Ҳукумат, парламент сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашни асосий бурчи деб билиши керак – Сафоев

Жамият

image

“Ўзбекистондаги жараёнлар ортга қайтмайдиган тус олмоқда. Биринчи навбатда Ҳукумат, парламент, фуқаролик жамияти сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, ОАВ ҳуқуқ ва имтиёзларини кафолатлашни ўзининг асосий бурчи ва вазифаси деб билиши керак”. Бу ҳақда бугун, 3 декабрь куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев гапирди. 

Содиқ Сафоев матбуот ва сўз эркинлиги ҳақида нут қиларкан, бунинг ортида, энг муҳими, давлат раҳбарининг сиёсий иродаси турганини урғулади. 

“Бунинг учун, энг муҳими, давлат раҳбарининг сиёсий иродаси бор. Бошидан Президентимиз бизнинг бугунги сиёсатимизни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ва уларнинг янги шакллари – блогерлар ҳақида ниҳоятда муҳим фикрларни илгари сурганлар”, дейди Содиқ Сафоев. 

Давра суҳбатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган маросимдаги нутқидан лавҳа эфирга узатилди. 

“Ўзбекистон очиқ ҳозир. Энди олдингидек чегараларни ёпмаймиз, интернет ёпилмайди. ОАВга яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман. Улар билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди. Катта синовлардан ўтяпмиз. Айримлар ОАВнинг саволларига, ОАВ муҳитини яратишга чидамаяпти. Адолат овозини эшитишни хоҳламаяпти. Лекин мажбур бўлади ёки хайрлашамиз”, деган эди Президент. 

Содиқ Сафоев Президент нутқидан келтирилган иқтибосга “менимча, бу муҳим “message”. Яъни давлатимизнинг аниқ сиёсатини кўрсатмоқда”, дея муносабат билдирди. 

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда ўтган йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар боис халқ ўз ғурурини англай бошлаган. Ҳатто, бугунги блогерлар ва оммавий ахборот воситаларининг қадам олиши, хатти-ҳаракатлари ҳам ана шу ғурурни кўрсатмоқда. 

“Шу борада Ўзбекистон янги дунёда обрў орттирди. Ва бунга эришишда оммавий ахборот воситаларининг роли ниҳоятда катта бўлди. Ахборотдан фойдаланишда ҳуқуқни таъминлаш, миллий ахборот маконида фикрлар хилма-хиллигини барпо этиш ва ривожлантириш бир тарафдан инсон ҳуқуқларига оид масала ва айни пайтда миллий хавфсизликнинг манбаларидан бири ҳисобланади. Шундай ибора бор: сўз эркинлиги – инсон ҳуқуқларининг бошқа турлари учун пойдевор, замин”, дейди Сафоев. 

Маълумот ўрнида, бугун ўтган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари – Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Мак-Грегор, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер ҳам иштирок этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Содиқ Сафоев Сўз ва матбуот эркинлиги

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг