Ҳусийлар Тель-Авивдаги аэропортга ҳужум қилди
Олам
−
23 Март
7563Ямандаги ҳусийлар ҳаракати тарафдорлари бугун, 23 март куни Тель-Авивдаги Бен Гурион аэропортига гипертовушли баллистик ракета ёрдамида ҳужум уюштирди. Бу ҳақда ҳусийлар тузган қуролли кучлар вакили Яҳё Сария баёнот берди.
“Қуролли кучларнинг ракета кучлари босиб олинган Яффа (Тель-Авивни назарда тутади) ҳудудидаги Бен Гурион аэропортига “Палестина-2” гипертовушли баллистик ракетаси ёрдамида зарба берди”, деди Сария ҳусийлар назоратидаги “Al Masirah” телеканали эфирида.
Унинг баёнотига кўра, ҳусийларнинг операцияси “ҳаво қатновининг 30 дақиқадан кўпроқ вақтга тўхтатилишига” олиб келган.
Бугун, 23 март куни эрталаб ЦАХАЛ матбуот котиби Исроил Қуролли кучлари Ямандан учирилган ракетани мамлакат ҳаво ҳудудига кирмасдан олдин тутиб олганини маълум қилганди. Бир қанча ҳудудларда ҳаво ҳужуми сиреналари ишга туширилган.
Ғазо секторидаги можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар ҳаракати Исроил ҳудудини ўққа тутиб, унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғозларидан ўтишига тўсқинлик қилишини айтди.
Шу йил январь ойи ўрталарида Ғазода сулҳ эълон қилинганидан сўнг ҳусийларнинг ҳужумлари тўхтатилди, бироқ март ойи бошида сулҳ бекор бўлгач, улар аввалига Қизил денгиздаги Исроил кемаларига ҳужумлар қайта бошланганини эълон қилди ва кейин яна Исроил ичидаги нишонларга ракета билан ҳужум қилишга урина бошлади.
LiveБарчаси