“Ҳукумат бошқа сайёрада яшайди, азизим”. Ижтимоий тармоқдагилар чанг бўрони ҳақида нима демоқда?
Жамият
−
05 Ноябрь 2021
21178Аҳволлар қалай? Ўйлаймизки, уйингизга тўлган чанг, кўзларингизгача ачитиб, мақолаларни ўқишга эринчоқ қилиб қўймаяпти. Сиз каби биз ҳам чангга бурканиб яшашга маҳкуммиз. Офисимизнинг энг озода кўринган, аммо бошқа хоналар каби чангга тўлган маконидан туриб, сизлар билан бир йиғилиб қолган гапларнинг чангини қоқишга аҳд қилдик.
Янги Ўзбекистонда кеча, 4 ноябрь куни юз берган қум бўрони 150 йил давомида кузатилмаган ҳодисадир. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази матбуот котиби Муниса Асилхўжаева маълум қилганди.
Таъкидланишича, республика ҳудудларидаги чанг-ғубор кескин шамоллар оқибатида юзага келган. Ушбу чанг шамол тўхташи билан 15-20 дақиқа оралиғида шаҳарлар бўйлаб тарқалишни бошлаган.
Аввалига сирдарёликлар оҳ чекди. Сўнг шундоқ ҳам City’лар қурилиши, дарахтлар қирилиши, кўллар йўқ қилинишидан мадори битган Тошкент аҳолисининг фиғони фалакка чиқди.
Мутахассислар республикада жорий йилнинг 12 ноябрь кунига қадар ёғингарчиликлар (жанубий вилоятлардан ташқари) кузатилмаслигини тахмин қиляпти. Шу сабабли атмосфера ҳавосидаги чанг-ғуборларнинг яқин кунлар ичида сақланиб қолиш эҳтимоли мавжуд. Демак, ҳали чангли об-ҳавода яна бир неча кун яшашга мажбурмиз. Аммо бу вазиятдан ҳам юқори минбарлардан айтилганидек, иродали, кучли, енгилмас бўлиб чиқамизми ё йўқ, ҳозирча бунга баҳо бериш қийин. Охирги суткада чангли ҳаводан азият чекиб, шифоналарга мурожаат қилаётганлар сони ортиб бормоқда. Уларнинг аксариятини аллергик касаллиги мавжудлар ва кексалар ташкил этади.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказига айланди, десак адашмаган бўламиз. Шу муносабат билан “Qalampir.uz” Ўзбекистондаги бир қатор кўзга кўринган блогер ва журналистларнинг юз бераётган қум-бўрон ҳодисаларига муносабатларини бир саҳифага жамлади.
Қум-чанг бўрони — “Қурилишлар меваси” ёки “Дарахтларнинг кўз ёши”
“Кеча кечаси меҳмондан уйга қайтгунча “Интерстеллар”нинг саундтрекларини оилавий эшитиб келгандик. Ҳозир ишга ҳам Ҳанц аканинг ўша зўр мусиқаларини эшитиб кетяпман, чунки кечадан бери ҳеч нарса ўзгармаган – ҳаммаёқ чанг, камига туман.
Билсангиз керак, Америка ё Жануби-Шарқий Осиёда океан бўйларида бўладиган тўфонларнинг номлари бўлади: энг машҳури — Катрина, шу яқин йилларда бўлган вайронкорроғи — Ирма. Биздаги чанг-қум бўронлари у тўфонлардек кучли эмас (аммо қурилишларимиз сифатсизлигини кўрсатиш учун шугина шамоллар ҳам етарли), лекин алоҳида номи бўлишга лойиқ. Таклиф шуки, шу йўналишда ўз миллий таснифимиз бўлсин (худди японларнинг ҳаммадан алоҳида тайфун номлари бўлгани каби), нима дедингиз?
Масалан, шу кеча-бугунги қум-чанг бўронига “Қурилишлар меваси” ёки “Дарахтларнинг кўз ёши” деб ном берса бўлади (хориждаги каби битта сўзли, битта исмли қилиб, масалан, “Ҳокимхон” деб номласа ҳам бўлади, тўғри; аммо, биринчидан, бунақа қисқа номлар бизга хос эмас, йўқса аллақачон Камбағалликка қарши кураш ва иқтисодий тараққиёт вазирлигини Иқтисодиёт вазирлиги деб қайта номлардик, иккинчидан, қўл билан бигиз қилиб кўрсатиш бағрикенг ўзбек халқига ярашмайди, абстракт нарсалар, номлар, тушунчалар эса — аксинча, узукка кўз қўйгандек).
