Бугун кучли 24 жамоа аниқланади. Ҳусановни ЕЧЛ плей-офф босқичида кўрамизми?

Спорт

image

Европа Чемпионлар лигаси ўзининг қизғин палласига кириб улгурмай, бир қанча катта клублар нимчорак финалсиз қолиш хавфи остида. Улар орасида “Манчестер Сити” ва ПСЖ каби жамоалар бор. 30 январга ўтар кечаси Чемпионлар лигасида кучли 24 клуб аниқ бўладиган кун. 

“Манчестер Сити” “Брюгге”ни мағлуб этсагина Ҳусановни кейинги босқичда ҳам кўрамиз

Аввало, “шаҳарликлар”нинг Чемпионлар лигасидаги натижалари, эгаллаб турган ўрнига бир қур назар ташласак. Гвардиола шогирдларининг бу мавсум Чемпионлар лигасидаги натижалари аввалгидек эмас. Клуб 7 турда 2 ғалаба, 2 дуранг ва 5 мағлубият билан 8 очко жамғариб, турнир жадвалида 25-ўринни қайд этиб келмоқда. Жамоа 30 январга ўтар кечаси ўз уйида “Брюгге”ни қабул қилади. Кулгили туюлиши мумкин, аммо “Манчестер Сити” учун бу кучли 24 ликка киришга сўнгги имконият. Агар жамоа дуранг ёки мағлубият қайд этадиган бўлса, юришини шу ердаёқ якунлайди. Бу эса клуб тарихидаги Чемпионлар лигасида энг ёмон натижага айланади. Энди ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга тушиш тушмаслигига тўхталсак. UEFA қоидаларига кўра, Ҳусанов клубнинг турнир учун қайдномасига плей-офф босқичидан киради. Агар “Манчестер Сити” бугун ғалаба қозонмаса, Чемпионлар лигаси битта катта клубдан айрилади ва янги футболчилар орасида Абдуқодир Ҳусановни ушбу турнирдаги ўйинларини кўра олмаймиз. Шунинг учун бугунги баҳс “шаҳарликлар” учун ҳаёт-мамот жанги бўлади. Жамоани фақатгина ғалаба қаноатлантиради.

Париж клуби ҳам аутсайдерлар зонасида 

ПСЖ ҳам “Манчестер Сити” каби бу мавсумни муваффақиятсиз ўтказмоқда. Жамоа 7 турдан кейин 3 ғалаба 1 дуранг ва 3 мағлубият билан 10 очко жамғариб, турнир жадвалида 22-ўринни қайд этиб келмоқда. Ҳа, жамоа ҳозирча, кучли 24 жамоа орасида бор. Аммо парижликлар бугун меҳмонда “Штуттгарт”га мағлуб бўладиган бўлса, ўзидан кейинги рақибларини ўтказиб юборади ва нимчорак финалдан қуруқ қолади. Қизиғи шундаки, немис клуби айни дамда кучли 24 ликни якунлаб турибди. Албатта, “Штуттгарт” ҳам кейинги босқич учун борини бериб ўйнайди. 30 январга ўтар кечаси икки клубдан бири нимчорак финалдан қуруқ қолади.

Чорак финалга чиқадиган 8 жамоа ҳам аниқланади

Чемпионлар лигаси янги форматида Арне Слот бошчилигидаги “Ливерпуль” 7 турдан кейин 100 фоизлик натижа кўрсатиб, пешқадамлик қилмоқда ва чорак финалга тўғридан тўғри йўл олмоқда. “Барселона”, “Арсенал”, “Интер”, “Атлетико”, “Милан” ва “Байер” айни дамга келиб, кучли 8 ликни ташкил этмоқда. Бугун мазкур жамоалар ҳам ўз ўйинларини ўтказади ва натижалардан кейин ким қайси ўринда кейинги босқичга ўтишини билиб олади. Қайд этиш керакки, барча ўйинлар бир вақтда яъни 00:55 да старт олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Манчестер Сити ПСЖ Ливерпуль Абдуқодир Ҳусанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг