуллаева Фируза Бахтияровна (30 фоиз) ва Файзуллаев Шукурулла Насибуллаевич (20 фоиз) га тегишли бўлган.
Daryo.uz нашри бош муҳаррири Мухрим Аъзамхўжаев “Ўзбектелеком” АЖ “Simple Networking Solutions” МЧЖдаги улушини кўпайтирганини тасдиқлаб, бу яқин кунларда содир бўлмаганини қўшимча қилди.
Аъзамхўжаевга кўра, таҳририят таъсисчиси бўлган МЧЖ ҳиссадорлари таркибида ўзгариш бўлиши нашр фаолиятига таъсир ўтказмаган.
“Ўзбектелеком” АЖнинг 94,25 фоиз улуши (177 586 506 дона акция) давлатга тегишли.
Маълумот учун, Daryo.uz нашри 2013 йил январдан бери фаолият юритиб келади.
LiveБарчаси