Ҳокимлик Қибрайдаги қулупнай даласи нега пайҳон қилинганини айтди

Жамият 29081
image
-

Аввалроқ, Қибрай туманида 9 гектар майдондаги пишган қулупнай бульдозерда бузилиб, вайрон қилингани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат бўйича Қибрай тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, ушбу видеолавҳада кўрсатилган ер майдони “Чинкелди” МФЙ Янгиобод қишлоғи М.Бехбудий кўчасида жойлашган “Саидвали ҳожи” фермер хўжалигига тегишли бўлиб, жами 20,9 гектарлик майдоннинг 8 гектарига (видеода 9 гектар дейилган) қулупнай экилган. 

“Саидвали ҳожи” фермер хўжалиги ер майдонларидан экин экиб фойдаланиш учун деҳқонлар билан ўзаро оғзаки ( ҳеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирилмаган) келишувга асосан иккиламчи ижарага берилган.

“Фермер хўжалигининг ер майдонлари давлат эҳтиёжлари учун олинганлиги (олдиндан огоҳлантириш хатлари берилган) муносабати билан фермер хўжалигига етказилган зарар белгиланган тартибда қоплаб берилади.

Ушбу маблағлар фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказилгандан сўнг, фермер хўжалиги билан иккиламчи ижарада фойдаланиб келган деҳқонларга келтирилган зарарни қоплаш “Саидвали ҳожи” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилиши бўйича далолатнома расмийлаштирилган.

Келтирилган зарарни қоплаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан қўшимча ахборот берилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Ҳокимлик фермернинг ерини давлат эҳтиёжи учун олган бўлса, нега деҳқонларга ҳосилини йиғиб олишига қўйиб бермади. Ахир бу ҳам давлатнинг “чўнтагига”, ҳам миришкор деҳқонга фойда бўлардику. Энг камида давлат деҳқоннинг пайҳон қилинган ҳосили учун фермерга қўшимча маблағ тўламаган бўлармиди? Давлат идоралари “саллани олиб кел деса, каллани олиб келиш”дан қачон воз кечаркин?

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1874
Рейтинг: 3
t
×