Шу йўсинда 2022, 2023 ва 2024 йиллардаги бўлажак қум-чанг бўронларига ҳам ном топиб қўйиш мумкин (бугунгисидан ҳам баттар бўлса керак кейингилари). 2022 ва 2023 йилдаги бўронларни қандай номлаш керак билмадиму, лекин 2024 йилгиларини “Ўзбекистоннинг 100 йиллиги” деб атаса бўлади, менимча. Баҳорда бўладиган биринчиси “Ўзбекистоннинг 100 йиллиги-1”, ёздагиси “Ўзбекистоннинг 100 йиллиги-2”, куздагиси “Ўзбекистоннинг 100 йиллиги-3” ва ҳоказо...
“Интерстеллар”ни кўринг, албатта. Тўғри, ҳозирча Сатурн тарафларга учиб кетиш имкони йўқ, лекин шунга қарамай паспорт столлар ишлаяпти, загранпаспортлар узоғи билан икки ҳафтада чиқяпти, авиакассалар билет сотяпти, аэропортларимиздан самолётлар сўлим мамлакатларга ҳамюртларимизни олиб кетяпти...”
Муҳрим Аъзамхўжаев, журналист-блогер
Ҳозирги чангли об-ҳавога мос кино — “Интерстеллар”
“Муҳримнинг юқоридаги фикрларига қўшимча равишда айтмоқчиманки, “Интерстеллар” фильмини ҳали кўрмаган бўлсангиз, албатта, кўринг. Мазза қиласиз. Ҳозирги чангли об-ҳавога айниқса роса мос тушади.
Тасодифни қарангки, бугун тонг саҳарда сира уйқум келмади, қайси хонага кирмай чанг таъқиб қилаверди. Кейин сал чалғиш мақсадида шу фильмни яна бир марта томоша қилдим.”
Хушнуд Худойбердиев, блогер
“Интерстеллар” деган кинони кўрганмисизлар?
Фильм илмий фантастика жанрида суратга олинган. Сюжетига кўра, ер шаридаги экологик вазият ёмонлашиб, инсоният қирилиб кетиш ёқасига келиб қолади. Деҳқонлар етиштирадиган маҳсулотлар тез-тез бўлиб турадиган чанг бўронлари оқибатида ҳалок бўлади.
Бундай вазиятдан чиқиб кетиш, экологияни тузатиш имконияти қолмаганидан кейин олимлар космик кема яратиб, унда саноқли одамларни инсоният учун мос келадиган бошқа планеталарни қидиришга юборишади.
Жуда зўр кино, тавсия қиламан. Фильмнинг бошланиш қисмлари Альбертада олинган экан, уйимиздан ярим соатлик масофада
Фарҳод Файзуллаев, блогер
Ўзбекистонда кузатилаётган чанг бўрони — “экологик фожиа”
“Кеча ва бугун Тошкент ҳамда марказий-ғарбий Ўзбекистонда кузатилаётган чанг бўронини “экологик фожиа” деб аташ мумкин. Лекин бу – келажакда кутиладиган катта ва тез-тез учраб турадиган фожианинг бошланғич сигнали. Ўзбекистон – дунёдаги энг катта қитъа, Евросиё қитъасининг қоқ марказида, ўта қуруқ ва дашт ҳудудда жойлашган. Бу жойлашувнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳам бор.
Ўзбекистон давлатчилиги шундай бўлиши керакки, истиқболдаги экологик муаммоларни англаш, уларнинг олдини олиш ёки салбий жиҳатларини пасайтириш борасида кучли ва асосли ўйланган давлат-жамият сиёсати тайёр туриши керак.
Бу борада, ҳукумат сиёсатидан ташқари, сиёсий партиялар ва уларнинг фракцияларини жиддий қарашлари, дастурлари ва лойиҳалари бўлиши керак. Мисол учун, мана шундай вазиятларда Ўзбекистон Экологик партияси сўз олиб, қилиниши керак бўлган ишларни айтиши, давлатнинг бу борадаги сиёсатини ва жамиятнинг маданиятини қайта тафтиш қилиши керак бўлади. Масалан, ҳозирги холатда Экологик партия бошқа партиялар кун тартибига қуйидаги саволларни қўйиши мумкин эди:
— Чанг бўронининг қанча қисми глобал экология билан, яна қанча қисми минтақавий ва яна қанча қисми Ўзбекистон ичидаги вазият билан боғлиқ? Инсон омили, Ўзбекистондаги дарахт кесишлар, сув танқислиги, экологик сиёсат заифлиги билан қанчалиқ боғлиқ?
— Бу кетишда, 2030, 2040, 2050, 2070 ва ундан кейинги йилларда вазият қандай бўлиши мумкин? Ўша даврда, Ўзбекистонда одамлар нормал яшаши учун бугун нималар қилиш керак? Ўзбекистон аҳолиси экологик қочқинлик таҳдиди остида қолмаяптими? Дунё ҳамжамияти Ўзбекистонга бу борада қандай ёрдам бера олади? Ўзбекистон минтақа давлатлари билан биргаликда нималар қилиши керак? Ва ҳ.к.
Муаммолар — объектив. Уларни эсламасак, улар ғойиб бўлиб қолмайди. Аксинча, кучайиб боради, каттароқ ва кучлироқ ўч олади. Ўзбекистон халқи, давлатчилиги экологик муаммоларга жиддий тайёрланиши керак. Бунинг учун барча масъулиятни фақат ҳукуматга юклаб қўйиш — ечим эмас. Давлат ҳам масъулият ва малакани имкон қадар кенгроқ тақсимлаши керак. Жонли, фаол жамият ва малакали ҳукумат керак. Ўртада кучли ишонч тармоқлари, кучли ҳамкорлик ва ўзаро ишонч зарур. “Интерстеллер” фильмида тасвирланган чангли ва хавфли ҳаёт 21 асрнинг охирида эмас, бизда бугун юз кўрсатиб турибди”
Файзбоғ
Сўлим кўчалари гўзал ва ўзгача тароватли майин чанг билан қопланган Тошкент
“Сусамбил 24”:
Тошкентнинг сўлим кўчалари гўзал ва ўзгача тароватли майин чанг билан қопланди. Қаранг, икки севишган йўлак бўйлаб бир-бирини эркалаб, кийимларини қоқиб-қоқиб, ўзида йўқ хурсанд келмоқда. Қиз йигитга кўзларини ишқаб, кафтлари орасидан жилмайибгина қараб ҳам қўймоқда. Ибо деганлари шу бўлса керак, азиз юртдошлар.
Севинчдан маржон кўзларидан ёш чиқаётган бўлса, не ажаб. Ахир ўзбек халқи кутаётган бахт деганлари шу эмасмиди? Бу чанг кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Ҳар неъматни борида қадрига етайлик, қадрдонлар. Бугун муқаддас жума. Шу кунлар келишига ўз ҳиссасини қўшган, қўшиб келаётган амалдорларимизни масжидларимизда йиғлаб-йиғлаб дуолар қилсак, бирам ярашадики...
Эҳ, меҳрибонларим, бу мавзуда соатлаб гапиришим мумкин эди. Бироқ кўрсатувимизга ажратилган вақт ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сиз билан хайрлашмаймиз. Кейинги чангларда кўришгунча деб қоламиз. Нолимай, ҳасадсиз, севиб-севилиб яшанг, жаннатмакон юртда, ватандошларим.
Зафарбек Солижонов, блогер
“Ҳукумат бошқа сайёрада яшайди, азизим”
Муҳримбой бизни яқин келажакда кутаётган бўлажак қум-чанг бўронларига руҳан тайёрлаган ҳолда, "Интерстеллар" фильмини қайта кўришни тавсия этмоқда.Мен эса классика — “Кин-Дза-Дза”ни кўришга буюраман. Чунки жаноб ПЖ ва малина иштонлилар келажак эмас, бугунги очунимиздир. Айтгандай, “Ҳукумат бошқа сайёрада яшайди, азизим”
“bakiroo”
Hilton’нинг юқори қаватидан туриб чангга ботган Тошкентни томоша қилиш бошқача бўлса керак
“Қўша-қўша City қургунча ҳаво тозалаш мосламаларини тузатганингларда, экологиямиз шунча қурилишдан чиқадиган чанг босимига бардош бера оладими ё йўқми, шуни ўйлаганларингда эди, бу кунлар йўқ эди.
Британияда бўлган ана шундай воқеа ўз вақтида хабар берилмагани учун бош вазир Черчилль эътирозлар қуршовида қолган. Бу воқеа вақти келиб, унинг истеъфо беришига ҳам сабаб бўлган.
Ҳозир давр ва технология бошқа. Хабар беришнинг ўзи камлик қилади. Йиллар давомида қўл қовуштириб ўтириб, City қургунча экологияни ўнглаш керак эди. Хўш, энди қай бирингиз истеъфо берасиз?
Hilton’нинг юқори қаватидан туриб чангга ботган Тошкентни томоша қилиш бошқача бўлса керак а? Айтганча, тепадан шаҳар ҳокимияти кўриняптими?”
Қамариддин Шайхов, журналист
Нимани ўтказиб юбордик?
