2100 метр баландликдан гапирамиз. Об-ҳаво ва қор кўчкиси қандай аниқланади?
Интервью
−
14 Апрель 2021
10765Кунни об-ҳаво маълумотлари билан танишиб, шунга кўра режалаштириш кўпчилик учун одатга айланиб улгурган. Яқин ва узоқ муддатли об-ҳавони билиш биргина одамнинг кунини режалаштиришдан кўра муҳимроқ ишларда ҳам аҳамиятли. Хусусан, кучли шамол, ёмғир, қор ва бошқа табиий ҳодисаларнинг яқинлашаётгани қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш ва бошқа соҳалар учун ҳам муҳим.
Аммо об-ҳаво башоратларини тайёрлашнинг ҳам мушкулликлари бор. Бунинг учун алоҳида марказлар ташкил этилган. Ўзбекистондаги шундай жойлардан бири Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида, қор кўчкисини аниқлайдиган Метиостанциядир.
QALAMPIR.UZ айнан шу станцияга саёҳат қилди. Бир нарсани алоҳида эътироф айтиш керак, шу вақтга қадар бу стансияга журналистлар қадами етмаган.
Денгиз сатҳидан 2100 метр баландликда жойлашган Ойгаинг қор кўчки станцияси 1962 йил 1 декабрда ташкил этилган. Ихтисослаштирилган станция “Тошгидромет” ва “Ўзгидромет”нинг тезкор ва ишлаб чиқариш бўлинмаси бўлиб, унинг асосий вазифаси қор кўчкиси ва гидрометеорологик кузатувлар ишлаб чиқаришдир. Ҳудуд об-ҳавоси, қор кўчиш хавфи ва қор баландлиги доимий равишда мутахассислар томонидан назорат қилинади. Ойгаинг станциясида 8 та шошилинч метеорологик кузатишлар тўлиқ ўтказилади. Кузатиш дастурига ҳарорат, ҳаво ва тупроқ, ҳаво намлиги, атмосфера босими, ёғингарчилик, шамол йўналиши ва тезлиги ўлчовлари киритилган.
“Қор баландлиги махсус рейка ёрдамида ўлчанади. Пискент дарё ҳавзаси атрофидаги қор баландлиги 2 метр 60 сантиметрни ташкил қилмоқда. Биз тўплаган маълумотларимиз Гидрометрология марказига юборилади ва қайта кўриб чиқилиб ўртача баландлик йиғилган ҳолда, об-ҳаво маълумотлари учун фойдаланилади”, дейди Хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни мониторинглаш бўлими етакчи муҳандиси Aдхам Мамараимов
Қурилганига 59 йил бўлган бу станцияда 3 нафар ходим фаолият бўлиб боради. Улар станцияда доимий яшайди ва озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон, махсус кийимлар ва барча зарур материаллар билан таъминланади. Ҳудуд об-ҳавоси, қор кўчиш хавфи ва қор баландлиги доимий равишда мутахассислар томонидан назорат қилинади.
Ҳозирги кунда Ойгаинг станцияси ҳудудида 1 та хизмат кўрсатиш ва турар жой биноси, сақлаш хонаси, дизель ва санузел мавжуд. Бу бинолар ҳам 1962 йилда қурилган бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2022 йилда барча бинолар қайта қурилиб фойдаланишга топширилади.
“Маълумотлар Метеостанциядан базага келиб тушади. Яқин ҳудудга оид ҳаво ҳарорати, шамол йўналиши ва унинг тезлиги, атмосфера босими шу билан бирга ёғин миқдорлари ҳам айнан шу станцияда аниқланади. Бугунги кунга келиб метеостанцияда фаолият олиб борадиган ходимларга қулайлик бўлиши учун янги технологиялар жорий этилган.
Авваллари ходимлар ҳар 3 соатда станцияга чиқиб, маълумотларни ёзган ҳолда Гидрометеорология марказига етказишган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ янги автоматик метрологик станциялар ўрнатилди. Бу эса барча маълумотларни хонадан чиқмай туриб аниқлаш имконини беради”, дейди Гидрометеорология маркази – Гидрометеорологик кузатувлар тармоғи бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Зоҳидов
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 февралдаги “Тошқинлар, сел оқимлари, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида доимий қор захираларини аниқлаш бўйича кузатувлар олиб борилади. Маълумотларга қараганда бугунги кунда денгиз сатҳидан 3000 минг метр баландликда жойлашган тоғларга 3-3,5 метрдан баланд қор ёғган. Қор баландлигини аниқлаш орқали олдинда қанча қор ва сув захираси борлиги ҳам аниқланади.
Гидрометеорология ҳавфли гидромед ҳодисаларини мониторинглаш бўлими биринчи тоифали муҳандиси, Нодиржон Мамадалиев берган маълумотларга қараганда, ёғингарчилик кам бўлгани натижасида 2007 ва 2016 йилларда қор захираси кам бўлган. Ўзбекистонда иқлимий муаммолардан бири бу сув захираси. Сув оқими қўшни Тожикистон ва Қирғизистон Республикасидан кириб келгани боис қор баландлиги ва захирани аниқлашга катта эътибор қаратилади.
“Ойгаинг станцияси жуда керакли станциялардан ҳисобланади, сабаби Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги қор кўчкилар мониторинги, айнан, Ойгаинг станцияси орқали аниқланади. Ҳар куни эрталаб 7:30 да маълумотлар олинади ва бошқа станциялардан олинган маълумотларга умумлаштирилиб қор кўчкилари башорат қилинади. Метео станцияларни қуришдан мақсад, айнан шу ҳудуднинг метеорологик шароитини ёритиб бериш ҳисобланади.
Станцияни қуришда жойнинг текислиги, кенглиги, шамол айланмаси, соя тушиши каби шароитлари ўрганилади. Сабаби станция қурилишида географик нуқтайи назардан тўғри жойга қурилмаса, об-ҳаво аниқланишига ҳам таъсир кўрсатади. Aйнан Ойгаинг станцияси ҳам кенг теккис ва очиқ ҳудудда қурилган.
Ойгаинг ва бу ердан 40-45 км узоқроқда жойлашган Пискент станцияларидан олинган маълумотлар, Тошкент вилояти Бўтонлиқ туманидаги об-ҳаво, шамол тезлиги ва қор кўчкиларини аниқлаб беради”, дейди Гидрометеорология ҳавфли гидромед ходисаларини мониторинглаш бўлими биринчи тоифали муҳандиси.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь