Ҳокимлик ва вазирликларда телефонларга жавоб берилмайди – Сафоев
Жамият
−
26 Август 2019
7922Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 23-24 август кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 21-ялпи мажлисида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб нутқ сўзлаган эди. У мамлакатда инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи аниқ қонун йўқлигини айтиб, бу давлатнинг инвестициявий нуфузига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этди.
Сафоев нутқида давом этаркан, вазирликлар, ҳокимликлар ва давлат ташкилотларида бизнес этика йўқлигини айтди. Бу эса оддийгина қўнғироқларга жавоб бермаслигида кўринишини маълум қилди.
“Хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар учун қабул қилинган қарорлар айрим ҳолатда бажарилмаётгани ҳақида кўпгина танқидий мисоллар келтирилмоқда. Тушунамиз, вазият ўзгарган бўлиши мумкин. Янги таклифлар пайдо бўлиши ҳам мумкин. Лекин қарор қабул қилдикми, лафз бор. Буни ё тушунтиришимиз керак, ё муросага келишимиз керак. Улар берган хатларга жавоб берилмаяпти, ҳокимлик ва вазирликларда телефонлар олинмайди. Телефонга жавоб бермаслик – бу бизнес этиканинг йўқлигидан далолат беради”, дейди Сафоев.
Шавкат Мирзиёев Президент ўлароқ фаолият бошлаган илк кунларданоқ мамлакатда инвестициявий муҳитни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий инвесторларга шароит яратиб бериш, уларга ҳуқуқий кафолат бериш масаласини бирламчи вазифа сифатида қўйди. Кўплаб мамлакатлар фуқаролари учун виза режими бекор қилинди. Давлат хусусий шерикчилик тизимини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича қатор қарорлар имзолади. Инвестицияга давлат сиёсати даражасида қаралса-да, айрим маҳаллий ҳокимликлар ва давлат ташкилотларида Президент топшириқлари бажарилмаяпти, инвесторлар билан мулоқот ўрнатилмаган. Содиқ Сафоев нутқида бунга ҳам тўхталиб, инвесторлардан қочиб юриш, яхшиликка олиб келмаслигини айтди.
“Вақтни чўзиб, бу масалалар ўзидан ўзи ечилиб кетади, деган фикр нотўғри. Қочиб юриш – бу нотўғри сиёсат. Биринчидан, хорижий инвесторларга салбий сигнал беради, иккинчидан, бир кунмас бир кун бу жуда катта муаммоларга олиб келиши муқаррар”.
LiveБарчаси