Қум бўронлари ҳар доим бўлган. Вақти-вақти билан бўлиб турган. Унутилган. Лекин замонавий дунёдагиси анча хавфли? Нега? Сабаби, бу чанг-тўзонлар орасида тузлар ҳам учади, миқдори ҳам анча юқори. Қум-чанг зарарли бўлмаслиги мумкин, лекин туз учса ёмон. Биринчидан, ўсимлик ва дарахтларнинг баргини қоплайди, зарарлайди, қуритади. Қишлоқ хўжалиги муҳим соҳа ҳисобланган Ўзбекистон учун бу жуда жиддий ҳолат.
Бу сафаргисида омадимиз сал келди. Баҳор ёки ёзда эмас, кеч кузда, ўсимликлар уйқуга ҳозирлик кўраётган бир вақтда.Бу муаммо олимлар томонидан анча йиллар аввал башорат қилинган, кўплаб илмий ишлар олиб борилган, ишланмалар таклиф этилганди. Биринчиси, туз учадиган ҳудудларда ўша минтақа ўсимликларини экиш; иккинчиси, тузни учмайдиган ҳолатга ўтказиш.
Бир вақтлар, тахминан, ўн-ўн беш йиллар аввал чўл ўсимлигини қумда ўстириш (суратдаги ўсимлик), ўша ўсимликни бактериялар билан озиқлантириш биотехнологияси ишлаб чиқилган, лекин ишланмалар лабораторияда қолиб кетаверди.
Тузлар ёки оғир металларни бактерия полимерлари ёрдамида “қотириш” (ютиш) ишлари ҳам олиб борилган, жараён ва бу жараёнда қўлланадиган биологик воситаларнинг фундаментал натижалари илмий нашрларда ҳам эълон қилинган:
Бу тузли чанг-тўзонлар ҳали кўп ўзини эслатади. Қайси фаслда қўзғалишига қараб хавф кўлами турлича бўлади. Агар баҳор ёки ёзнинг бошида бўлса, унда иқтисодий зарари жуда катта бўлади. Бутун бошли далалардаги ўсимликлар, дарахтлар хавф остида қолади. Жиддий масала шуки, биз потенциал туз заҳираси марказида жойлашганмиз.
Юқорида ҳам эслатдим, муаммо бир кунда юзага келмади. Ечими бор, яна янгилари таклиф этилиши мумкин бўлган ҳолда, буни назардан четда қолдирдик.
Ечим борми?
Ечим бор, илмий асосланган. Биринчидан, бир йиллик, арзон тушадиган ўсимлик қопламини ҳосил қилиш. Ўсимликлар номенклатураси, чўлда озиқлантириш биотехнологияси маълум.
Иккинчидан, ўша тузларни арзонга тушадиган биоматериаллар (олиш усули маълум) билан қотириш.Эсдан чиқармайлик, бу каби экологик таҳдидлар бор ва биз келажакда кўп юзлашамиз.
Бахтиёр Абдуғафур
Эҳ, айтаман десам гап, қиламан десам иш кўп...
Тунда Бухорода эдим, чанг бўрони ичида қолдим, сўнг Навоийга қайтдим, таксичи “икки соат олдин чанг бўрони бўлди” деди. Деярли ҳамма вилоятларда кўтарилибди. Глазгода дунё мамлакатлари етакчилари куйиб-пишиб иқлим ўзгаришининг олдини олиш, оқибатларига мослашиш ҳақида гапиришяпти. Олдини олиш – бу ҳавога камроқ ис газларини чиқариш (бизда бунинг тескариси назаримда). Корхоналар тунда фильтрларини олиб, заҳарли газларини ҳавога чиқаришади (фильтр қиммат, одамлар чанг ва заҳар ютишса, нима қилибди? Зато, валюта келишга ишланади, машҳур атомобиль заводимиз фақат атрофни заҳарлайдиган бензинда юрадиган машиналарни чиқаради, экомобиль режалаштирилмаган ҳам). Дарахтлар кесилиши, улар экилса, парваришламасликни айтмасам ҳам бўлади. Иқлим ўзгаришининг оқибати: биз сув ичиб суғорадиган дарёлар музликларнинг эриб тугаши оқибатида қурийди (бунга яқин қолди). Ҳозирданоқ сувни тежамасак, ифлослантирмасак, машиналаримизни ичимлик сувига ювмай, сувни қайта тозалашни фақат Тошкент ва йирик шаҳарларимизда эмас, ҳамма аҳоли пунктларида амалга ошириш зарур. Қишлоқ хўжалигида тўлиқ сувни тежовчи технологияларга ўтиш керак. Эҳ, айтаман десам гап, қиламан десам иш кўп...
Наргис Қосимова, журналист-экология фаоли
Азизбек Наҳанов
LiveБарчаси