Ҳомиладор аёлни туғруқхонага қабул қилмаган тиббиёт ходимлари “учди”

Жамият 14213
image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар 1-сон туғруқ комплексига ҳомиладор аёлини олиб келган турмуш ўртоғи томонидан суратга олинган видеоматериал пайдо бўлди. Унда айтилишича, ҳомиласи етилиб, туғруқ оғриқлари бошланган бўлса-да, аёлни ушбу тиббиёт муассасасига қабул қилишмаган ҳамда унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, туғруқхонадаги вазият бўйича Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев туғруққа ихтисослашган шаҳар ва республика тиббиёт муассасалари бош врачлари иштирокида тезкор йиғилиш ўтказган.

Унда соғлиқни сақлаш тизимининг обрўйига путур етказиши мумкин бўлган бундай салбий ҳолатлар кескин танқид қилиниб, бошқа уни такрорланмаслиги бўйича қатъий огоҳлантиришлар берилган, вазиятга ойдинлик киритилиб, айбдорларга тегишлича чоралар кўрилиши таъкидланган.

Вазият Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан ўрганилиб, қуйидагилар маълум қилинган. Ҳомиладор аёл О.С. 2000 йилда туғилган бўлиб, Самарқанд вилояти, Иштихон туманида доимий рўйхатда туриб, ҳозирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилади.

Дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу воқеа тарқалган хабарларда айтилганидек, 5 май куни эмас, шу йилнинг 29 апрель куни содир бўлган. Шу куни соат 04:25 да аёлни турмуш ўртоғи Х.М. туғруқ оғриқларидан шикоят қилгани учун Тошкент шаҳар 1-сон туғруқ комплексига олиб келган. Навбатчи шифокор аёлни кўрикдан ўтказиб, “Ҳомиладорлик 1, 41-хафта. Туғруқнинг 1-даври латент фазаси” ташхисини қўйган.

Аммо аёлнинг алмашув варақасида Янгийўл тумани 69-сон қишлоқ шифокорлик пунктида рўйхатда турганини инобатга олиб, дислокация бўйича Янгийўл тумани туғруқ комплексига ёки Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникасидаги туғруқ бўлимига бориш тавсия қилинган. 

Шу куни соат 5:40 лар атрофида ҳомиладор аёл турмуш ўртоғи томонидан чақирилган тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси туғруқ бўлимига олиб борилган ва у ерда “Ҳомиладорлик 1, 41 хафта. Туғруқнинг 1-даври” ташхиси билан қабул қилинган. 2021 йил 29 апрель куни соат 7:40 да оғирлиги 3700 гр бўлган қиз дунёга келган. Туғруқдан кейинги давр асоратсиз ўтган. Шу йилнинг 3 май куни аёл фарзанди билан аҳволи қониқарли ҳолатда уйига жавоб берилган.

Ушбу вазият юзасидан ўзи масъул бўлган йўналишда шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрмагани учун Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари Р.Ҳаитбоева билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. 

Тиббиёт муассасасида ушбу қўпол ҳолатга йўл қўйилгани учун ушбу туғруқ комплекси бош шифокори Р. Алимжанова ҳам эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Шунингдек, ўз ишига совуққонлик билан қарагани ва ҳомиладор аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатмагани учун қатор тиббиёт ходимларига ҳам тегишли чоралар кўрилган 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 697
Рейтинг: 3
Теглар
t
×